Левилар 22:1–33
22 Яҳова Мусога яна қуйидагича деди:
2 «Ҳорун билан унинг ўғилларига айт: “Улар Исроил халқининг муқаддас назрларига нисбатан эҳтиёткор бўлишсин, уларни Менга атаб муқаддас қилишганда+, Менинг муқаддас исмимга доғ туширишмасин+. Мен Яҳоваман”.
3 Уларга шундай дегин: “Авлодларингиз оша бирон зурриётингиз нопок бўла туриб, Исроил ўғилларининг Яҳовага бағишлаган муқаддас назрларига яқинлашса, бундай одам ўлимга маҳкум этилсин+. Мен Яҳоваман.
4 Ҳоруннинг зурриётидан мохов касалига чалинган+ ёки жинсий аъзосидан ажралмаси оққан киши+ то покланмагунча+, муқаддас назрлардан емасин. Ўлган одамга тегиб нопок бўлган кишига теккан+ ёки манийси оққан+
5 ёки нопок ғуж-ғуж* мавжудотлардан бирортасига теккан+ ёки бирон сабабга кўра нопок бўлиб қолган одамга теккан киши+ муқаддас назрлардан емасин.
6 Булардан биронтасига теккан киши кечқурунгача нопок бўлади ва у чўмилиб олмагунча+ муқаддас назрлардан емасин.
7 Қуёш ботгандан кейин у пок бўлади. Шундан сўнг у муқаддас назрлардан ейиши мумкин, чунки бу унинг таомидир+.
8 Шунингдек, у нопок бўлиб қолмаслиги учун, мурдаси топилган ёки йиртқич ҳайвон тилка-пора қилган ҳайвоннинг гўштини емасин+. Мен Яҳоваман.
9 Гуноҳкор бўлмасликлари учун, Менинг олдимдаги бурчларини адо этишсин, ўлмаслик учун муқаддас нарсаларни булғашмасин. Мен уларни муқаддас қилган Яҳоваман.
10 Муқаддас назрлардан ейишга ҳаққи бўлмаган киши* уни емасин+. Руҳонийникига келган меҳмон ҳам, мардикор ҳам муқаддас назрлардан емасин.
11 Аммо руҳоний ўз пулига сотиб олган киши улардан ейиши мумкин. Руҳонийнинг уйида туғилган қуллар ҳам унинг таомидан еса бўлади+.
12 Агар руҳонийнинг қизи руҳоний хонадонидан бўлмаган кишига турмушга чиқса, у муқаддас назрлардан емасин.
13 Бироқ у бева қолса ёки эри билан ажрашса ҳамда болалари йўқ бўлса ва отасиникига қайтиб, қизлик давридагидай яшаётган бўлса, отасининг таомидан ейиши мумкин+. Фақат ейишга ҳаққи бўлмаган киши ундан емасин.
14 Борди-ю, кимдир муқаддас назрни билмай еб қўйса, у руҳонийга бошқа назр олиб келиб, устига унинг бешдан бир қисмини қўшиб берсин+.
15 Исроил ўғиллари Яҳовага тақдим этган муқаддас назрларни руҳонийлар булғашмасин+.
16 Шунингдек, Исроил халқи ўзлари келтирган муқаддас назрлардан еб, жазоланишга сабабчи бўлишмасин. Мен уларни муқаддас қилган Яҳоваман”».
17 Яҳова Мусога гапиришда давом этиб, деди:
18 «Ҳорун билан унинг ўғилларига ва бутун Исроил халқига шуларни айт: “Исроил халқига мансуб киши ёки Исроил юртида яшовчи мусофир ичган қасамига биноан ёки ихтиёрий назр сифатида+ Яҳовага куйдириладиган қурбонлик+ келтирса,
19 илтифот топиши учун, подасидан нуқсонсиз буқани+, ёш қўчқорни ёки такани олиб келсин.
20 Нуқсони бор ҳайвонни келтирмасин+. Акс ҳолда илтифот топмайди.
21 Агар кимдир ичган қасамини бажо келтириш мақсадида ёки ихтиёрий назр сифатида Яҳовага тинчлик қурбонлиги+ келтирмоқчи бўлса, илтифот топиши учун қорамол ёки қўй-эчкилари орасидан нуқсонсиз ҳайвонни олиб келсин. Унинг ҳеч қандай нуқсони бўлмасин.
22 Кўр, шикаст еган, кесиги ёки сўгали бор, қўтир ёки қирма темиратки тошган ҳайвонни Яҳовага тортиқ этманглар. Уни Яҳовага атаб қурбонгоҳда куйдирманглар.
23 Агар буқа ёки қўйнинг оёқларидан бири ҳаддан ортиқ узун ёки калта бўлса, уни ихтиёрий назр сифатида келтирса бўлади. Аммо қасамни адо этиш учун келтирилмасин, у қабул қилинмайди.
24 Мояги шикаст еган, эзилган, узиб ёки кесиб олинган ҳайвонни Яҳовага тортиқ этманглар, юртингизда бундай жониворни қурбонликка келтирманглар.
25 Мусофирнинг қўлидан ҳам бу каби жониворларни Тангрингизга таом сифатида келтирманглар, чунки улар шикаст еган ва нуқсони бор. Улар қабул қилинмайди”».
26 Яҳова Мусога яна қуйидагиларни айтди:
27 «Бузоқ, қўзи ёки улоқ туғилса, етти кун онаси билан бўлсин+, саккизинчи кундан бошлаб у Яҳовага атаб оловда куйдириладиган назр сифатида илтифот ила қабул қилинади.
28 Сигирни бузоғи билан бир кунда, қўйни ҳам қўзиси билан бир кунда сўйманглар+.
29 Агар Яҳовага атаб шукрона қурбонлиги+ тортиқ этмоқчи бўлсангиз, уни илтифот қозонадиган тарзда келтиринглар.
30 Уни ўша куннинг ўзида тановул қилинглар. Эрталабгача ҳеч нарса қолдирманглар+. Мен Яҳоваман.
31 Менинг амрларимга амал қилиб, уларни бажо келтиринглар+. Мен Яҳоваман.
32 Муқаддас исмимга доғ туширманглар+. Мен Исроил халқи орасида муқаддас бўлишим даркор+. Мен сизларни муқаддас қилган Яҳоваман+.
33 Тангрингиз эканимни кўрсатиш учун сизларни Миср юртидан олиб чиққанман+. Мен Яҳоваман».
Изоҳлар
^ Бу ибронийча сўз остида ҳавода, денгизда ва қуруқликда учрайдиган гала-гала кичик мавжудотлар тушунилиши мумкин.
^ Сўзма-сўз «бегона», яъни Ҳоруннинг хонадонига тегишли бўлмаган киши.