Ибтидо 30:1–43
30 Роҳила Ёқубга фарзанд туғиб бера олмаётганини кўриб, опасига ҳасад қила бошлади ва Ёқубга: «Менга фарзанд беринг, бўлмаса ўлиб қоламан»,— деб айтди.
2 Ёқуб Роҳилага ғазабланиб: «Ахир сени бепушт қилиб қўйган мен эмас, Худо-ку!» — деди.
3 Шунда Роҳила: «Мана, чўрим Билхахнинг+ ёнига киринг, менга бола туғиб берсин*, у орқали мен фарзандли бўлай»,— деб айтди.
4 Роҳила чўриси Билхахни Ёқубга хотинликка берди ва Ёқуб унинг ёнига кирди+.
5 Билхах ҳомиладор бўлиб, Ёқубга ўғил туғиб берди.
6 Роҳила: «Тангри менинг ҳакамим бўлди ва ибодатларимни эшитиб, менга ўғил ато этди»,— дея, исмини Дан*+ қўйди.
7 Роҳиланинг чўриси Билхах яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга иккинчи ўғилни туғиб берди.
8 Ўшанда Роҳила: «Опам билан қаттиқ курашиб, уни енгиб чиқдим!» — деб, боланинг исмини Нафтали*+ қўйди.
9 Леах бошқа фарзанд кўрмай қўйганини кўриб, чўриси Зилпони Ёқубга хотинликка берди+.
10 Леахнинг чўриси Зилпо ҳам Ёқубга ўғил туғиб берди.
11 Шунда Леах: «Менга омад кулиб боқди!» — дея, боланинг исмини Гад*+ қўйди.
12 Сўнг Леахнинг чўриси Зилпо Ёқубга иккинчи ўғилни туғиб берди.
13 Ўшанда Леах: «Нақадар бахтлиман! Энди аёллар мени бахтиёр деб аташади»+,— дея, боланинг исмини Ошер*+ қўйди.
14 Буғдой ўрим-йиғими пайтида Рубен+ далада айланиб юриб, меҳригиёҳлар топиб олди ва онаси Леахга келтириб берди. Роҳила Леахдан: «Ўғлинг олиб келган меҳригиёҳлардан бир нечтасини менга ҳам бергин»,— деб сўради.
15 У бўлса: «Эримни олганинг камлик қилдими?+ Энди ўғлимнинг меҳригиёҳларини ҳам олмоқчимисан?» — деб айтди. Роҳила: «Майли, ўғлингнинг меҳригиёҳлари учун Ёқуб бугун кечаси ёнингга кирсин»,— деди.
16 Ёқуб кечки пайт даладан қайтганда, Леах уни кутиб олишга чиқиб: «Сиз бугун менинг ёнимга кирасиз, чунки сизни ўғлимнинг меҳригиёҳлари эвазига сотиб олдим»,— деди. Ёқуб ўша кеча Леахнинг ёнига кирди.
17 Худо Леахни эшитиб, ибодатини ижобат қилди. У ҳомиладор бўлиб, Ёқубга бешинчи ўғилни туғиб берди.
18 Ўшанда Леах: «Чўримни эримга берганим учун, Аллоҳ менга тегишли ҳақимни берди»,— дея, исмини Иссахор*+ қўйди.
19 Леах яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга олтинчи ўғилни туғиб берди+.
20 Шунда Леах: «Тангри менга ажойиб совға ато этди. Энди эрим менга сабрли бўлади+, чунки унга олтита ўғил туғиб бердим»+,— деб, боланинг исмини Забулун*+ қўйди.
21 Сўнг у қиз туғиб, исмини Дина+ қўйди.
22 Ниҳоят, Худо Роҳилани ёдга олди. Тангри унинг ибодатларини эшитиб, ижобат қилди ва унга фарзанд ато этди*+.
23 Роҳила ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрди ва у: «Аллоҳ мени шармандаликдан халос этди!»+ — деди.
24 Сўнг: «Яҳова менга яна бир ўғил қўшиб берди»,— деб, унинг исмини Юсуф*+ қўйди.
25 Роҳила Юсуфни туққанидан кейин, Ёқуб Лобонга шундай деди: «Мени қўйиб юборинг, ўз уйимга, ўз юртимга кетай+.
