Ибтидо 5:1–32

  • Одамдан то Нуҳгача (1–32)

    • Одам ўғил-қизларнинг отаси бўлди (4)

    • Ханўх Худога ҳамроҳ бўлиб яшади (21–24)

5  Одамнинг тарихи ҳақидаги баёнот қуйидагича: Тангри Одамни яратган куни, уни Ўзига монанд қилиб вужудга келтирди+. 2  Уларни эркак ва аёл қилиб яратди+. Улар яратилган куни+, Аллоҳ уларни қутлаб, уларни «инсон»*, дея атади. 3  Одам 130 ёшга кирганида, ўзига ўхшаш бўлган, ўзига монанд бир ўғил кўрди ва исмини Шис+ қўйди. 4  Шис туғилгандан кейин, Одам яна 800 йил яшади. Бу орада у кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 5  Одам ҳаммаси бўлиб 930 йил умр кўрди ва ҳаётдан кўз юмди+. 6  Шис 105 ёшга кирганида, ўғли Энўш+ дунёга келди. 7  Энўш туғилганидан сўнг Шис яна 807 йил яшади. Бу вақт давомида у кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 8  Шис жами 912 йил умр кўриб, вафот этди. 9  Энўш 90 ёшга тўлганида ўғли Хенан туғилди. 10  Хенан дунёга келганидан кейин, Энўш яна 815 йил умр кўрди. Бу вақт мобайнида у кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 11  Энўш ҳаммаси бўлиб 905 йил яшаб, ҳаётдан кўз юмди. 12  Хенан 70 ёшда бўлганида ўғли Махалиёл+ дунёга келди. 13  Махалиёл туғилганидан сўнг, Хенан яна 840 йил яшади. Бу орада у кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 14  Хенан жами 910 йил умр кечириб, вафот этди. 15  Махалиёл 65 ёшга кирганида, ўғли Ёред+ туғилди. 16  Ёред дунёга келганидан кейин, Махалиёл яна 830 йил умр кўрди. Бу вақт давомида у кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 17  Махалиёл ҳаммаси бўлиб 895 йил яшаб, ҳаётдан кўз юмди. 18  Ёред 162 ёшда бўлганида, ўғли Ханўх+ дунёга келди. 19  Ханўх туғилганидан сўнг, Ёред яна 800 йил яшади. Бу вақт мобайнида у кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 20  Ёред жами 962 йил умр кўриб, вафот этди. 21  Ханўх 65 йил яшагач, ўғли Матушалоҳ+ туғилди. 22  Матушалоҳ дунёга келганидан кейин, Ханўх 300 йил ҳақ Худога* ҳамроҳ бўлиб яшади. Бу орада, у кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 23  Ханўх ҳаммаси бўлиб 365 йил умр кўрди. 24  Ханўх ҳақ Худога ҳамроҳ бўлиб яшашни канда қилмади+. Кейин Аллоҳ уни олиб кетгани боис, уни ҳеч ким кўрмади+. 25  Матушалоҳ 187 йил умр кўргач, ўғли Ламех+ дунёга келди. 26  Ламех туғилгандан сўнг, Матушалоҳ яна 782 йил яшади ва кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 27  Матушалоҳ жами 969 йил яшаб, ҳаётдан кўз юмди. 28  Ламех 182 йил яшагандан кейин, ўғилли бўлди. 29  У: «Яҳова лаънатлаган ерга ишлов берганимизда, меҳнатимизга ва заҳмат чеккан бизларга у енгиллик* беради»+,— дея, ўғлининг исмини Нуҳ*+ қўйди. 30  Нуҳ дунёга келгандан сўнг, Ламех яна 595 йил умр кўрди. Бу вақт давомида у кўпгина ўғил-қизларнинг отаси бўлди. 31  Ламех ҳаммаси бўлиб 777 йил яшагач, вафот этди. 32  Нуҳ 500 ёшга киргандан кейин, Сом+, Хом+ ва Ёфас+ исмли уч нафар ўғил кўрди.

Изоҳлар

Ёки «Одам; инсоният».
Ёки «тасалли».
Маъноси «ором; тасалли» бўлиши мумкин.