Закариё 8:1–23

  • Яҳова Сионга тинчлик ва ҳақиқатни беради (1–23)

    • «Қуддус ҳақиқат шаҳри» (3)

    • «Бир-бирингизга ҳақиқатни гапиринглар» (16)

    • Рўза кунлари байрамга айланади (18, 19)

    • Яҳовани изланг (21)

    • Ўн киши яҳудийнинг кийимидан ушлаб олади (23)

8  Қўшинлар Сарвари Яҳова Ўз сўзларини яна аён қилди: 2  «Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Мен Сионни ғайрат ила, кучли ғайрат ила ҳимоя қиламан+. Мен ниҳоятда ғазабланиб, уни ғайрат ила ҳимоя қиламан”. 3  Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Мен Сионга қайтаман+ ва Қуддусни макон қиламан+. Қуддус ҳақиқат* шаҳри+, Қўшинлар Сарвари Яҳованинг тоғи — муқаддас тоғ деб аталади”+. 4  Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Чолу кампирлар яна Қуддус майдонларида ўтиришади. Ёши улуғ бўлгани туфайли ҳар бирининг қўлида ҳассаси бўлади+. 5  Шаҳар майдонлари ўйнаб юрган ўғил-қизларга тўла бўлади”+. 6  Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Бу халқнинг омон қолган кишиларига буларнинг бари имконсиздай туюлса ҳам, Мен учун имконсиз эмас”,— деб эълон қилмоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова. 7  Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Мен халқимни ғарб ва шарқдаги юртлардан қутқараман+. 8  Мен уларни олиб келаман ва улар Қуддусда яшайди+. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг ҳақ* ва одил Худоси бўламан”+. 9  Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Қўшинлар Сарвари Яҳованинг уйини, маъбадни қуриш учун пойдевор қўйилган кунда айтилган сўзларни бугун пайғамбарларнинг+ тилидан эшитаётган сизлар, жасоратли бўлинг!+ 10  Бундан олдин на инсоннинг, на ҳайвоннинг меҳнати учун ҳақ тўланарди+. Душманлар дастидан ҳеч ким хотиржам келиб кетолмасди, чунки Мен одамларни бир-бирига қарши қилиб қўйгандим”. 11  Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Бироқ энди бу халқнинг омон қолганларига илгаригидай муносабатда бўлмайман+. 12  Чунки тинчлик уруғи экилади, ток ўз мевасини, ер ҳосилини+, осмон эса шудрингини беради. Бу халқнинг омон қолганларига шуларнинг барини мерос қилиб бераман+. 13  Эй Яҳудо ва Исроил хонадони, сизларни қутқараман. Сизлар халқлар орасида қарғишга айланган эдингиз+, аммо энди барака манбаи бўласизлар+. Қўрқманглар!+ Жасоратли бўлинглар!”+ 14  Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Ота-боболарингиз Мени ғазаблантиргани учун уларнинг бошига мусибат келтиришга қарор қилдим — демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова — ва бундан афсусланмадим+. 15  Ҳозир эса, Қуддусга ва Яҳудо хонадонига яхшилик қилишга қарор қилдим+. Шунинг учун қўрқманглар!”+ 16  “Мана қандай йўл тутишингиз керак: бир-бирингизга ҳақиқатни гапиринглар+, шаҳрингиз дарвозаси олдида чиқарган ҳукмларингиз ҳақиқатга мувофиқ бўлсин ҳамда тинчлик келтирсин+. 17  Қалбингизда бир-бирингизга ёмонлик қилишни режалаштирманглар+, ёлғон қасам ичманглар*+. Мен буларнинг баридан нафратланаман”+,— демоқда Яҳова». 18  Қўшинлар Сарвари Яҳова Ўз сўзларини менга яна аён қилди: 19  «Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Тўртинчи+, бешинчи+, еттинчи+ ва ўнинчи+ ойлардаги рўза кунлари Яҳудо хонадони учун шодиёна, қувончли ҳодиса, байрам бўлади+. Шу боис ҳақиқат ва тинчликни севинглар!” 20  Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Халқлар ва кўпгина шаҳарларнинг аҳолиси келадиган пайт ҳали бўлади. 21  Бир шаҳар аҳолиси бошқа шаҳарга бориб: “Келинглар, Яҳовадан марҳамат кўрсатишини сўрагани ва Қўшинлар Сарвари Яҳовани излагани борайлик. Биз ҳам борамиз!” — дейишади+. 22  Кўплаб халқлар ва қудратли миллатлар Қўшинлар Сарвари Яҳовани излагани ва Яҳовадан марҳамат кўрсатишини сўрагани Қуддусга келишади”+. 23  Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Ўша кунларда барча халқлардан бўлган, турли тилларда гапирадиган ўн киши+ бир яҳудийнинг кийимидан* ушлаб олади. Ҳа, маҳкам ушлаб олиб: “Биз сиз билан борамиз+, чунки Худо сизлар билан эканини эшитдик”+,— дейишади”».

Изоҳлар

Ёки «садоқат».
Ёки «содиқ».
Сўзма-сўз «ёлғон онт ичишни севманглар».
Ёки «кийимининг этагидан».