Ибтидо 42:1–38

  • Юсуфнинг акалари Мисрга боради (1–4)

  • Юсуф акалари билан учрашиб, уларни синайди (5–25)

  • Акалари Ёқубнинг ёнига қайтишади (26–38)

42  Ёқуб Мисрда дон борлигидан хабар топиб+, ўғилларига: «Нега бир-бирингизга қараб, қўл қовуштириб ўтирибсизлар?» — деди-да, 2  кейин: «Мисрда дон борлигини эшитдим. Очликдан ўлмаслигимиз учун ўша ерга бориб, дон сотиб олиб келинглар»+,— деб қўшиб қўйди. 3  Шундай қилиб, Юсуфнинг ўнта акаси+ дон сотиб олиш учун Мисрга йўл олишди. 4  Аммо Ёқуб: «Тағин у билан ҳам бирор фалокат рўй бермасин»+,— дея Юсуфнинг укаси Беняминни+ акалари билан бирга юбормади. 5  Канъон юртида ҳам очарчилик ҳукм сураётгани боис, Исроилнинг ўғиллари бошқалар билан биргаликда дон сотиб олиш учун Мисрга келишди+. 6  Бу пайтда Юсуф бутун Миср юрти устидан бошқараётган эди+. Юсуф, ернинг турли четларидан келган одамларга дон сотарди+. Шу боис, Юсуфнинг акалари ҳам унинг олдига келиб, бошлари ерга теккунча унга таъзим қилишди+. 7  Юсуф акаларини кўриши биланоқ, уларни таниди, бироқ уларга ўзининг кимлигини билдирмади+. Юсуф уларга қўпол оҳангда гапириб: «Қаердан келдингизлар?» — деб сўради. Бунга улар: «Биз Канъон юртиданмиз, бу ерга дон сотиб олгани келдик»+,— дейишди. 8  Юсуф акаларини таниди, бироқ улар уни танимадилар. 9  Ўша заҳоти Юсуф акалари ҳақида кўрган тушини эслади+ ва уларга: «Сизлар айғоқчисизлар! Сизлар юртнинг ҳимоясиз ҳудудларини* кўргани келгансизлар!» — дея дўқ қилди. 10  Улар Юсуфга: «Йўқ, тақсир, биз қулларингиз дон сотиб олгани келганмиз. 11  Барчамиз бир отанинг фарзандларимиз. Биз ростгўй кишилармиз. Биз қулларингиз, айғоқчи эмасмиз»,— дейишди. 12  Лекин Юсуф уларга: «Йўқ! Сизлар юртнинг ҳимоясиз ҳудудларини кўргани келгансизлар!» — деди. 13  Бунга улар: «Қулларингиз 12 та ака-укамиз+. Биз Канъон юртиданмиз. Ҳаммамиз бир отанинг ўғилларимиз+, кенжа укамиз отамиз билан қолди+, яна битта укамиздан эса айрилиб қолганмиз»+,— деб айтишди. 14  Бироқ Юсуф акаларига шундай деди: «Ана айтдим-ку, сизлар айғоқчисизлар! 15  Фиръавн ҳаққи қасам ичаманки, кенжа укангиз бу ерга келмагунча, сизлар ҳеч қаерга кетмайсизлар. Шу тариқа сизларни синаб, гапларингиз ростми ёки ёлғонми билиб оламан+. 16  Бирортангиз бориб, укангизни олиб келинг. Унгача қолганларингиз назорат остида бўлиб турасизлар. Шу тариқа сизларни синаб, сўзларингиз рост эканини билиб оламан. Агар гапингиз ёлғон бўлса, фиръавн ҳаққи қасам ичиб айтаманки, сизлар айғоқчи бўлиб чиқасизлар». 17  Шундай қилиб, Юсуф уларни уч кунга қамаб қўйди. 18  Уч кун ўтгач, Юсуф уларга деди: «Мен ҳақ Худодан қўрқаман. Шу боис, тирик қолишингиз учун мен айтгандек қилинглар. 19  Агар сизлар ростгўй бўлсангиз, биттангиз қамоқда қолинг. Қолганларингиз бўлса донни олиб, уйингизга боринглар-да, очликдан қийналаётган хонадон аҳлингизга етказинглар+. 20  Кенжа укангизни олдимга олиб келсангиз, рост гапирган бўласизлар ва ҳаётингизни сақлаб қоласизлар». Улар Юсуфнинг гапларига рози бўлишди. 