Ибтидо 39:1–23

  • Юсуф Пўтифарнинг уйида (1–6)

  • Юсуф Пўтифарнинг хотинини рад этади (7–20)

  • Юсуф қамоқда (21–23)

39  Исмоилийлар+ Юсуфни Мисрга олиб келишди+. Фиръавн саройи амалдори — соқчилар бошлиғи мисрлик Пўтифар+, Юсуфни улардан сотиб олди. 2  Аммо Яҳова Юсуф билан эди+. Шу сабабли, Юсуфнинг ишлари юришди ва у мисрлик хўжайинининг хонадони устидан бош этиб тайинланди. 3  Яҳова у билан эканини ҳамда қилган ҳар қандай ишига Яҳова барака бераётганини хўжайини кўрди. 4  Юсуф хўжайинининг назарида илтифот топди ва унга хизмат қиладиган бўлди. Шундай қилиб, хўжайини уни бутун хонадони устидан бош этиб тайинлади ва бор нарсасини Юсуфнинг қўлига топширди. 5  Хўжайини Юсуфни бутун хонадони устидан бош этиб тайинлаб, бор нарсасини унинг қўлига топширганидан кейин, Яҳова Юсуф туфайли мисрликнинг хонадонига барака бера бошлади. Яҳова унинг хонадони ва даласидаги барча нарсага баракасини ёғдирди+. 6  Натижада, у ўзининг бор нарсасини Юсуфнинг измига топширди. Хўжайини ейдиган овқатидан бошқа нарса ҳақида ташвишланмасди. Бу орада Юсуф қоматдор ва чиройли бўлиб улғайди. 7  Бир мунча вақт ўтгач, хўжайинининг хотини унга эҳтирос билан қарай бошлади ва унга: «Мен билан ёт»,— деди. 8  Бироқ Юсуф рад жавобини бериб, хўжайинининг хотинига: «Хўжайиним хонадон ҳақида ташвишланмайди. Бор-будини менинг измимга топширган. 9  Бу хонадонда мендан юқори турган одамнинг ўзи йўқ. Сиздан ташқари ҳамма нарсани у менга топширган. Чунки сиз у кишининг хотинисиз. Қандай қилиб мен бундай қабиҳликка қўл уриб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!»+ — деб айтди. 10  Хўжайинининг хотини ҳар куни унга шу сўзларни такрорлаб айтар эди. Аммо Юсуф у билан ётишга ҳам кўнмасди, у билан ёлғиз ҳам қолмасди. 11  Кунларнинг бирида, Юсуф ўз ишларини бажариш учун уйга кирди. Уйда хизматкорларнинг ҳеч бири йўқ эди. 12  Шунда аёл Юсуфнинг кийимидан ушлаб олди-да: «Мен билан ёт!» — деди. Аммо у кийимини унинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди. 13  Юсуф кийимини унинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетганини кўриб, 14  аёл хизматкорларини чақирди-да, уларга: «Бунга қаранглар! Эрим олиб келган манави иброний, устимиздан кулмоқчи бўлди. У мен билан ётмоқчи бўлиб ёнимга келган эди, мен овозим борича бақира бошладим. 15  Бақиришимни кўриши биланоқ, у кийимини менинг олдимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди»,— деди. 16  Хўжайини келгунига қадар, аёл Юсуфнинг кийимини ўзида сақлаб турди. 17  Хўжайини келгач, бу гапларнинг ҳаммасини унга ҳам сўзлаб берди: «Сиз олиб келган манави иброний, менинг устимдан кулмоқчи бўлиб олдимга келди. 18  Аммо бақиришим биланоқ, у кийимини менинг олдимда қолдириб, ташқарига қочиб чиқиб кетди». 19  Хўжайини эса хотинининг: «Хизматкорингиз менга мана шундай муомала қилди»,— деган гапларини эшитиши биланоқ, ғазаби қайнаб кетди. 20  Шунда хўжайини Юсуфни, шоҳнинг маҳбуслари сақланадиган зиндонга ташлади. Шу тариқа Юсуф зиндонда қолаверди+. 21  Аммо Яҳова Юсуф билан бўлиб, унга меҳрибонлик* кўрсатиб турди ва Юсуф зиндон бошлиғининг илтифотига сазовор бўлди+. 22  Зиндон бошлиғи зиндондаги барча маҳбусларни Юсуфнинг ихтиёрига топширди ва улар Юсуфнинг айтганларини битта қолдирмай бажаришарди+. 23  Зиндон бошлиғи Юсуфнинг қўлига топширган ҳеч бир нарсасидан ташвишланмас эди, чунки Яҳова Юсуф билан бирга эди ва Яҳова унинг ҳар бир ишига ривож берарди+.

Изоҳлар

Ёки «меҳр-садоқат».