Левилар 10:1–20

  • Яҳованинг олови Надов ва Абиҳуни ҳалок қилади (1–7)

  • Руҳонийлар учун егулик ва ичкиликка оид қоидалар (8–20)

10  Бир мунча вақт ўтиб, Ҳоруннинг ўғиллари Надов билан Абиҳу+ оловкуракларига* олов солиб, устига тутатқи қўйишди-да+, Яҳованинг олдига, У буюрмаган, қонунга зид бўлган оловни олиб киришди+.  Шунда Яҳованинг ҳузуридан олов тушиб, уларни ҳалок қилди+. Шу тариқа улар Яҳованинг ҳузурида ўлишди+.  Сўнг Мусо Ҳорунга деди: «Яҳова: “Менга яқин бўлган кишилар орасида муқаддас бўлишим+ ва бутун халқ олдида улуғланишим керак”,— деб айтди». Ҳорун бўлса индамай турди.  Мусо Ҳоруннинг амакиси Узиёлнинг+ ўғиллари Мишаил билан Элизофонни чақириб, уларга: «Бу ёққа келинглар, биродарларингизни муқаддас жойдан қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқинглар»,— деди.  Улар бориб, узун кўйлак кийган Надов билан Абиҳуни, Мусо айтганидай, қароргоҳ ташқарисига олиб чиқишди.  Мусо Ҳорун билан унинг ўғиллари Элазар ва Итамарга бундай деди: «Ҳалок бўлмасликларингиз ва бутун жамоа Худонинг ғазабига учрамаслиги учун, сочларингизни тўзманглар, кийимларингизни йиртманглар+. Бутун Исроил хонадонидаги биродарларингиз, Яҳова оловда куйдириб юборганлар учун йиғи-сиғи қилишсин.  Сизлар бўлса ҳалок бўлмаслик учун, учрашув чодирининг кираверишидан нари кетманглар, чунки Яҳованинг муқаддас мойи билан мойлангансизлар»+. Улар Мусо айтгандай қилишди.  Кейин Яҳова Ҳорунга деди:  «Учрашув чодирига кирганда, ҳалок бўлмаслик учун, сен ҳам, ўғилларинг ҳам шароб ёки бошқа ичкилик ичманглар+. Бу — авлодларингиз учун асрлар оша амал қилинадиган қоида бўлсин. 10  Шу тариқа, муқаддас нарсани муқаддас бўлмаган нарсадан, пок нарсани нопокдан ажрата оласизлар+. 11  Шунингдек, Яҳова Исроил халқига Мусо орқали берган қоидаларни ўргата оласизлар»+. 12  Сўнгра Мусо Ҳорун билан унинг қолган ўғиллари, Элазар ва Итамарга шуларни айтди: «Яҳовага атаб оловда куйдириладиган қурбонликлардан ортган дон назрини олинглар-да, хамиртуруш қўшмай нон тайёрлаб, қурбонгоҳ олдида енглар+. Чунки бу, ғоят муқаддас нарсадир+. 13  Уни муқаддас жойда енглар+, боиси у — Яҳовага атаб оловда куйдириладиган назрлардан сизларга ва ўғилларингизга теккан улушдир. Чунки менга шундай буюрилган. 14  Силкитиладиган назр қилиб олиб келинган тўш ва муқаддас улуш сифатида келтирилган сонни+ ўғил-қизларингиз билан бирга пок жойда енглар+. Сабаби бу, Исроил халқи олиб келган тинчлик қурбонликларидан сизларга ва ўғилларингизга теккан улушдир. 15  Улар муқаддас улуш сифатида берилган сонни, силкитиладиган назр қилиб олиб келинган тўшни ва куйдириладиган қурбонликлар ёғини Яҳованинг ҳузурида силкитиш учун олиб келишсин. Бу, Яҳова буюрганидай, асрлар оша сизлар ва ўғилларингиз учун улуш бўлади»+. 16  Мусо гуноҳ қурбонлиги қилиб келтириладиган такани+ роса қидирди, аммо у аллақачон куйдириб бўлинганини билиб қолди. Шунда Мусо Ҳоруннинг қолган ўғиллари Элазар билан Итамарга жаҳли чиқиб, деди: 17  «Нега гуноҳ қурбонлигини муқаддас жойда емадиларинг?+ Ахир бу, ғоят муқаддас нарса эмасми?! У сизларга жамоанинг гуноҳлари учун жавобгар бўлишларинг, Яҳова олдида уларни гуноҳдан фориғ этишларинг учун берилган эди-ку! 18  Унинг қони эса муқаддас жойга олиб кирилмабди+. Менга берилган амрга кўра, сизлар уни муқаддас жойда ейишларинг керак эди». 19  Ҳорун Мусога: «Улар бугун гуноҳ қурбонлиги билан куйдириладиган қурбонликни Яҳованинг ҳузурига олиб келишди+, лекин мен бу қурбонликларни ея олмадим. Ахир ўзингиз бошимга нималар тушганидан хабардорсиз-ку. Агар гуноҳ қурбонлигини бугун еганимда, бу Яҳовага маъқул келган бўлармиди?!» — деди. 20  Мусога унинг айтганлари асосли бўлиб кўринди.

Изоҳлар