Малаки 1:1–14
1 Хабар.
Яҳованинг Малаки* пайғамбар орқали Исроилга айтган сўзлари:
2 «Мен сизларга севгимни намоён этдим»+,— демоқда Яҳова.
Сизлар эса: «Бизга севгингни қандай намоён этдинг?» — деб айтяпсизлар.
«Эсов Ёқубнинг акаси эмасмиди?+ — демоқда Яҳова. — Аммо Мен Ёқубни севдим,
3 Эсовдан эса нафратландим+. Унинг тоғларини кимсасиз қилиб қўйдим+, меросини саҳродаги чиябўриларга бердим»+.
4 «Ҳатто Эдом*: “Биз харобага айландик, лекин қайтиб келиб харобаларни яна тиклаймиз”,— деса ҳам, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Улар қуради, Мен эса бузиб ташлайман. Уларни “ёвузлар диёри” ва “Яҳова абадий ҳукмга мубтало қилган халқ” деб атайдилар+.
5 Буни ўз кўзларингиз билан кўриб: “Бутун Исроил юрти бўйлаб Яҳова юксалсин!” — дейсизлар.
6 Эй, исмимни менсимаган руҳонийлар, сизларга Мен — Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай дейман: “Ўғил отасини+, хизматкор хўжайинини ҳурмат қилади. Агар Мен ота бўлсам+, нега Мени ҳурмат қилмаяпсизлар?+ Хўжайин* бўлсам, нега Менга эҳтиром кўрсатмаяпсизлар?”
Сизлар эса: “Қанақасига исмингни менсимадик?”+ — деб айтяпсизлар.
7 Қурбонгоҳимга ҳаром таом келтириб менсимадингизлар.
“Яҳованинг дастурхони+ жирканч бир нарса”,— деб туриб,
Тағин: “Қанақасига Сени ҳаром қилдик?” — дейсизлар.
8 Кўр ҳайвонни қурбонликка олиб келганингизда: “Бўлаверади”,— дейсизлар. Оқсоқ ёки касал ҳайвонни келтирганингизда: “Бўлаверади”,— деб айтасизлар»+.
«Қани, буларни ҳукмдорингизга тақдим қилиб кўринг-чи, у сиздан мамнун бўладими, сизни яхши қабул қиладими?» — демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова.
9 «Сизлардан ўтиниб сўрайман, Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатиши учун энди Унга ёлворинглар. Шундай назрлар келтирар экансиз, У бирортангиздан мамнун бўладими?» — демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова.
10 «Қай бирингиз текинга эшикларни ёпасиз*?+ Ахир ҳақ тўланмаса сизлар қурбонгоҳимда ҳатто олов ёқмайсиз-ку!+ Мен сизлардан рози эмасман. Келтирган ҳеч бир назрингиздан мамнун бўлмайман»+,— демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова.
11 «Кунчиқар томондан то кунботар томонгача халқлар исмимни улуғлайди+. Ҳар ерда Менинг исмимга атаб муносиб қурбонликлар тутатилиб, назрлар келтирилади. Чунки халқлар исмимни улуғлайди»+,— демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова.
12 «Сизлар эса: “Яҳованинг дастурхони ҳаром, устидаги мевалар ҳам, таомлар ҳам жирканч”+,— деб уни* булғаяпсизлар+.
13 Яна: “Уф, чарчаб кетдик ҳаммасидан!” — дея жирканиб бурун жийирасизлар»,— демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова. «Ўғирланган, оқсоқ ва касал ҳайвонларни келтирасизлар. Ҳа, шу нарсаларни қурбонликка келтиряпсизлар! Уларни қабул қилишим керакми?!»+ — демоқда Яҳова.
14 «Подасида соғлом қўчқори бўла туриб, қасам ичганда ёки қурбонликлар қилганда нуқсони бор ҳайвонни келтирган айёр инсон лаънати бўлсин! Ахир Мен улуғ Подшоҳман+, исмим халқларни ваҳимага солади»+,— демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова.
Изоҳлар
^ Маъноси «Менинг хабарчим».
^ Ёки «Улуғ хўжайин».
^ Маъбаддаги эшикларни ёпиш вазифаси назарда тутилган бўлиши мумкин.
^ Бошқа вариант «Мени».