Левилар 19:1–37

  • Муқаддас бўлишга оид қонунлар (1–37)

    • Ҳосилни йиғиш ҳақида (9, 10)

    • Кар ва кўзи ожиз кишига муомала қилиш (14)

    • Туҳмат (16)

    • Кек сақламаслик (18)

    • Фол очиш ва сеҳр-жоду билан шуғулланиш тақиқланади (26, 31)

    • Танасига сурат чизиш тақиқланади (28)

    • Мўйсафидни ҳурмат қилиш (32)

    • Мусофирларга муомала қилиш (33, 34)

19  Тағин Яҳова Мусога шундай деб айтди:  «Исроил ўғилларининг бутун жамоасига мурожаат қилиб, мана бу гапларни етказ: “Муқаддас бўлинглар, чунки Мен, Худойингиз Яҳова, муқаддасман+.  Ҳар бирингиз ота-онангизни ҳурмат қилинг+. Менинг Шаббатларимга риоя қилинглар+. Мен Тангрингиз Яҳоваман.  Фойдасиз худоларга мурожаат қилманглар+, ўзларингиз учун қуйма бутлар ясаманглар+. Мен Тангрингиз Яҳоваман.  Агар Яҳовага атаб тинчлик қурбонлигини келтирсангизлар+, қурбонликни Худони мамнун қиладиган тарзда келтиринглар+.  Келтирган қурбонлигингизни ўша куни ва кейинги кун тановул қилинглар. Учинчи кунга ортиб қолганини оловда куйдиринглар+.  Агар қурбонликнинг бирор қисми учинчи куни ейилса, бундай қурбонлик Худога маъқул келмайди.  Қурбонликни еган киши қилган гуноҳи учун жавоб беради, чунки у Яҳовага тегишли муқаддас нарсани ҳаром қилди. Бундай киши халқи орасидан йўқ қилинсин.  Далангиз ҳосилини йиғаётганда унинг чеккаларидаги ҳосилни тўлиқ ўриб олманглар. Ўрим-йиғимдан қолиб кетган бошоқларни йиғиб олманглар+. 10  Узумзорингизда қолиб кетган ёки ерга тушиб қолган узум бошларини йиғиб олманглар. Уларни камбағаллару+ мусофирларга қолдиринглар. Мен Тангрингиз Яҳоваман. 11  Ўғрилик қилманглар+, алдаманглар+ ва бир-бирингизга қарши ҳийла ишлатманглар. 12  Тангрингизнинг исмига доғ туширмаслик учун, Менинг номимни тилга олиб ёлғон қасам ичманглар+. Мен Яҳоваман. 13  Ўз яқинингизни алдаманглар+ ва талончилик қилманглар+. Мардикорнинг иш ҳақини эрталабгача сақлаб қолманглар+. 14  Кар одамни лаънатламанглар. Кўзи ожиз инсоннинг йўлига тўсиқ қўйманглар+. Аллоҳингиздан қўрқинглар+. Мен Яҳоваман. 15  Ҳукм чиқарганда ноҳақлик қилманглар. Камбағалга юзхотирчилик қилманглар, бойга ҳам ён босманглар+. Яқинингизни адолат билан ҳукм қилинглар. 16  Халқингиз орасида туҳмат қилиб юрманглар+. Яқинингизнинг ҳаётига* қасд қилманглар*+. Мен Яҳоваман. 17  Кўнглингизда биродарингиздан нафратланманглар+. Яқинингизнинг гуноҳига шерик бўлмаслик учун, унга танбеҳ беринглар+. 18  Халқингиз ўғилларидан ўч олманглар+ ва уларга кек сақламанглар. Яқинингизни ўзингизни севгандай севинглар+. Мен Яҳоваман. 19  Менинг низомларимга риоя қилинглар: икки турдаги уй ҳайвонларини чатиштирманглар. Икки хил уруғни далангизга сепманглар+. Икки хил ип қўшиб тўқилган кийимни кийманглар+. 