26 Хотиним ва фарзандларимни беринг, кетайин. Мен улар учун сизга ишлаб бердим. Ахир сизга қандай ишлаб берганимни яхши биласиз»+.
27 Лобон унга: «Илтимос, мен билан қол. Яҳова сен туфайли менга барака бераётганини барча белгиларга қараб тушундим»,— деб айтди.
28 Кейин: «Айт-чи, хизмат ҳақингга нима берай?»+ — деб сўради.
29 Ёқуб бўлса унга: «Сизга қандай хизмат қилганимни ва мен келганимдан бери подаларингиз қанчалик кўпайганини биласиз+.
30 Мен энди келганимда чорвангиз кам эди, ҳозир бўлса кўпайиб кетди. Чунки Яҳова мен келганимдан кейин сизга баракалар ёғдирди. Аммо ўз уйим учун қачон ишлайман?»+ — деди.
31 Шунда Лобон: «Сенга нима берай?» — деб сўради. Ёқуб унга жавобан деди: «Менга ҳеч нарса керак эмас! Агар мен айтгандай қилсангиз, яна подаларингизга қараб, боқиб юраман+.
32 Бугун ҳамма молларингизни кўздан кечириб чиқаман. Уларнинг ичидан чипор ва холдор қўйларни, тўқ жигарранг ёш қўчқорларни ва барча холдор ҳамда чипор эчкиларни ажратиб қўйинг. Бугундан бошлаб, бундайлар хизмат ҳақим бўлади+.
33 Хизмат ҳақимни кўргани қайси куни келманг, мен адолат* ила йўл тутаётганимни кўрасиз. Мабодо урғочи эчкиларим орасида чипор ва холдор эмаслари ҳамда ёш қўчқорларим ичида тўқ жигарранг эмаслари чиқиб қолса, улар ўғирланган ҳисоблансин».
34 Лобон: «Яхши, сен айтгандай бўлсин!»+ — деб айтди.
35 Ўша куни у барча чипор ва холдор такаю эчкиларни, озгина бўлса ҳам оқ ранги бор бўлган ва тўқ жигарранг ҳамма ёш қўчқорларни ажратиб, ўғилларининг қарамоғига топширди.
36 Бундан кейин, Лобон подаларини Ёқуб турган жойдан уч кунлик йўл юрадиган жойга ҳайдаб кетди. Ёқуб эса Лобоннинг қолган подаларини боқаверди.
37 Ёқуб стиракс*, бодом ва чинор дарахтларининг новдаларини олиб, уларнинг пўстини ола-була қилиб арчиди.
38 У пўсти арчилган новдаларни, чорва сув ичгани келадиган охурга солиб қўяр эди. Сув ичгани келган моллар новдаларнинг олдида жуфтлашарди.
39 Моллар новдалар олдида жуфтлашгач, чипор, холдор ва ола-була насл берарди.
40 Ёқуб ёш қўчқорларни ажратгандан кейин, Лобоннинг сурувини чипор ва барча тўқ жигарранг молларга қаратиб қўярди. Бундан сўнг, у ўз подаларини ажратиб олиб, Лобонникига қўшмай қўйди.
41 Бақувват моллар жуфтлашганда, Ёқуб улар новдалар олдида жуфтлашсин деб, охурларга улар кўрадиган қилиб новдаларни ташлаб қўярди.
42 Аммо заиф моллар жуфтлашганда, Ёқуб новдаларни солмасди. Шундай қилиб, Лобонга заиф, Ёқубга эса бақувват моллар тегадиган бўлди+.
43 Ёқубнинг подалари, қулларию чўрилари, туялари ва эшаклари кўпайиб, ниҳоятда бойиб кетди+.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «тиззаларим устига туғсин».
^ Маъноси «ҳакам».
^ Маъноси «менинг курашларим».
^ Маъноси «омад».
^ Маъноси «бахтиёр, бахт».
^ Маъноси «у — иш ҳақи».
^ Маъноси «бағрикенглик».
^ Сўзма-сўз «Худо унга қулоқ тутиб бачадонини очди».
^ Юсуфияҳ деган исмнинг қисқа шакли. Маъноси «Яҳ қўшиб берсин (орттирсин)».
^ Ёки «ҳалоллик».
^ Гуллари хушбўй дарахт.