Ибтидо 27:1–46

  • Исҳоқ Ёқубни дуо қилади (1–29)

  • Эсов дуо сўрайди, аммо тавба қилмайди (30–40)

  • Эсов Ёқубга кек сақлайди (41–46)

27  Исҳоқ кексайиб, кўзлари хиралашиб, кўрмай қолган эди. У тўнғич ўғли Эсовни+: «Ўғлим!» — деб ёнига чақирди. У: «Лаббай!» — деди. 2  Исҳоқ унга: «Мен қариб қолдим. Қанча умрим қолганини билмайман. 3  Шунинг учун қуролларингни, ўқдонинг ва ёйингни олгин-да, даштга чиқиб мен учун бирор нарса овлаб кел+. 4  Ундан кейин мен хуш кўрган мазали таомни тайёрлаб олиб кел. Токи ўлимимдан олдин уни еб, сени дуо қилайин»,— деди. 5  Ривқо эса, Исҳоқ ўғли Эсовга айтган гапларни эшитиб турган эди. Эсов ҳайвон овлаб келгани даштга чиқиб кетди+. 6  Шунда Ривқо ўғли Ёқубга+ деди: «Аканг Эсовга отанг нималар деганини эшитиб қолдим. 7  У: “Бирор нарса овлаб келиб, мен хуш кўрган мазали таомни тайёрла. Токи ўлимимдан олдин уни еб, Яҳованинг кўз ўнгида сени дуо қилайин”+,— деди. 8  Энди ўғлим, гапимни диққат билан эшит ва айтганларимни бажар+. 9  Боргин-да, пода ичидан иккита семиз улоқчани менга олиб кел. Мен улардан отанг хуш кўрган мазали таом тайёрлайман. 10  Кейин уни отангнинг олдига олиб кир. Уни еб, ўлимидан олдин сени дуо қилсин». 11  Ёқуб онаси Ривқога: «Акам Эсов сержун+, менинг баданим эса силлиқ. 12  Борди-ю, отам сезиб қолсалар-чи?+ У кишини масхара қилгандай бўлмайманми? Шунда дуо ўрнига лаънат эшитаман-ку»,— деди. 13  Бунга жавобан онаси унга: «Ўша лаънат сенга эмас менга тегсин, ўғлим. Гапимга қулоқ сол, боргин-да, мен сенга айтган нарсаларни олиб кел»+,— деб айтди. 14  Ёқуб айтилган нарсаларни онасига келтириб берди ва онаси Исҳоқ хуш кўрган мазали таомни тайёрлади. 15  Бундан кейин, Ривқо уйидан тўнғич ўғли Эсовнинг энг яхши кийимларини олди-да, уларни кичик ўғли Ёқубга кийгизди+. 16  Улоқчаларнинг терисини ҳам олиб, қўлларининг ҳамда бўйнининг жунсиз жойларига ўради+. 17  Сўнг ўзи пиширган мазали таом билан ёпган нонни ҳам ўғли Ёқубга берди+. 18  Ёқуб отасининг олдига бориб: «Отажон!» — деди. У эса: «Ҳа, ўғлим. Кимсан?» — деб сўради. 19  Ёқуб отасига: «Мен тўнғичингиз Эсовман+. Айтганингизни бажариб, ов қилиб келдим. Марҳамат, шу гўштдан тайёрланган овқатни ўтириб еб олинг ва мени дуо қилинг»+,— деб жавоб берди. 20  Исҳоқ ўғлидан: «Қандай қилиб бунчалик тез овлаб келдинг, ўғлим?» — деб сўради. Ёқуб унга: «Худойингиз Яҳованинг Ўзи уни менга берди»,— деб айтди. 21  Кейин Исҳоқ Ёқубга: «Яқинроқ кел ўғлим, сен чиндан ҳам ўғлим Эсовмисан ёки йўқми, сени бир пайпаслаб кўрай-чи»+,— деди. 22  Ёқуб отасига яқин келди ва Исҳоқ уни пайпаслаб кўриб: «Овози Ёқубники, аммо қўллари Эсовники»+,— деб айтди. 23  Исҳоқ уни таний олмади, чунки унинг қўллари акаси Эсовники каби жунли эди. Шу боис, уни дуо қилди+. 24  Бундан сўнг Исҳоқ: «Сен чиндан ҳам ўғлим Эсовмисан?» — деб сўради. У эса: «Ҳа, Эсовман»,— деди. 25  Сўнг Исҳоқ: «Овлаб келган гўштингдан бер, ўғлим, ундан еб сени дуо қилайин»,— деди. Ёқуб унга сўраганини берди ва у еди. Исҳоққа шароб ҳам берди ва у ичди. 26  Кейин отаси Исҳоқ унга: «Ёнимга келиб, мени ўпгин, ўғлим»+,— деди. 27  Ёқуб яқинроқ келиб, уни ўпганда, Исҳоқ унинг кийимини ҳидлади+. Кейин уни дуо қилиб деди: «Ўғлимнинг ҳиди, Яҳова барака берган даланинг ҳидидайдир. 