Луқо баён этган хушхабар 6:1–49
6 Шаббат кунларидан бирида Исо экинзорни оралаб ўтиб кетаётганида, ёнидаги шогирдлари буғдой бошоқларини узиб+, кафти билан уқалаб ейишаётганди+.
2 Шунинг учун фарзийлардан айримлари ундан: «Нега Шаббат куни қонун бўйича тақиқланган ишни қиляпсизлар?»+ — деб сўрашди.
3 Исо уларга жавобан шундай деди: «Довуд ва у билан бўлган одамлар оч қолишганида нима қилишгани тўғрисида ўқимаганмисизлар?+
4 У Худонинг уйига кириб, ёнидаги одамлари билан бирга бахшида қилинган нонларни* еганидан бехабармисизлар? Ахир бу нонларни руҳонийлардан бошқа ҳеч ким ейиши мумкин бўлмаган-ку»+.
5 Кейин Исо уларга: «Инсон Ўғли Шаббат кунининг Хўжайинидир»+,— деди.
6 Бошқа Шаббат кунида+ Исо ибодатхонага кириб, таълим бера бошлади. У ерда ўнг қўли қуриб қолган* бир киши бор эди+.
7 Уламолар билан фарзийлар Исони айблашга баҳона излаб, у Шаббат кунида ҳам одамни даволармикин, дея диққат билан кузатиб туришарди.
8 Аммо Исо уларнинг фикрини билган ҳолда+, қўли қуриб қолган кишига: «Ўрнингиздан туриб, ўртага чиқинг»,— деди. У ростланиб, ўртага чиқди.
9 Кейин Исо уларга деди: «Мен сизларга бир савол берай: қонун бўйича Шаббат кунида нима қилиш мумкин: яхшиликми ёки ёмонликми? Жонни* асрашми ёки ҳалок этишми?»+
10 Атрофидаги одамларга назар ташлаб, Исо ўша кишига: «Қўлингизни узатинг»,— деди. У узатиши биланоқ, қўли соғайиб кетди.
11 У ерда турганлар ниҳоятда ғазабланиб, Исони нима қилсак экан, дея ўзаро муҳокама қила бошлашди.
12 Ўша кунларда Исо ибодат қилиш учун тоққа бориб+, кечаси билан Аллоҳга ибодат қилиб чиқди+.
13 Кун ёришгач эса шогирдларини ёнига чақириб, ораларидан 12 тасини танлади ва уларни «ҳаворийлар*» деб атади. Улар қуйидагилардир+:
14 Бутрус (Исо уни «Симун» деб ҳам номлаган) ва унинг укаси Идрис, Ёқуб, Юҳанно, Филип+, Бартолмей,
15 Матто, Тўма+, Алфейнинг ўғли Ёқуб, «ғайратли» деб аталган Симун,
16 Ёқубнинг ўғли Яҳудо ва хоинга айланган Яҳудо Ишқариёт.
17 Исо улар билан бирга тоғдан тушиб, бир текисликка ўрнашди. Унинг ёнига кўпгина шогирдлари ҳамда бутун Яҳудия ва Қуддусдан, денгиз соҳилидаги Тир ва Сидон ерларидан тўда-тўда одамлар келишди. Улар Исони тинглаб, дардларидан фориғ бўлиш учун келишган эди.
18 Ҳатто жинга чалинган одамлар ҳам шифо топишди.
19 Бутун халойиқ Исога қўл теккизишга интиларди, чунки ундан чиққан кучдан+ ҳаммаси соғайиб кетарди.
20 Исо шогирдларига қараб қуйидагиларни айтди:
«Эй камбағаллар, сизлар бахтлисиз, боиси Худонинг Шоҳлиги сизларникидир+.
21 Эй, ҳозир оч бўлганлар, сизлар бахтлисиз, зеро тўясиз+.
Эй, ҳозир йиғлаётганлар, сизлар бахтлисиз, чунки куласиз+.
22 Одамлар сизлардан нафратланиб+, Инсон Ўғли туфайли қувғун қилишса+ ва ҳақоратлаб бадном этишса, бахтлисизлар.
23 Ўша куни шод-хуррам бўлинглар, негаки осмондаги мукофотингиз буюкдир! Ахир уларнинг ота-боболари ҳам пайғамбарларга шундай муомала қилишган+.
24 Эй бойлар, ҳолингизга вой+, боиси оладиганингизни олиб бўлдингиз+.
25 Эй, ҳозир тўқ бўлганлар, ҳолингизга вой, зеро оч қоласиз.
Эй, ҳозир кулаётганлар, ҳолингизга вой, чунки қайғу чекиб йиғлайсиз+.
26 Қачонки ҳамма одамлар сизлар ҳақингизда яхши гапирса, ҳолингизга вой!+ Негаки уларнинг ота-боболари ҳам сохта пайғамбарларга шундай муомала қилишган.
