Левилар 15:1–33
-
Жинсий аъзодан ажралма оққанда (1–33)
15 Яҳова гапини давом эттириб, Мусо билан Ҳорунга шундай деди:
2 «Исроил ўғилларига қуйидагиларни айтинглар: “Агар бирон касаллик дастидан эркак кишининг жинсий аъзосидан ажралма оқса, бу ажралма туфайли у нопок бўлади+.
3 Ажралма жинсий аъзодан оқса ёки ажралма жинсий аъзонинг йўлини тўсиб қўйса, у киши нопок бўлади.
4 Бундай киши ётган тўшак ҳам, у ўтирган ҳар қандай нарса ҳам нопок бўлади.
5 Унинг тўшагига теккан киши кийимларини ювсин ва чўмилсин. Бу киши кечқурунгача нопок ҳисобланади+.
6 Кимки ажралмаси оққан киши ўтирган нарсага ўтирса, кийимларини ювсин ва чўмилсин. Бу киши кечқурунгача нопок ҳисобланади.
7 Кимки ажралмаси оққан кишининг баданига тегса, кийимларини ювсин ва чўмилсин. Бу киши кечқурунгача нопок ҳисобланади.
8 Ажралмаси оққан киши пок инсонга тупурса, у киши кийимларини ювсин ва чўмилсин. У кечқурунгача нопок ҳисобланади.
9 Ажралмаси оққан киши минган ҳар қандай эгар нопок бўлади.
10 Бундай киши ўтирган нарсага теккан киши кечқурунга қадар нопок ҳисобланади. Ким ўша киши ўтирган нарсаларни кўтарса, кийимларини ювсин ва чўмилсин. У кечқурунгача нопок ҳисобланади.
11 Борди-ю, ажралмаси оққан киши+ қўлларини ювмасдан бирон кимга тегса, ўша киши кийимларини ювсин ва чўмилсин. У кечқурунгача нопок ҳисобланади.
12 Ажралмаси оққан киши сопол идишга тегса, бундай идиш синдирилсин, ҳар қандай ёғоч идиш эса сувда ювилсин+.
13 Ажралма оқиши тўхтаб, киши ундан тозаланса, покланиши учун етти кун кутсин. Кейин кийимларини ювиб, оқар сувда чўмилсин ва у пок бўлади+.
14 Саккизинчи куни у иккита ғуррак ёки иккита каптар палапонини олсин+ ва Яҳованинг ҳузурига, учрашув чодирининг кираверишига келиб уларни руҳонийга берсин.
15 Руҳоний булардан бирини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини эса куйдириладиган қурбонлик сифатида келтирсин. Шу йўсин, руҳоний Яҳованинг ҳузурида ўша кишини нопокликдан тозаласин*.
16 Борди-ю, бирор эркакдан маний оқса, у чўмилсин. У киши кечқурунгача нопок бўлади+.
17 Маний теккан ҳар қандай кийимни ва теридан қилинган ҳар қандай нарсани ювсин. Бу нарсалар кечқурунгача нопок бўлади.
18 Эркак киши аёл билан ётганда, эркакдан маний оқса, иккаласи ҳам чўмилсин. Улар кечқурунга қадар нопок бўлади+.
19 Борди-ю, аёлнинг баданидан қон оқса, у ҳайз кўрганлиги боис етти кун нопок ҳисобланади+. Унга теккан киши кечқурунгача нопок бўлади+.
20 Ҳайз кўрганида у ётган ва ўтирган ҳар қандай нарса нопок бўлади+.
21 Кимки унинг тўшагига тегса, кийимларини ювсин ва чўмилсин. У киши кечқурунга қадар нопок бўлади.
22 Ўша аёл ўтирган нарсага теккан киши кийимларини ювсин ва чўмилсин. У киши кечқурунгача нопок бўлади.
23 Борди-ю, кимдир унинг тўшагига ёки у ўтирган бирон нарсага тегса, кечқурунга қадар нопок бўлади+.
24 Агар эркак ҳайз кўрган аёл билан ётиб, унинг қони билан булғанса+, эркак етти кун нопок бўлади ва у ётган тўшак ҳам нопок бўлади.
25 Ҳайз кўрган вақтдан ташқари+ бошқа кунларда ҳам аёлдан қон оқса+ ёки бу ҳайз кўрган пайтдагига қараганда узоқроқ давом этса, ҳайз кўрган кунлари нопок бўлганидек, бу кунлари ҳам у нопок бўлади.
26 Ҳайз кўрган кунлари аёлнинг тўшаги нопок бўлганидек, қон оқаётган кунлар давомида ҳам у ётган ҳар қандай тўшак нопок бўлади+. У ўтирган ҳар қандай нарса, ҳайз кўрган пайтдаги сингари нопок бўлади.
27 Бу нарсаларга теккан киши нопок бўлади, у кийимларини ювсин ва чўмилсин. У кечқурунгача нопок ҳисобланади+.
28 Бироқ аёлдан қон оқиши тўхтаса, у қон оқиши тўхтаган кундан бошлаб етти кун кутсин. Сўнг у пок бўлади+.
29 Саккизинчи куни у иккита ғуррак ёки иккита каптар палапонини олсин+ ва учрашув чодирининг кираверишига келиб, уларни руҳонийга берсин+.
30 Руҳоний булардан бирини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини эса куйдириладиган қурбонлик сифатида келтирсин. Шу тариқа, руҳоний Яҳованинг ҳузурида ўша аёлни нопокликдан тозаласин*+.
31 Исроил ўғиллари ўзларининг орасидаги муқаддас чодиримни булғаб, нопокликлари дастидан ўлмасликлари учун, уларни нопокликдан сақланглар+.
32 Бу қонун касаллик туфайли жинсий аъзосидан ажралма оққан эркакка, манийси оққани учун нопок бўлган эркакка+,
33 ҳайз кўрган пайтда нопок бўлган аёлга+, шунингдек, ажралмаси оққан ҳар қандай эркагу аёлга+ ҳамда нопок аёл билан ётган эркакка тегишлидир”».