21  Улар бир-бирига: «Биз укамизга қилган ишимиз учун жазо тортяпмиз+. Чунки у раҳм-шафқат сўраб ёлворганида, унинг азоб тортаётганини кўрган бўлсак-да, унга қулоқ солмаган эдик. Шу боис, бундай балога йўлиқдик»,— дейишди. 22  Кейин Рубен уларга: «Болага зарар етказманглар, деб сизларга айтмаганмидим?+ Аммо сизлар менга қулоқ солмадингиз. Энди унинг хуни биздан талаб қилиняпти»+,— деди. 23  Бироқ Юсуф уларнинг гапларини тушунаётганини сезишмади, чунки Юсуф улар билан таржимон орқали гаплашаётган эди. 24  Шунда Юсуф акаларининг олдидан чиқиб, йиғлаб юборди+. Кейин қайтиб келиб, улар билан гаплашди-да, ораларидан Шимўнни ажратиб олиб+, уларнинг кўзи олдида уни боғлаб қўйди+. 25  Бундан сўнг, Юсуф уларнинг хуржунларини дон билан тўлдиришни, ҳар бирининг пулини ўз хуржунига қайтариб солиб қўйишни ҳамда уларга йўл учун озиқ-овқат беришни буюрди. Ҳаммаси Юсуф буюрганидек бажарилди. 26  Кейин улар хуржунларини эшакларига юклаб, жўнаб кетишди. 27  Бир ерда тунагани тўхташганида, улардан бири эшагига ем бериш учун хуржунининг оғзини очиб қараса, устида пуллари турган экан. 28  Шунда у биродарларига: «Менинг пулларимни хуржунимга қайтариб солиб қўйишибди!» — деди. Бундан уларнинг юраги орқага тортиб кетди ва титраганча бир-бирига қараб: «Ана, Худо бизни жазолаяпти!» — дейишди. 29  Улар Канъон юртига, оталари Ёқубнинг олдига етиб келишганда, юз берган воқеаларнинг ҳаммасини унга айтиб беришди: 30  «Ўша юртнинг хўжайини биз билан қўпол оҳангда гаплашиб+, бизни айғоқчиликда айблади. 31  Лекин унга: “Биз айғоқчи эмасмиз. Биз ростгўй кишилармиз+. 32  Биз 12 та ака-укамиз+, бир отанинг ўғилларимиз. Битта укамиздан айрилиб қолганмиз+, кенжамиз эса отамиз билан Канъон юртида қолган”+,— дедик. 33  Аммо ўша юртнинг хўжайини бизга қуйидагиларни айтди: “Мен ростгўй эканингизни шундан билиб оламан: битта биродарингиз мен билан қолсин+. Қолганларингиз бўлса донни олиб, уйингизга боринглар-да, очликдан қийналаётган хонадон аҳлингизга етказинглар+. 34  Сўнг кенжангизни менинг олдимга олиб келинглар, шунда сизлар айғоқчи эмас, ростгўй кишилар эканингизни билиб оламан. Мен билан қолган биродарингизни озод этиб, бу юртда савдо-сотиқ қилишингизга рухсат бераман”». 35  Улар ўз хуржунларини бўшата бошлаганда, ҳар бирининг хуржунидан пул солинган тугунчалари чиқди. Буни кўриб, ўзлари ҳам, оталари ҳам қўрқиб кетди. 36  Шунда уларнинг отаси Ёқуб: «Фарзандларимдан жудо қилдиларинг!+ Юсуф йўқ+, Шимўн ҳам йўқ+, энди Беняминни ҳам олиб кетмоқчисизлар! Нега буларнинг бари менинг бошимга тушди?!» — дея хитоб қилди. 37  Бироқ Рубен, отасига: «Агар Беняминни қайтариб олиб келмасам, менинг икки ўғлимни ўлдиришингиз мумкин+. Уни менга ишониб топширинг, уни сизга қайтариб олиб келишга ваъда бераман»+,— деб айтди. 38  Лекин Ёқуб: «Ўғлим сизлар билан бормайди. Чунки унинг акаси ўлиб, у бир ўзи қолган+. Тағин йўлда у билан бирор фалокат рўй берса, сизлар оқарган бошимга қайғу келтириб, мени гўрга*+ тиқасизлар»+,— деб жавоб қайтарди.

Изоҳлар

Ёки «заиф томонларини».
Ибр. шеўл, яъни инсониятнинг умумий қабри. Луғатдаги «мозор» сўзига қ.