Луқо баён этган хушхабар 15:1–32
15 Барча солиқчилар ва гуноҳкорлар Исони тинглаш учун унинг ёнига тўпланишди+.
2 Шу сабабдан фарзийлар ва уламолар жавраб: «Бу киши гуноҳкорларни қабул қилиб, улар билан овқат еяпти»,— дейишарди.
3 Исо эса уларга қуйидаги масални айтиб берди:
4 «Сизлардан кимнингдир 100 та қўйи бўлса-да, улардан биттасини йўқотиб қўйса, 99 тасини чўлда қолдириб, йўқолганини топмагунча ахтармайдими?+
5 Уни топгач эса, елкасига кўтариб роса севинади.
6 Ўша киши уйга келади-да, дўстларию қўшниларини чақириб: “Келинглар, бирга қувонамиз, чунки мен йўқотган қўйимни топдим”+,— дейди.
7 Сизларга айтиб қўяй, худди шундай, тавбага муҳтож бўлмаган 99 та одил кишидан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун ҳам осмонда катта хурсандчилик бўлади+.
8 Ёки қайси бир аёлнинг ўнта кумуш тангаси* бўлса-да, улардан биттасини йўқотиб қўйса, чироқ ёқиб уни топмагунча уйини супуриб, яхшилаб қидирмайдими?
9 Уни топгач эса, дугоналарию қўшниларини чақириб: “Келинглар, бирга қувонамиз, чунки мен йўқотган кумуш тангамни топдим”,— дейди.
10 Сизларга айтиб қўяй, худди шундай, тавба қилган битта гуноҳкор учун ҳам Аллоҳнинг фаришталари роса хурсанд бўлишади»+.
11 Кейин Исо қуйидагиларни айтди: «Бир кишининг иккита ўғли бор экан.
12 Кенжа ўғли отасининг олдига келиб: “Отажон, мол-мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг”,— дебди. Шунда ота бойлигини иккала ўғлига бўлиб берибди.
13 Орадан кўп вақт ўтмай, кенжа ўғил ҳамма нарсасини тўплаб, узоқ юртга кетибди. У ерда кайф-сафо қилиб, бор-будини совуриб юборибди.
14 Ҳамма пулини ишлатиб бўлганда, ўша юртда очарчилик бошланибди ва у қийналиб қолибди.
15 Сўнг йигит ўша юрт фуқароларидан бирининг олдига бориб, уни ишга олсин дея ялинибди. Шунда у киши чўчқаларни+ боқиш учун уни далага юборибди.
16 У ҳатто чўчқалар ейдиган қўзоқлар* билан қорнини тўйғазишни истабди-ю, аммо шуни ҳам унга беришмабди.
17 Охири йигит эс-ҳушини йиғиб, шундай дебди: “Отамнинг кўпгина ёлланган ишчилари тўйиб нон ейишади, мен эса бу ерда очликдан ўлай деб юрибман!
18 Энди ўрнимдан туриб, отамнинг ёнига бораман-да, унга айтаман: “Отажон, мен осмондаги Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим.
19 Бундан буён ўғлингиз деб аталишга ҳам арзимайман. Рухсат этинг, ёлланган ишчиларингиздан биридек бўлай”.
20 Шундай қилиб, йигит отасининг олдига борибди. У ҳали узоқда келаётганида, отаси уни кўриб, роса раҳми келибди. У ўғлининг ёнига югуриб бориб, бағрига босганча уни ўпибди.
21 Йигит отасига айтибди: “Отажон, мен осмондаги Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим+. Бундан буён ўғлингиз деб аталишга ҳам арзимайман”.
22 Отаси бўлса хизматкорларига шундай буйруқ берибди: “Тез бўлинглар, энг зўр кийим келтиринглар, бармоғига узук тақиб, оёқларига сандал кийгизинглар.
23 Бўрдоқини олиб чиқиб, сўйинглар, еб-ичиб хурсандчилик қилайлик.
24 Ахир ўғлим ўлган эди, тирилди+, йўқолган эди, топилди”. Шу йўсин, улар хурсандчилик қила бошлашибди.
25 Бу вақтда катта ўғил далада экан. У қайтиб келаётиб, уйга яқинлашганда, мусиқа ва ўйин-кулги садоларини эшитибди.
26 Шунда у хизматкорлардан бирини чақириб, нима бўлаётганини суриштирибди.
27 Хизматкор унга: “Укангиз соғ-саломат қайтиб келгани учун отангиз бўрдоқини сўйдилар”,— деб айтибди.
28 Ўғил эса аччиқланиб, ичкарига киргиси келмабди. Шунда отаси ташқарига чиқиб, унга ёлворибди.
29 Ўғил отасига жавобан: “Мен шунча йилдан бери сизга хизмат қилиб, гапингизга қулоқ солганман. Сиз эса дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун бирорта улоқчани ҳам бермагансиз.
30 Лекин фоҳишалар билан юриб, мол-мулкингизни совурган анави ўғлингиз келиши биланоқ, унга бўрдоқини сўйиб бердингиз”,— дебди.
31 Отаси бўлса унга айтибди: “Ўғлим, сен ҳамиша ёнимдасан ва бор нарсам сеники.
32 Лекин уканг ўлган эди, тирилди, йўқолган эди, топилди. Ана шунинг учун биз ҳозир хурсанд бўлиб, яйраяпмиз”».