28  Ҳақ Тангри сенга осмон шудрингини+, серҳосил ерларни+ ҳамда дон билан янги шаробни мўл-кўл қилиб берсин+. 29  Халқлар сенга хизмат қилсин ва миллатлар таъзим қилсин. Биродарларингнинг устидан хўжайин бўл, улар сенга таъзим қилсин+. Сени қарғаган ҳар қандай киши лаънати бўлсин, сени дуо қилган эса баракали бўлсин»+. 30  Исҳоқ Ёқубни дуо қилиб бўлиши биланоқ, Ёқуб отаси Исҳоқнинг ҳузуридан чиқиб кетди. Шу пайт, Эсов овдан қайтиб келди+. 31  У ҳам мазали таомни тайёрлаб отасига олиб келди. Эсов отасига: «Отажон, ўрнингиздан туриб ўғлингиз тайёрлаган гўштдан еб олинг ва мени дуо қилинг»,— деди. 32  Шунда отаси Исҳоқ унга: «Сен кимсан?» — деди. Бунга жавобан у: «Мен ўғлингизман, тўнғичингиз Эсовман»+,— деб айтди. 33  Исҳоқни қаттиқ титроқ босди-да: «Унда ов қилиб, уни менга олиб келган ким эди? Келишингдан олдин, мен у олиб келган овқатни еб, уни дуо қилиб қўйдим-ку. Энди у баракали бўлади»,— деди. 34  Отасининг гапларини эшитгач, Эсов қаттиқ фарёд қилиб, аччиқ-аччиқ йиғлай бошлади ва отасига: «Мени ҳам дуо қилинг отажон, мени ҳам!»+ — деди. 35  Аммо Исҳоқ: «Уканг айёрлик ишлатиб, сенга аталган дуони олди»,— деб айтди. 36  Эсов бўлса: «Беҳудага уни Ёқуб* дейишмаган экан-да. У нақ икки марта менинг ўрнимни эгаллади+. Тўнғичлигимни аллақачон олиб бўлди+, энди менга аталган дуога ҳам эгалик қилди!»+ — деди. Сўнг: «Наҳотки менга бирорта ҳам дуо қолмаган бўлса?» — деб сўради. 37  Исҳоқ эса унга жавоб бериб, деди: «Мен уни сенинг устингдан хўжайин этиб тайинладим+. Барча биродарларини унга хизматкорликка бердим. Дон ва янги шаробни ҳам унга инъом этдим+. Сенга берадиган яна нимам бор, ўғлим?» 38  Эсов отасига: «Отажон, наҳотки сизда биттагина дуо бўлса? Мени ҳам дуо қилинг отажон, мени ҳам!» — деди. Шу гапларни айтиб Эсов ҳўнграб йиғлади+. 39  Отаси Исҳоқ унга мана бундай жавоб берди: «Сенинг масканинг серҳосил ерлардан ҳамда осмоннинг шудрингидан узоқда бўлади+. 40  Умр бўйи қўлингдан қилич тушмайди+ ва укангга хизмат қиласан+. Бироқ унга қарши чиққанингда, гарданингдаги унинг бўйинтуруғини синдириб ташлайсан»+. 41  Ёқуб Эсовга аталган отасининг дуосини олгани учун, Эсов укасига кек сақлаб+: «Отамнинг умрлари охирлаб қолди+. Шундай экан, аввал отамни дафн этиб*, кейин укам Ёқубни ўлдираман»,— деб кўнглидан ўтказди. 42  Тўнғичи Эсовнинг бундай ниятини Ривқога айтиб беришгач, у кичик ўғли Ёқубни чақиртириб, деди: «Менга қара, аканг Эсов сендан қасд олишни ният қилиб, сени ўлдиришни режалаштириб юрибди*. 43  Шунинг учун ўғлим, мен айтгандай қил. Ўрнингдан туриб, акам Лобоннинг олдига — Хоронга бор+. 44  Аканг жаҳлдан тушгунча, бир муддат ўша ерда яшаб тур. 45  Акангнинг ғазаби тарқаб, унга нима қилганинг эсидан чиқсин. Кейин одам юбориб, сени у ердан чақиртираман. Бир куннинг ўзида иккалангиздан ҳам айрилишни истамайман». 46  Бу воқеалардан кейин, Ривқо Исҳоққа деди: «Хет қизлари мени ҳаётдан бездириб юборишди+. Агар Ёқуб ҳам мана буларга ўхшаган шу юрт қизларига, Хет қизларидан бирортасига уйланса, унда менга яшашнинг нима кераги бор?!»+

Изоҳлар

Маъноси «товон ушловчи, бошқанинг ўрнини эгалловчи».
Ёки «отам учун мотам тутиладиган кунлар яқинлашиб қолди».
Ёки «сени ўлдираман деб, ўзини юпатиб юрибди».