Ибтидо 19:1–38
19 Кеч кирганда, иккала фаришта Садўмга етиб келди. Бу пайт, Лут Садўм дарвозаси ёнида ўтирган эди. Лут уларни кўргач, қарши олиш учун ўрнидан турди-да, ергача эгилиб уларга таъзим қилди+.
2 У: «Жаноблар, мен хизматкорингизнинг уйига кириб, ётиб қолинглар. Келинглар, оёқларингизни ювиб қўйишади. Эртага барвақт туриб, йўлингизда давом этасизлар»,— деб айтди. Бунга улар: «Раҳмат, биз шаҳар майдонида тунаб қоламиз»,— дейишди.
3 Бироқ Лут ҳадеб қистайвергани учун, улар биргаликда унинг уйига боришди. Лут улар учун дастурхон ёзиб, хамиртурушсиз нон пишириб олиб келди ва улар тановул қилишди.
4 Улар ухлагани ётмоқчи бўлганларида, Садўмнинг барча эркаклари — шаҳардаги бутун ёшу қари бир тўда бўлиб олиб, уйнинг атрофини ўраб олишди.
5 Улар Лутга: «Кечқурун уйингга келган кишилар қани? Уларни бу ёққа олиб чиқ. Биз улар билан кўнгилхушлик* қиламиз»+,— дея ҳайқира бошлашди.
6 Лут уларнинг олдига чиқди-да, ортидан эшикни ёпиб қўйди.
7 Кейин у қуйидагиларни айтди: «Илтимос, биродарлар, ёмонлик қилманглар.
8 Менинг иккита бокира қизим бор. Уларни сизларнинг олдингизга чиқариб берай. Улар билан истаганингизни қилинглар. Фақат бу кишиларга тегманглар, чунки улар менинг уйимдан паноҳ топган меҳмонлар бўлади»+.
9 Бунга улар: «Нари тур!» — дейишди-да, сўнг: «Ўзи бу ерда бир келгинди бўлса, тағин бизни ҳукм қилишга журъат этяпти-я! Энди уларга қилмоқчи бўлганимиздан ҳам баттарроғини сенинг бошингга соламиз»,— деб айтишди. Кейин улар Лутни итариб*, эшик томон юришди-да, эшикни синдирмоқчи бўлишди.
10 Шунда ўша кишилар* қўлларини ташқарига чиқариб Лутни уйга тортиб киргизишди ва эшикни ёпиб қўйишди.
11 Уйнинг кираверишида турган кишиларни эса, ёшидан тортиб қарисигача кўзларини кўр қилиб қўйишди. Улар эшикни топа олмай, қийналиб кетишди.
12 Кейин ўша кишилар*, Лутга шундай дейишди: «Бу ерда киминг бор? Бу шаҳарда яшовчи барча қариндошинг, куёвларинг, ўғилларинг ва қизларингни олиб, бу ердан чиқ!
13 Биз бу ерни йўқ қилмоқчимиз, чунки шаҳар аҳолиси дастидан кўтарилаётган фарёд шу қадар кучайдики, Яҳова эшитди+. Шу боис, Яҳова шаҳарни вайрон қилиш учун бизни юборди».
14 Шунда Лут бўлажак куёвларининг олдига бориб, уларга: «Шошилинглар! Бу ердан чиқиб кетинглар, чунки Яҳова бу шаҳарни йўқ қилмоқчи!» — деб айтди. Аммо бу, унинг куёвларига ҳазилдек туюлди+.
15 Тонг отганда фаришталар: «Тезроқ бўл! Бу шаҳарнинг гуноҳи дастидан ҳалок бўлмаслигинг учун хотининг ва иккита қизингни олиб, чиқиб кет!»+ — дея, Лутни шошилтира бошлашди.
16 Бироқ Лут имиллагани учун ўша кишилар* уни, хотинини ҳамда икки қизини қўлларидан ушлаб, уларни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйишди+. Чунки Яҳованинг унга раҳми келган эди+.
17 Уларни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйгач, улардан бири шундай деди: «Жонингни* қутқариб қол! Орқангга ўгирилиб қарама+ ва бу ҳудуднинг* ҳеч қаерида тўхтама!+ Ҳалок бўлмаслигинг учун тоғли ҳудудга қараб қоч!»
18 Шунда Лут уларга қуйидагиларни айтди: «Илтимос, Яҳова, мени у ерга юборма!
19 Мен хизматкоринг Сенинг илтифотингга сазовор бўлдим. Сен жонимни омон сақлаб+, менга чексиз раҳмдиллик* кўрсатдинг. Лекин мен тоғли ҳудудга қоча олмайман, чунки фалокатга дуч келиб ўлиб кетаман, деб қўрқаман+.
