Луқо баён этган хушхабар 14:1–35
14 Бир сафар Исо фарзийларнинг бошлиқларидан бирининг уйига Шаббат куни меҳмонга борди ва ўша ердагилар уни диққат билан кузата бошлашди.
2 Исонинг олдида истисқо касаллигига* чалинган бир киши бор эди.
3 Шунда Исо Таврот тафсирчилари ва фарзийлардан: «Шаббат куни касални даволаш қонунийми?»+ — дея сўради.
4 Лекин улар лом-мим дейишмади. Исо эса ўша одамга қўлини теккизиб шифолади-да, жўнатиб юборди.
5 Сўнг уларга шундай савол берди: «Орангиздан кимнингдир ўғли ёки ҳўкизи Шаббат куни қудуққа тушиб кетса+, уни дарҳол чиқариб олмайдими?»+
6 Бунга улар ҳеч қандай жавоб бера олишмади.
7 Меҳмонлар тўрдан жой танлашаётганини пайқаб, Исо уларга мисол келтириб+ шундай деди:
8 «Кимдир сизни никоҳ базмига таклиф қилса, тўрга чиқиб ёнбошлашга шошилманг+. Эҳтимол, таклиф этилганлар орасида сиздан обрўлироқ киши бордир.
9 Тағин мезбон келиб: “Қани, бу жойни унга бўшатиб беринг-чи”,— демасин. Ўшанда сиз хижолат бўлиб, остонада ўтиришга мажбур бўласиз.
10 Шунинг учун меҳмонга чақирилганда, остонага ёнбошланг. Токи мезбон келиб: “Дўстим, тўрга ўтинг”,— десин. Шунда барча меҳмонларнинг олдида сизга ҳурмат кўрсатилади+.
11 Зеро ким ўзини юқори тутса — пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса — юксалтирилади»+.
12 Бундан кейин Исо мезбонга қарата шундай деди: «Зиёфат уюштирганингизда дўст, ака-ука, қариндош-уруғ ва бой қўшниларингизни чақирманг. Чунки улар бир куни сизни ҳам чақириб, меҳмон қилиши мумкин.
13 Аксинча, зиёфат қилганингизда, камбағал, майиб, чўлоқ ва кўрларни чақиринг+.
14 Шунда бахтиёр бўласиз. Боиси, улар сизни меҳмон қила олишмайди. Сиз одил инсонлар тирилган вақтда+ мукофот оласиз».
15 Буни эшитиб, меҳмонлардан бири: «Худонинг Шоҳлигида таом ейдиган киши бахтлидир»,— деди.
16 Исо унга қуйидагича жавоб берди: «Бир киши зиёфат уюштириб+, кўп меҳмон чақирибди.
17 Зиёфат вақти келганда, у таклиф этилганларга: “Келинглар, ҳаммаси тайёр”,— деб айтиш учун хизматкорини юборибди.
18 Лекин уларнинг ҳаммаси баҳона қила бошлабди+. Биринчиси: “Мен ер сотиб олдим, уни кўриб келишим керак. Узр, боролмайман”,— дебди.
19 Бошқаси бўлса: “Мен ўнта ҳўкиз сотиб олдим, уларни синамоқчи эдим. Кечирасиз, боролмайман”+,— деб айтибди.
20 Учинчиси: “Мен яқинда уйландим, шу сабабли боролмайман”,— дебди.
21 Хизматкор келиб, ҳаммасини хўжайинига айтиб берибди. Шунда у ғазабга тўлиб, хизматкорига шундай дебди: “Тезда шаҳарнинг катта кўчалари ва йўлакларига чиқиб, камбағал, майиб, кўр ва чўлоқларни бу ерга чақириб кел”.
22 Бир оздан кейин хизматкор келиб: “Хўжайин, буюрганларингизни бажардим-у, яна бўш жойлар бор”,— деб айтибди.
23 Хўжайин бўлса хизматкорига буюрибди: “Йўлларга чиқ, сўқмоқларга бор. Учраганларни бу ерга мажбурлаб олиб кел, токи уйим тўлсин+.
24 Сизларга айтиб қўяй, дастлаб чақирилганлардан ҳеч бири менинг зиёфатимдан тотиб кўрмайди”»+.
25 Исо билан бирга катта халойиқ кетаётган эди. Шунда у ўгирилиб, уларга деди:
26 «Агар кимдир олдимга келса-ю, мендан кўра ота-онасини, хотин-болаларини, ака-укасини, опа-сингилларини ва ўз жонини* кўпроқ севса*+, менинг шогирдим бўла олмайди+.
27 Кимки ўзининг азоб устунини* кўтариб ортимдан юрмаса, менинг шогирдим бўла олмайди+.
28 Мисол учун, орангиздан кимдир иморат* қурмоқчи бўлса, уни битиришга маблағи етишини билиш учун, аввалига ўтириб қанча харажат кетишини ҳисоблаб олмайдими?
29 Акс ҳолда, у пойдевор солиб, иморатни эса битира олмаса, барча кўрганлар унинг устидан кулиб:
30 “Бу киши қуришни бошлабди-ю, битира олмабди-я”,— дейишади.
31 Ёки қайси подшоҳ бошқа бир подшоҳга қарши жангга отланаётиб, ўзининг 10 000 аскари билан 20 000 аскарга қарши чиқишга кучи етиш-етмаслигини олдиндан ўтириб маслаҳатлашиб олмас экан?
32 Агар кучи етмаса, бошқа подшоҳ ҳали узоқдалигида олдига элчиларини юбориб сулҳ тузади.
33 Хуллас, билиб қўйинглар, кимки ўз мол-мулкидан воз кечмаса, менинг шогирдим бўла олмайди+.
34 Туз албатта яхши нарса. Аммо у ўз кучини йўқотса, унга қандай қилиб таъм берса бўлади?+
35 Бундай туз ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамай, ахлатга ташлаб юборилади. Қулоғи борлар уқиб олсин»+.
Изоҳлар
^ Одамнинг танасида суюқлик тўпланадиган касаллик.
^ Ёки «ҳаётини».
^ Сўзма-сўз «ёмон кўрмаса».
^ Сўзма-сўз «минора».