Зафаниё 3:1–20

  • Қуддус, исёнкор ва бузуқ шаҳар (1–7)

  • Ҳукм ва қайта тикланиш (8–20)

    • Соф тил ато этиши (9)

    • Камтар ва хокисор инсонлар қутқарилади (12)

    • Яҳова Сион учун шод-хуррам бўлади (17)

3  Исёнкор, ифлос, зулмкор шаҳарнинг+ ҳолига вой!   У ҳеч кимга қулоқ солмади+, панд-насиҳатни қабул қилмади+. У Яҳовага таянмади+, Худосига яқинлашмади+.   Унинг беклари бўкираётган шерлар+, Ҳакамлари тунда изғиб юрадиган бўрилардир.Улар тонг отгунча ғажигани ҳатто битта суяк қолдирмайди.   Унинг пайғамбарлари сурбет, хоин кишилардир+. Унинг руҳонийлари муқаддас нарсани булғайди+.Улар қонунни бузади+.   Шаҳарда макон қурган Яҳова одил+, У ноҳақлик қилмайди. Ҳар тонг У ҳукмларини эълон қилади+.Ҳукмлари тонг шафағидай ҳамиша бор. Адолатсиз кишилар эса уятни билмайди+.   «Мен халқларни йўқ қилдим, уларнинг девор бурчакларидаги миноралари бўш қолди. Кўчаларини кимсасиз қолдирдим, улардан ҳеч ким юрмайди. Уларнинг шаҳарлари харобага айланди, у ерда инсон зоти қолмади+.   Бу барча ишлари учун Мен уни жавобгарликка тортганимда, Яшаш жойи бузилиб кетмасин деб+,Унга: “Мендан қўрқиб, панд-насиҳатни* қабул қил”+,— дедим. Аммо улар жон-жаҳди билан разил ишлар қилишга интиларди+.   Яҳова шундай демоқда: “Талон-торож қилишга келмагунимча*,Мени кутинглар*+.Чунки Менинг ҳукмим халқлар ва шоҳликларни йиғиб,Нафратимни, оташин ғазабимни уларнинг устига тўкишдан иборат+.Рашк ўтим бутун ер юзини ютиб юборади+.   Ўшанда Мен халқларга соф тил ато этаман,Токи уларнинг бари Яҳова исмини чақириб,Унга елкама-елка хизмат қилсин*+. 10  Ҳабашистон дарёлари ҳудудиданМенга ёлворган, тарқалиб кетган халқимнинг қизи Менга ҳадя келтиради+. 11  Исён кўтариб Менга қарши қилган барча ишларингданЎша куни уялиб қолмайсан+.Чунки Мен кеккайган мақтанчоқларни ичингдан йўқ қиламан.Энди ҳеч қачон Менинг муқаддас тоғимда кеккаймайсан+. 12  Сенинг ичингда камтар ва хокисор инсонлар қолишига изн бераман+. Улар Яҳовадан паноҳ топадилар. 13  Исроил халқининг омон қолганлари+ асло адолатсизлик қилмайди+.Улар ёлғон гапирмайди, тилида ҳийла бўлмайди.Улар еб тўйиб, чўзилиб ётади ва ҳеч ким уларни қўрқитмайди»+. 14  Эй Сион қизи, хурсандчиликдан ҳайқир! Эй Исроил, ғолибона ҳайқир!+ Эй Қуддус қизи+, шодланиб чин дилдан қувон! 15  Яҳова сенга қарши чиқарган ҳукмларни бекор қилди+. У душманингни қувиб юборди+. Исроил Шоҳи — Яҳова сен билан+. Бундан буён офатдан қўрқмайсан+. 16  Ўша куни Қуддусга шундай дейилади: «Эй Сион, қўрқма+. Қўлларинг бўшашмасин. 17  Тангринг Яҳова сен билан+. У қудратли Худо, сени қутқаради. У сен учун беҳад қувонади+. Сенга севгисини намоён этиб, мамнуният ҳис қилади. У сен учун шод-хуррам бўлиб, қувончдан ҳайқиради. 18  Байрамларингни соғиниб, қайғуриб юрганларни бирга йиғаман+.Улар шарманда бўлгани учун сендан узоқда эди+. 19  Ўшанда сенга жабр-зулм ўтказаётган барчага қарши чиқаман+,Оқсаётганларни қутқараман+.Тарқалиб кетганларни бирга йиғаман+. Шармандаликда яшаган юртларнинг ҳаммасида,Уларни шон-шарафга эриштираман. 20  Ўшанда сизларни юртингизга қайтариб олиб келаман,Сизларни бирга йиғаман. Кўз ўнгингизда асир бўлган одамларингизни қайтариб олиб келганимда,Сизларни ер юзидаги барча халқлар ичида шон-шарафга эриштираман+»,— демоқда Яҳова+.

Изоҳлар

Ёки «тузатишни».
Бошқа вариант «Гувоҳ сифатида келмагунимча».
Ёки «сабр билан кутинглар».
Ёки «Унга бирликда топинсин».