Ибтидо 48:1–22
48 Бу воқеалардан кейин, Юсуфга: «Отангизнинг аҳволи оғирлашди»,— деган хабар келди. Юсуф ўғиллари Манаше билан Эфрайимни ўзи билан олиб, отасининг олдига борди+.
2 Ёқубга: «Ўғлингиз Юсуф олдингизга келди»,— деб айтишганда, у бор кучини йиғиб, тўшаги устига ўтирди.
3 Ёқуб гап бошлаб, Юсуфга шундай деди:
«Қодир Аллоҳ Канъон юртидаги Лузда менга зоҳир бўлиб, мени муборакбод қилди+.
4 У менга: “Сени серфарзанд қилиб, кўпайтираман, сендан кўп халқлар* пайдо қиламан+. Мана шу юртни сендан кейинги зурриётингга* асрдан-асрга мулк қилиб бераман”+,— деган эди.
5 Мисрга келишимдан олдин Мисрда туғилган иккита ўғлинг меники бўлади+. Рубен ҳамда Шимўн сингари, Эфрайим билан Манаше ҳам менинг ўғилларим бўлади+.
6 Улардан кейин туғиладиган фарзандлар сеники бўлади. Улар иккала акасининг номлари билан аталиб, акаларининг улушини мерос қилиб олишади+.
7 Менга келсак, Паддондан қайтаётганимда, онанг Роҳила Канъонда қўлимда жон берди+. Эфратагача+ ҳали узоқ бўлгани учун, уни ўша ерга, Эфратага (Байтлаҳмга)+ олиб борадиган йўл бўйига дафн этдим».
8 Исроил Юсуфнинг ўғилларини кўриб: «Булар ким?» — деб сўради.
9 Юсуф отасига: «Булар — Худо бу ерда менга берган ўғилларим»+,— деб жавоб берди. У эса: «Қани, уларни ёнимга олиб кел-чи, мен уларни дуо қилайин»+,— деб айтди.
10 Қарилигидан Исроилнинг кўзлари хиралашиб, кўрмайдиган бўлиб қолган эди. Юсуф ўғилларини яқинроқ олиб келди ва отаси уларни ўпиб, қучоқлади.
11 Исроил Юсуфга: «Сени кўриш хаёлимга ҳам келмаган эди+, лекин Худо менга зурриётингни ҳам кўрсатди»,— деди.
12 Юсуф ўғилларини Исроилнинг тиззасидан олди-да, ергача эгилиб таъзим қилди.
13 Юсуф иккала ўғлини — Эфрайимни+ Исроилнинг чап томонига турғизиш учун ўнг қўлига, Манашени+ Исроилнинг ўнг томонига турғизиш учун чап қўлига олди ва отасининг ёнига яқинроқ олиб келди.
14 Аммо Исроил, Эфрайим кичик бўлишига қарамай, ўнг қўлини унинг бошига қўйди, чап қўлини эса Манашенинг бошига қўйди. Манаше тўнғич эканини билса-да+, у атайин шундай қилди.
15 Кейин у Юсуфни дуо қилиб, шундай деди+:
«Бобом Иброҳим ва отам Исҳоқ топинган* ҳақ Тангри+,Бутун ҳаётим мобайнида, мана шу кунгача менга чўпонлик қилган ҳақ Тангри+,
16 Мени ҳар қандай фалокатдан асраган* фаришта+, мана шу болаларга барака берсин+.
Улар менинг, бобом Иброҳим ва отам Исҳоқнинг исми билан аталсин.Уларнинг насли ер юзида кўпайиб кетсин»+.
17 Отаси ўнг қўлини Эфрайимнинг бошига қўйганини кўрганида, унинг бу ҳаракати Юсуфга ёқмади. Шунинг учун у отасининг қўлини Эфрайимнинг бошидан олиб, Манашенинг бошига қўймоқчи бўлди.
18 Юсуф отасига: «Йўқ отажон, мана буниси тўнғич+. Ўнг қўлингизни унинг бошига қўйинг»,— деди.
19 Бироқ отаси бунга кўнмай: «Биламан ўғлим, биламан. Ундан ҳам бир халқ келиб чиқади, у ҳам буюк бўлади. Аммо шунга қарамай, укаси ундан буюкроқ бўлади+ ва унинг зурриёти бир қанча халқларнинг сонидай ғоятда кўп бўлади»+,— деди.
20 Ўша куни Исроил уларни яна дуо қилиб+, деди:
«Исроилликлар дуо қилганда сенинг исмингни қўллаб:“Тангри Эфрайим ва Манаше сингари сени ҳам баракали қилсин”,— деб айтишсин».
Шундай қилиб, у Эфрайимни Манашедан устун қўйди.
21 Кейин Исроил Юсуфга: «Мана, менинг умрим ҳам охирлаб боряпти+. Бироқ Худо ҳамиша сизлар билан бўлади ва сизларни ота-боболарингиз ерига қайтариб олиб боради+.
22 Биродарларингга қараганда, сенга бир ҳисса кўпроқ ер* бераман. Мен уни аморийлардан қиличим ва камоним билан тортиб олганман»,— деди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «халқлар жамоати».
^ Сўзма-сўз «уруғингга».
^ Сўзма-сўз «олдида юрган».
^ Ёки «сотиб олган».
^ Ёки «бир адир кўпроқ ер».