Ибронийларга 10:1–39

  • Ҳайвонларнинг қурбонликлари гуноҳдан поклай олмайди (1–4)

    • Таврот келажакдаги баракаларнинг соясидир (1)

  • Масиҳнинг қурбонлиги биратўла поклайди (5–18)

  • Янги ҳамда тирик йўл (19–25)

    • Йиғилишларимизни қолдирмайлик (24, 25)

  • Атайлаб гуноҳ қилишдан огоҳлантириш (26–31)

  • Имон ва ишонч (32–39)

10  Таврот келажакдаги баракаларнинг+ ўзи эмас, соясигина+ бўлгани учун, йилдан-йилга доим қурбонликлар келтириш орқали Таврот* Худога ишонадиганларни камолотга эриштира олмайди+. 2  Акс ҳолда, қурбонликларни келтириш бас қилинмасмиди? Зеро муқаддас хизматни бажо келтираётганлар биратўла покланиб, гуноҳлари борлигини сезмас эдилар. 3  Бироқ бу қурбонликлар орқали йилдан-йилга гуноҳлар борлиги эсга солиниб турибди+. 4  Ахир буқалару эчкиларнинг қони билан гуноҳларни йўқ қилиш имконсиздир. 5  Шу сабабли, Масиҳ дунёга келганида, Аллоҳга шундай деди: «“Сен қурбонликлару назрларни истамадинг, лекин менга тана тайёрлаб қўйдинг. 6  Бутунлай куйдириладиган қурбонликлару гуноҳ қурбонликларини Сен хуш кўрмадинг”+. 7  Шунда бундай дедим: “Қара, мен Сенинг иродангни бажариш учун келдим, эй Тангрим+ (ўрама битикда мен ҳақимда ёзилган)”». 8  Аввал у: «Сен қурбонликлару назрларни, бутунлай куйдириладиган қурбонликлару гуноҳ қурбонликларини хуш кўрмадинг ва истамадинг»,— деди. Чунки улар Таврот бўйича бахшида этиларди. 9  Кейин эса у: «Қара, мен Сенинг иродангни бажариш учун келдим»+,— деб айтди. Шу тариқа, у иккинчисини ўрнатиш учун, биринчисини бекор қилди. 10  Ана шу «ирода»+ бўйича Исо Масиҳнинг танаси биратўла қурбон қилиниши орқали биз муқаддас бўлдик+. 11  Шунингдек, ҳар бир руҳоний муқаддас хизматни адо этиб+, ўша-ўша қурбонликларни келтириш учун кун сайин ўз жойини эгаллайди+. Боиси, улар ҳеч қачон гуноҳларни бутунлай бартараф қила олмайди+. 12  Аммо Исо гуноҳларни ювиш учун битта абадий қурбонлик келтириб, Аллоҳнинг ўнг томонига ўтирди+. 13  Ўша пайтдан бошлаб, Худо унинг душманларини оёқлари остига курси қилишини кутмоқда+. 14  Зеро у битта қурбонлик билан муқаддас бўладиган кишиларни абадий камолотга эриштирди+. 15  Муқаддас руҳ ҳам ушбу сўзлар билан бизни бунга ишонтирмоқда: 16  «“Ўша кунлардан кейин улар билан қиладиган аҳдим қуйидагича бўлади,— демоқда Яҳова*. — Қонунларимни уларнинг онгига солиб, қалбларига ёзиб қўяман”»+. 17  Кейин эса: «Уларнинг гуноҳларини ҳамда қонунсиз ишларини асло ёдга олмайман»+,— деб айтди. 18  Тангри бу гуноҳларни кечирган жойда қурбонлик келтиришнинг ҳожати йўқ. 19  Шу сабабли, биродарлар, биз Исонинг қони орқали Энг муқаддас хонага олиб борадиган йўлдан+ қўрқмасдан фойдаланяпмиз. 20  Исо бу янги ҳамда тирик йўлни бизга парда+, яъни ўзининг танаси орқали очди. 21  Худонинг хонадони устидан қўйилган улуғ руҳоний бор экан+, 22  юрагимизни ва булғанган виждонимизни тозалаб*+ ҳамда танамизни тоза сувда ювиб+, Аллоҳга бутун қалбимиз ва тўла ишонч билан яқинлашайлик. 23  Келинглар, тинмай ва иккиланмай умидимизни ҳаммага эълон қилайлик+, зеро ваъда берувчи ишончлидир. 24  Шунингдек, севишга ва эзгу ишлар қилишга+ ундаш учун бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик*. 25  Баъзиларнинг одатидек, йиғилишларимизни қолдирмайлик+. Аксинча, ўша куннинг яқинлашиб қолганини кўриб турган эканмиз+, бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик+. 26  Борди-ю, ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлгандан кейин ҳам атайин гуноҳ қилаверсак+, гуноҳларни ювадиган бошқа қурбонлик қолмайди+. 27  Бунинг ўрнига, ҳукмни қўрқув билан кутиш ва Тангрига қарши чиққанларни йўқ қилишга тайёр турган оловли қаҳр қолади, холос+. 28  Мусонинг Таврот китобидаги қонунни бузган ҳар бир киши икки ёки уч кишининг гувоҳлиги асосида ўлдирилиб+, унга шафқат қилинмайди. 29  Агарда кимдир Худонинг Ўғлини оёқ ости қилса, уни муқаддас қилган аҳд қонини+ оддий деб билса, иноят руҳини менсимай ҳақоратласа, у қанчалик оғир жазога лойиқ деб ўйлайсизлар?+ 30  «Қасос Меники, уларнинг жазосини Мен бераман»,— деб ким айтганини биз биламиз. У яна: «Яҳова* халқини ҳукм қилади»+,— деган. 31  Дарҳақиқат, барҳаёт Аллоҳнинг қўлига тушиш даҳшатлидир. 32  Илгариги кунларингизни эсланглар. Ҳақиқатни таниб-билгандан сўнг+ сизлар қаттиқ курашда азоб чекиб, бардош бердингизлар. 33  Сизлар гоҳ эл-юртнинг олдида* ҳақорату қийинчиликларга дуч келдингизлар, гоҳ шундай аҳволга тушганларнинг азобларига шерик бўлдингизлар. 34  Устига-устак, сизлар қамоқда ўтирган биродарларга ҳамдардлик кўрсатгансизлар ҳамда мол-мулкингизни талон-торож қилишганда, буни қувонч билан қабул қилгансизлар+. Боиси, ундан ҳам яхшироқ, абадий меросингиз борлигини билар эдингизлар+. 35  Шундай экан, жасорат билан гапиришни бас қилманглар, чунки бу улуғ мукофот келтиради+. 36  Тангрининг иродасини бажариб, ваъда этилган нарсаларга эришиш учун сабр-бардошли бўлишингиз керак+. 37  Зеро «яна бир оз»+ ва «келаётган келади, кечикмайди»+. 38  «Менинг одил хизматчим имони туфайли яшайди»+. Аммо «у орқага чекинса, ундан рози бўлмайман»+. 39  Биз эса ҳалок бўлиш учун орқага чекинадиганлардан эмасмиз+, балки жонимизни* сақлаш ниятида имонга эга бўлганларданмиз.

Изоҳлар

Бошқа вариант «одамлар».
Сўзма-сўз «сачратиб», яъни Исонинг қонини.
Ёки «бир-биримизга эътиборли бўлайлик».
Сўзма-сўз «театрдаги томошадек».
Ёки «ҳаётимизни».