Закариё 1:1–21

  • Яҳовага қайтишга даъват (1–6)

    • «Менга қайтинглар, шунда Мен ҳам сизларга қайтаман» (3)

  • Биринчи ваҳий: мирта дарахтлари орасида турган отлиқ (7–17)

    • «Яҳова Сионни яна юпатади» (17)

  • Иккинчи ваҳий: тўртта шох ва тўртта уста (18–21)

1  Доро* ҳукмронлигининг иккинчи йили+, саккизинчи ойида, Иддонинг невараси Бархиё ўғли Закариё* пайғамбарга+ Яҳова қуйидаги сўзларни аён қилди:  «Яҳова ота-боболарингиздан қаттиқ ғазабланган эди+.  Уларга айт: “Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Менга қайтинглар,— деб айтмоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова, — шунда Мен ҳам сизларга қайтаман”+,— деб айтмоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова”.  Ота-боболарингиз сингари бўлманглар. Ўтмишда пайғамбарлар: “Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Илтимос, ёмон йўлларингиздан қайтиб, ёвуз ишларингизни ташланглар”,— деб уларга эълон қилишган+. “Аммо улар Менга қулоқ ҳам солмадилар, эътибор ҳам бермадилар”+,— демоқда Яҳова.  “Ҳозир ота-боболарингиз қаерда?! Пайғамбарлар абадий яшаганми?!  Хизматкорларим бўлмиш пайғамбарлар орқали айтган сўзларим ва фармонларим амалга ошганини ота-боболарингиз кўрмадими?!+ Шунда улар Менга қайтиб: “Қўшинлар Сарвари Яҳова юрган йўлларимиз ва қилган ишларимизга яраша қандай йўл тутишини айтган бўлса, шундай қилди”+,— деб тан олишди».  Доро ҳукмронлигининг иккинчи йили+, 11- ойи, яъни шебат* ойининг 24- кунида Иддонинг невараси Бархиё ўғли Закариё пайғамбарга Яҳованинг сўзлари аён бўлди:  «Мен кечаси ваҳий кўрдим. Ваҳийда қизил отга минган киши дарадаги мирта дарахтлари орасида турган экан. Унинг орқасида қизил, қизғиш-жигарранг ва оқ отлар бор эди.  Шунда мен: “Тақсирим, булар ким?” — деб сўрадим. Мен билан гаплашаётган фаришта жавобан деди: “Улар кимлигини сенга кўрсатаман”. 10  Сўнг мирта дарахтлари орасида турган киши деди: “Яҳова бу одамларни ер юзини айланиб чиқишга юборган эди”. 11  Шунда улар мирта дарахтлари орасида турган Яҳованинг фариштасига: “Биз ерни айланиб чиқдик. Бутун ер юзида тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда”+,— дейишди. 12  Яҳованинг фариштаси шундай деди: “Эй, Қўшинлар Сарвари Яҳова, қачонгача Қуддус ва Яҳудо шаҳарларидан раҳм-шафқатингни дариғ тутасан?+ Мана 70 йилдирки, Сен улардан ғазабланяпсан!+ 13  Яҳова мен билан гаплашаётган фариштага меҳр ва тасалли берувчи сўзлар ила жавоб қайтарди. 14  Кейин мен билан гаплашаётган фаришта менга деди: “Эълон қил: “Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Қуддус ва Сионни қаттиқ севиб, улар учун қайғуряпман+. 15  Бепарво халқлардан қаттиқ ғазабланяпман+. Мен халқимни озгина жазоламоқчи эдим+, улар эса халқимни кўп қийнашди+”. 16  Шу сабабли Яҳова айтмоқда: “Мен Қуддусга раҳм-шафқат кўрсатиш учун қайтаман+ ва уйим ўша ерда қайта қурилади+,— демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова, — ўлчов ипи Қуддус устидан тортилади”+. 17  Яна бундай деб эълон қил: “Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Менинг шаҳарларим яна яхшилик билан тўлиб-тошади. Яҳова Сионни яна юпатиб+, Қуддусни яна танлайди”+». 18  Сўнг юқорига қарадим ва тўртта шохни+ кўрдим. 19  Кейин мен билан гаплашаётган фариштадан сўрадим: «Бу шохлар нимани билдиради?» Фаришта эса: «Бу — Яҳудо+, Исроил+ ва Қуддусни+ тўзғитиб юборган шохлар»,— деб жавоб қайтарди. 20  Сўнг Яҳова менга тўртта устани кўрсатди. 21  Мен эса: «Улар нима қилиш учун келишяпти?» — деб сўрадим. У: «Шохлар Яҳудони шу даражада тўзғитиб юборган эдики, ҳеч ким бошини кўтара олмади. Бу усталар Яҳудони тўзғитиб юбориш учун шохларини кўтарган халқларни қўрқитгани ва улоқтириб ташлагани келишяпти»,— деб жавоб қайтарди.

Изоҳлар

Доро І ёки Буюк Доро.
Маъноси «Яҳова эслади».