20  Агар эркак киши бошқа эркакка тегишли хизматкор аёл билан қовушса, лекин ўша аёл учун бадал тўланмаган ёки у озод этилмаган бўлса, улар жазолансин. Бироқ улар ўлимга маҳкум этилмасин, чунки аёл ҳали озодликка чиқарилмаган. 21  Ўша киши Яҳовага атаб айб қурбонлиги сифатида қўчқорни учрашув чодирининг кираверишига олиб келсин+. 22  Руҳоний қўчқорни айб қурбонлиги сифатида Яҳованинг ҳузурига келтириб гуноҳини ювсин ва унинг қилган гуноҳи кечирилади. 23  Мен сизларга бермоқчи бўлган юртга борганингизда мевали дарахт эксангиз, бошида унинг меваларини нопок ва тақиқланган деб ҳисобланглар. Уч йил мобайнида мевалари сизлар учун тақиқланган бўлсин. Уларни ейиш мумкин эмас. 24  Тўртинчи йили дарахтнинг ҳамма меваси муқаддас бўлади ва Яҳованинг олдида катта байрам шодиёнаси бўлади+. 25  Бешинчи йили дарахтнинг меваларини ейишингиз мумкин, у сизларга мўл-кўл ҳосил беради. Мен Тангрингиз Яҳоваман. 26  Ҳеч қандай гўштни қони билан еманглар+. Фол очманглар, сеҳр-жоду билан шуғулланманглар+. 27  Бошингизнинг ён томонларидаги сочларни қирманглар. Соқолингизнинг учини қирқманглар*+. 28  Марҳум* учун баданингизни кесманглар+, танангизга сурат* чизманглар. Мен Яҳоваман. 29  Юрт фоҳишалик қилмаслиги ва ахлоқсизликка тўлиб кетмаслиги учун, қизингизни фоҳишага айлантириб шарманда қилманглар+. 30  Менинг Шаббатларимга риоя қилинглар+, муқаддас масканимга эҳтиром кўрсатинглар. Мен Яҳоваман. 31  Арвоҳ чақирувчиларга мурожаат қилманглар+ ва фолбинларга маслаҳат солманглар+. Уларнинг дастидан ўзингизни булғаманглар. Мен Тангрингиз Яҳоваман. 32  Мўйсафид кишининг олдида ўрнингиздан туринглар+ ва кекса инсонни ҳурмат қилинглар+. Худойингиздан қўрқинглар+. Мен Яҳоваман. 33  Агар юртингизда сизлар билан мусофир яшаётган бўлса, унга ёмон муомала қилманглар+. 34  Сизлар билан яшаётган мусофир, ораларингизда маҳаллий аҳоли каби бўлсин+. Уни ўзларингизни севгандай севинглар. Чунки ўзларингиз ҳам Миср юртида мусофир эдингизлар+. Мен Тангрингиз Яҳоваман. 35  Узунлик, оғирлик ёки ҳажмни ўлчаганда алдаманглар+. 36  Тарозингиз, тарози тошларингиз, қуруқ нарсалар* ва суюқликлар* ўлчови тўғри бўлсин+. Мен, сизларни Миср юртидан олиб чиққан Худойингиз Яҳоваман. 37  Менинг барча низомлариму ҳукмларимга амал қилиб, уларни бажаринглар+. Мен Яҳоваман”».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «қонига».
Бошқа вариант «Яқинингизнинг ҳаёти хавф остида қолганда четда қараб турманглар».
Бу, соқолни умуман тартибга келтирмасликни англатмайди. Эҳтимол, бу ерда бутпарастларнинг одатлари назарда тутилган.
Ёки «жон». Бу ердаги ибронийча нефеш сўзи ўлган одамни билдиради.
Ёки «татуировка».
Сўзма-сўз «тўғри эфа». Илованинг Б14 мавзусига қ.
Сўзма-сўз «тўғри хин». Илованинг Б14 мавзусига қ.