27 Лекин мени тинглаётган сизларга шуни айтиб қўяй: душманларингизни севишдан ҳамда сизлардан нафратланаётган кишиларга яхшилик қилишдан+,
28 сизларни лаънатлаётган одамларни дуо қилишдан ва сизларни ҳақоратлаётганлар учун ибодат қилишдан бош тортманглар+.
29 Бир ёноғингизга тарсаки туширган кишига иккинчисини ҳам ўгиринг. Устки кийимингизни тортиб олган кишига, ички кийимингизни ҳам аямай беринг+.
30 Сиздан сўраганга беринг+ ва берган нарсангизни қайтариб беришини сўраманг.
31 Хуллас, одамлар сизларга қандай муомала қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга шундай муомала қилинг+.
32 Агар фақат сизларни севган кишиларни севсангиз, қанақа мақтовга лойиқ иш қилган бўласиз? Ҳатто гуноҳкорлар ҳам ўзларини севган кишиларни севишади-ку+.
33 Агар фақат сизларга яхшилик қиладиганларга яхшилик қилсангиз, қандай фазилатли иш қилган бўласиз? Ахир гуноҳкорлар ҳам шундай қилишади-ку.
34 Борди-ю, қайтариб олиш умидида бировга қарз* берсангиз, қандай таҳсинга сазовор иш қилган бўласизлар?+ Ҳатто гуноҳкорлар ҳам қайтариб олиш умидида бир-бирига қарз бериб туришади-ку.
35 Сизлар эса душманларингизни севинг, яхшилик қилаверинг ва қарз бериб, қайтариб олишга умид қилманг+. Ўшанда катта мукофотга эга бўлиб, Тангри Таолонинг ўғиллари бўласизлар, чунки У ҳатто ношукур ва ёвуз бандаларига нисбатан ҳам меҳрибондир+.
36 Самовий Отангизга ўхшаб, сизлар ҳам доим раҳмдил бўлинглар+.
37 Бундан ташқари, бошқаларни ҳукм қилишни бас қилинглар, шунда ўзингиз ҳам асло ҳукмга дучор бўлмайсизлар+. Бошқаларни айблашни бас қилинглар, шунда ўзингиз ҳам сира айбловга дуч келмайсизлар. Кечиримли бўлинглар, шунда сизларнинг ҳам гуноҳларингиз кечирилади+.
38 Бошқаларга бериб туринглар, шунда улар ҳам сизларга беришади+: яхшилаб босилган, силкитилган, тўлиб-тошган ўлчов билан қўйнингизга солиб қўйишади. Чунки сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, улар ҳам сизларга шундай ўлчов билан ўлчаб беришади».
39 Кейин Исо уларга бир масал ҳам айтиб берди: «Кўр кўрни етаклаб юра оладими? Ахир иккови ҳам чуқурга тушиб кетмайдими?+
40 Шогирд устозидан устун бўла олмайди, аммо яхшилаб ўрганиб олгандан кейин, устозидай бўлади.
41 Нега биродарингизнинг кўзидаги чўпга қарайсиз-у, ўз кўзингиздаги ходани кўрмайсиз?+
42 Ўз кўзингизда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингизга: “Келинг, кўзингиздаги чўпни чиқариб олай”,— дейсиз? Эй иккиюзламачи! Аввал ўз кўзингиздаги ходани чиқариб ташланг, ўшандагина биродарингизнинг кўзидаги чўпни қандай чиқариш кераклигини кўра оласиз.
43 Яхши дарахт ёмон мева бера олмаганидек, ёмон дарахт ҳам яхши мева бера олмайди+.
44 Ҳар бир дарахт ўз мевасидан маълум бўлади+. Масалан, одамлар тиканакдан анжир теришмайди ва бутазордан узум узишмайди.
45 Яхши инсон ўзининг қалб хазинасидан яхши нарсалар чиқаради, ёмон инсон эса ўзининг қалб хазинасидан ёмон нарсалар чиқаради. Ахир одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради-ку+.
46 Нега сизлар мени: “Ҳазрат, Ҳазрат”,— деб чақирасизлар-у, айтганимни қилмайсизлар?+
47 Ёнимга келиб сўзларимни тинглаган ва уларга риоя этган кишини кимга ўхшатишимни сизларга айтай+:
48 бу киши уй қураётганида ерни чуқурроқ ковлаб, пойдеворини қоятош устига ўрнатган одамга ўхшайди. Шунда сел тошиб, дарё сувлари уйни босганда ҳам, у пухта қурилгани учун ҳеч зарар кўрмабди+.
49 Менинг сўзларимни тинглаб, уларга риоя этмаган киши+ эса, уйини тупроқ устига пойдеворсиз қурган одамга ўхшайди. Дарё сувлари ўша уйни босган экан, у бутунлай қулаб тушибди».