Левилар 9:1–24
-
Ҳорун қурбонликлар келтиради (1–24)
9 Саккизинчи куни+ Мусо Ҳорун билан унинг ўғилларини ва Исроил оқсоқолларини чақирди-да,
2 Ҳорунга деди: «Гуноҳ қурбонлиги учун нуқсонсиз бир бузоқни+, куйдириладиган қурбонлик учун нуқсонсиз битта қўчқорни олиб келиб, Яҳованинг олдига қўйинг.
3 Исроил халқига эса шундай деб айтинг: “Гуноҳ қурбонлиги учун битта такани, куйдириладиган қурбонлик учун нуқсонсиз бир яшар бузоқ ва ёш қўчқорни,
4 тинчлик қурбонликлари учун буқа билан қўчқорни Яҳованинг олдида қурбонликка келтиринглар+. Шунингдек, мой қўшилган дон назрини+ олиб келинглар. Чунки Яҳова бугун сизларга зоҳир бўлади”+».
5 Улар Мусо буюрган ҳамма нарсани учрашув чодирига олиб келишди. Кейин бутун жамоа келиб, Яҳованинг олдида турди.
6 Мусо уларга: «Яҳованинг улуғворлиги сизларга кўриниши учун, Яҳова сизларга бундай қилишни буюрди»+,— деди.
7 Сўнгра Мусо Ҳорунга: «Қурбонгоҳ олдига бориб, ўзингиз олиб келган гуноҳ қурбонлиги+ билан куйдириладиган қурбонликни келтириб, ўзингизни+ ва хонадонингизни гуноҳдан фориғ этинг. Шунингдек, халқ олиб келган назрларни+ келтириб, Яҳова амр этганидай, уларнинг гуноҳини ювинг»+,— деб айтди.
8 Ҳорун шу заҳотиёқ қурбонгоҳ олдига бориб, ўзининг гуноҳлари учун қурбон қилинадиган бузоқни сўйди+.
9 Ҳоруннинг ўғиллари бузоқнинг қонини+ олиб келишди ва у бармоғини унинг қонига ботирди-да, қурбонгоҳнинг ҳар бир шоҳига суртиб чиқди. Қолган қонни эса қурбонгоҳнинг ёнбошига тўкди+.
10 Бузоқнинг ёғини, буйраклари ва жигари устидаги ёғини олиб, Яҳова Мусога буюрганидай, қурбонгоҳнинг устида куйдирди+.
11 Гўшти билан терисини эса қароргоҳнинг ташқарисида ёндирди+.
12 Кейин Ҳорун куйдириладиган қурбонликни сўйди. Ўғиллари унга жонлиқнинг қонини олиб келишди ва у қонни қурбонгоҳнинг ҳамма томонига сачратиб чиқди+.
13 Ўғиллари унга куйдириладиган қурбонликнинг бўлакларини ва калласини олиб келишди. Ҳорун буларни қурбонгоҳда куйдирди.
14 Сўнгра ичаклари ва почаларини ювиб, қурбонгоҳдаги куйдириладиган қурбонликнинг устига қўйиб, куйдирди.
15 Бундан кейин, у халқ учун қурбонлик келтира бошлади. Халқнинг гуноҳи учун қурбон қилинадиган такани сўйди-да, биринчи сафардагидай, уни гуноҳ қурбонлиги қилиб келтирди.
16 Сўнг у қоидага биноан, куйдириладиган қурбонликни келтирди+.
17 Шунингдек, эрталаб куйдириладиган қурбонликдан+ ташқари, дон назрини+ келтириб, бир ҳовуч олди-да, қурбонгоҳда куйдирди.
18 Кейин эса, халқ учун тинчлик қурбонлиги қилиб олиб келинган буқа билан қўчқорни сўйди. Ўғиллари Ҳорунга жонлиқларнинг қонини олиб келишди ва у қонни қурбонгоҳнинг ҳамма томонига сачратиб чиқди+.
19 Буқанинг ёғи+ билан қўчқорнинг думбасини, уларнинг чарвисини, буйракларини ва жигаридаги ёғни олиб+,
20 жонлиқларнинг тўшлари устига қўйди-да, бу ёғларни қурбонгоҳда куйдирди+.
21 Ҳорун уларнинг тўши билан ўнг сонини, Мусо буюрганидай, Яҳованинг олдида силкитиладиган назр сифатида силкитди+.
22 Сўнг Ҳорун қўлларини кўтариб, халқни дуо қилди+ ва гуноҳ қурбонлиги, куйдириладиган қурбонлик ҳамда тинчлик қурбонликларини келтириб бўлгач, пастга тушди.
23 Охири Мусо билан Ҳорун учрашув чодирига киришди. Чодирдан қайтиб чиққач, халқни дуо қилишди+.
Шунда Яҳованинг улуғворлиги бутун халққа кўринди+.
24 Яҳованинг ҳузуридан олов чиқиб+, қурбонгоҳдаги куйдириладиган қурбонликни ва ёғларни ютиб юборди. Буни кўрган халқ қувончдан ҳайқириб, юзтубан тиз чўкди+.