20 Шу яқин-атрофда бир кичик шаҳарча бор, мен ўша ерга қоча оламан. Ўша шаҳарга қочсам майлими? Ахир бу Сен учун кичик бир нарса эмасми?! Шунда жоним сақланиб қолади».
21 У жавобан Лутга: «Майли. Мен илтимосингни инобатга олиб+, сен айтган шаҳарни йўқ қилмайман+.
22 У ерга тезроқ қоча қол, чунки сен ўша ерга етиб бормагунингча, Мен ҳеч нарса қила олмайман!»+ — деб айтди. Мана шунинг учун, бу шаҳар Зўвар*+ деб аталган.
23 Лут Зўварга етиб келганида, қуёш чиққан эди.
24 Кейин Яҳова Садўм ва Ғамўра устига олтингугурт билан олов ёғдирди. У Яҳова томонидан, осмондан ёғдирилди+.
25 Шу йўсин, У ўша шаҳарларни ва бутун теварак-атрофни, шаҳар аҳолисидан тортиб, у ерда ўсадиган ўт-ўлангача барчасини йўқ қилиб юборди+.
26 Аммо Лутнинг ортидан келаётган хотини, орқасига ўгирилиб қаради ва туз устунига айланиб қолди+.
27 Иброҳим эрталаб барвақт уйғонди-да, бундан аввал Яҳованинг олдида турган ва У билан гаплашган жойга борди+.
28 Иброҳим Садўм ва Ғамўра томонга ва бутун теварак-атрофга кўз югуртириб чиқди ва ўша томондан қуюқ тутун кўтарилаётганини кўрди. Бу, худди хумдондан чиқаётган тутунга ўхшарди!+
29 Худо теварак-атрофдаги шаҳарларни йўқ қилаётганда, Иброҳимни ёдидан чиқармади. Шу сабабли, Лут яшаган ҳудуддаги шаҳарларни йўқ қилаётганда, Лутни қутқариб қолди+.
30 Кейинчалик Лут қизлари билан Зўвардан чиқиб, тоғли ҳудудга бориб жойлашди+, чунки у Зўварда+ яшашдан қўрқди. Шу боис, у икки қизи билан биргаликда ғорда яшай бошлади.
31 Катта қизи кичигига шундай деди: «Отамиз қариб қолди. Бошқаларга ўхшаб турмушга чиқайлик десак, бу ерда бирорта ҳам эркак йўқ.
32 Шунинг учун кел, отамизга шароб ичириб қўямиз-да, кейин у билан бирга ётамиз ва отамиздан авлод қолдирамиз».
33 Ўша куни кечқурун улар оталарига шароб ичириб қўйишди, сўнг катта қизи бориб отаси билан ётди. Бироқ Лут қизи қачон ётиб, қачон турганини билмади.
34 Эртаси куни тўнғич қиз кичигига: «Ўтган кеча мен отам билан ётдим. Кел, бу кеча ҳам унга шароб ичириб қўямиз. Кейин сен бориб, у билан ётасан ва шу йўсин отамиздан авлод қолдирамиз»,— деб айтди.
35 Шундай қилиб, ўша кеча ҳам улар оталарига шароб ичиришди. Сўнг кичик қизи бориб, у билан ётди. Бироқ Лут қизи қачон ётиб, қачон турганини билмади.
36 Бундан сўнг, Лутнинг иккала қизи ҳам оталаридан ҳомиладор бўлишди.
37 Орадан вақт ўтиб, катта қизи ўғил туғди ва унинг исмини Мўаб*+ қўйди. У, ҳозирги мўабликларнинг отасидир+.
38 Кичик қизи ҳам ўғил туғиб, унинг исмини Баномми* қўйди. У, ҳозирги оммонликларнинг+ отасидир.
Изоҳлар
^ Яъни улар билан жинсий алоқада бўлишни назарда тутишган.
^ Ёки «қаттиқ сиқиб».
^ «Кишилар» сўзи инсон қиёфасига кирган фаришталарни англатади.
^ «Кишилар» сўзи инсон қиёфасига кирган фаришталарни англатади.
^ «Кишилар» сўзи инсон қиёфасига кирган фаришталарни англатади.
^ Ёки «ҳаётингни».
^ Ёки «меҳр-садоқат».
^ Маъноси «кичик».
^ Маъноси «отадан».
^ Маъноси «халқимнинг ўғли», яъни қариндошларимнинг ўғли.