Ибтидо 29:1–35
29 Шундан сўнг Ёқуб йўлида давом этиб, Шарқ халқларининг юртига етиб келди.
2 У, далада қудуқни ва унинг ёнида уч сурув қўй ётганини кўрди. Одатда қўйларни ўша қудуқдан суғоришарди. Қудуқнинг оғзида катта тош бор эди.
3 Ўша ерда барча сурувлар йиғилганда, чўпонлар қудуқ оғзидаги тошни суриб, қўйларни суғоришарди. Кейин эса, яна ўша тош билан қудуқ оғзини ёпиб қўйишарди.
4 Ёқуб улардан: «Биродарларим, қаердансизлар?» — деб сўради. Улар: «Биз Хоронданмиз»+,— деб жавоб беришди.
5 Ёқуб: «Нахўрнинг+ невараси Лобонни+ танийсизларми?» — деб сўради. Улар: «Ҳа, таниймиз»,— деб айтишди.
6 Ёқуб улардан: «Лобон яхши юрибдими?» — деб сўради. Улар: «Яхши юрибди. Ана, қизи Роҳила+ қўйларни ҳайдаб келяпти»,— дейишди.
7 Шунда Ёқуб: «Эндигина туш пайти бўлди. Ҳозир сурувни йиғадиган вақт эмас-ку! Шундай экан, қўйларни суғориб, ўтлатгани бормайсизларми?» — деб айтди.
8 Улар: «Барча сурувлар йиғилиб, қудуқ оғзидаги тошни сурмагунимизча, қўйларни суғора олмаймиз»,— деб айтишди.
9 Ёқуб улар билан гаплашиб турганда, Роҳила отасининг қўйларини ҳайдаб келиб қолди. У чўпонлик қиларди.
10 Ёқуб тоғаси Лобоннинг қизи Роҳилани ва қўйларини кўриб, дарров борди-да, қудуқ оғзидаги тошни суриб, тоғаси Лобоннинг қўйларини суғорди.
11 Ёқуб Роҳилани ўпди-да, йиғлаб юборди.
12 Ёқуб Роҳилага, у отасининг қариндоши* ва Ривқонинг ўғли эканлигини айтди. Роҳила бўлса, югуриб бориб отасига хабар қилди.
13 Лобон+ жияни Ёқуб ҳақида эшитиши биланоқ, уни кутиб олиш учун югуриб келди. У Ёқубни қучоқлаб ўпди-да, уйига олиб борди. Сўнг Ёқуб тоғасига бошидан ўтган воқеаларнинг ҳаммасини айтиб берди.
14 Охири, Лобон унга: «Сен чиндан ҳам менинг қон-қардошим* экансан»,— деди ва Ёқуб уникида бир ой яшади.
15 Лобон Ёқубга: «Қариндошим+ бўлсанг-да, менга текинга хизмат қилмаслигинг керак. Айт-чи, хизмат ҳақингга нима берай?»+ — деди.
16 Лобоннинг иккита қизи бор эди. Каттасининг исми Леах, кичигиники эса Роҳила+ эди.
17 Леах кўримсиз эди*, Роҳила эса жозибали ва чиройли эди.
18 Ёқуб Роҳилани севиб қолди. Шунинг учун у: «Кичик қизингиз Роҳила учун, сизга етти йил ишлаб беришга тайёрман»+,— деб айтди.
19 Лобон эса: «Қизимни бегонага бергандан кўра, сенга берганим яхшироқ. Меникида яшайвер»,— деди.
20 Ёқуб Роҳила учун етти йил ишлаб берди+. Лекин Роҳилани севгани учун, бу вақт унга бир неча кундай туюлди.
21 Ёқуб Лобонга: «Мана, хизматимнинг муддати битди, энди Роҳилага уйланишимга* ижозат беринг»,— деб айтди.
22 Лобон тўй қилиб, ўша атрофда яшовчи барча одамларни таклиф қилди.
23 Бироқ кечаси Ёқуб билан бирга бўлсин деб, қизи Леахни унинг ёнига киргизди.
24 Лобон чўриси Зилпони ҳам Леахга чўри қилиб берди+.
25 Ёқуб эрталаб туриб қараса, ёнида Леах ётган экан. Шунда у Лобонга: «Бу нима қилганингиз? Ахир мен сизга Роҳила учун ишлаб бердим-ку! Нега мени алдадингиз?»+ — деди.
26 Лобон шундай деб жавоб берди: «Бизда каттасидан олдин кичигини турмушга беришмайди.
27 Леахнинг келинлик ҳафтаси ўтсин. Сўнг иккинчисини ҳам оласан, фақат у учун менга яна етти йил ишлаб берасан»+.
28 Ёқуб унинг айтганини бажариб, бир ҳафтани Леах билан ўтказди. Кейин эса, Лобон қизи Роҳилани ҳам унга хотинликка берди.
29 Бундан ташқари, Лобон чўриси Билхахни+ Роҳилага чўриликка берди+.
30 Ёқуб Роҳиланинг ҳам ёнига кирди. У Роҳилани Леахдан кўра кўпроқ севарди ва Лобонга яна етти йил ишлаб берди+.
31 Яҳова Леах севимли эмаслигини кўриб, уни туғадиган қилди+, Роҳила эса бепушт эди+.
32 Леах ҳомиладор бўлди ва ўғил кўриб: «Яҳова бахтсиз эканлигимни кўрди+, хўжайиним энди мени севади»,— дея, исмини Рубен*+ қўйди.
33 Леах яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди ва у: «Яҳова севимли эмаслигимни эшитиб, менга бу ўғилни ҳам берди»,— деб, унинг исмини Шимўн*+ қўйди.
34 Леах яна ҳомиладор бўлди ва ўғил кўриб: «Энди хўжайиним менга боғланиб қолади, чунки мен унга учта ўғил туғиб бердим»,— дея, исмини Леви*+ қўйди.
35 Сўнгра Леах яна ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрди ва у: «Бу сафар Яҳовани шарафлайман»,— дея, исмини Яҳудо*+ қўйди. Бундан кейин у муайян вақт фарзанд кўрмади.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «укаси».
^ Сўзма-сўз «эту суягим».
^ Ёки «Леахнинг кўзларида ўт чақнамас эди».
^ Ёки «ёнига киришимга».
^ Маъноси «қаранг, ўғил экан!»
^ Маъноси «эшитади».
^ Маъноси «вафодорлик; боғланиб қолиш».
^ Маъноси «мақталган; мақтов олган киши».