Матто баён этган хушхабар 19:1–30
19 Исо бу сўзларни айтиб бўлгач Жалиладан чиқиб, Иорданнинг нариги томонидаги Яҳудия чегараларига келди+.
2 Унинг орқасидан тумонат халойиқ эргашиб келаётган эди. Исо у ерда хасталарга шифо берди.
3 Унинг ёнига фарзийлар келиб, синаш ниятида шундай савол беришди: «Эркак киши ҳар қандай сабабга кўра ўз хотинидан ажралиши қонунийми?»+
4 Исо уларга жавобан деди: «Ахир ўқимаганмисизлар? Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратиб+,
5 шундай деган: “Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, хотинига боғланиб* қолади ва иккови бир тан бўлади”+.
6 Демак, энди улар икки эмас, бир тан ҳисобланади. Шундай экан, Аллоҳ бирга қўшганини* бандаси ажратмасин»+.
7 Улар эса Исодан: «Нега унда Мусо пайғамбаримиз, ажралмоқчи бўлган киши, хотинига талоқ хатини беришини айтганлар?»+ — деб сўрашди.
8 Исо уларга жавобан деди: «Бағритош бўлганингиз учун, Мусо пайғамбар хотинларингиздан ажралишга рухсат берганлар+. Аммо дастлаб бундай бўлмаган+.
9 Сизларга айтиб қўяй, кимки хотини унга бевафолик* қилмаган бўлса-да, ундан ажралиб ўзгага уйланса, зино қилган бўлади»+.
10 Шогирдлари Исога: «Агар никоҳ қурганлар учун талаб шундай бўлса, уйланмаган яхшироқ экан-да»,— дейишди.
11 Исо бўлса уларга шундай деди: «Ҳамма ҳам бунга риоя қила олмайди, фақат кимнинг бундай инъоми+ бўлсагина, бунга риоя қила олади.
12 Чунки баъзилар уйланишга яроқсиз бўлиб туғилади, кимдир одамлар томонидан бичилган бўлади, бошқалари эса Осмон Шоҳлиги учун турмуш қуришдан воз кечишади. Ким бундай яшай олса, яшайверсин»+.
13 Кейин, Исо дуо қилсин деб, унинг ёнига болаларни олиб келишди; шогирдлари эса уларни койиб беришди+.
14 Бироқ Исо: «Болажонларга тегманглар, улар ёнимга келишига тўсқинлик қилманглар, зеро Осмон Шоҳлиги шундайларникидир»+,— деди.
15 Исо болаларнинг устига қўлини қўйиб, дуо қилди-да, у ердан кетди.
16 Шундан сўнг, унинг ёнига бир йигит келиб: «Устоз, абадий ҳаётга эришиш учун қандай яхши иш қилишим керак?» — деб сўради+.
17 Исо бўлса унга жавобан: «Нега яхши иш ҳақида мендан сўраяпсиз? Биргина Худо яхшидир*+. Ҳаётга эришишни истасангиз, доимо амрларга риоя қилинг»+,— деди.
18 У эса Исодан: «Қайси амрларга?» — дея сўради. Исо жавобан: «Қотиллик қилманг+, зино қилманг+, ўғрилик қилманг+, сохта гувоҳлик берманг+,
19 ота-онангизни ҳурмат қилинг+ ва яқинингизни ўзингизни севгандек севинг»+,— деди.
20 Йигит Исодан сўради: «Буларнинг барига риоя қилиб келганман, яна нима қилишим керак?»
21 Исо унга шундай жавоб берди: «Агар Аллоҳга мукаммал даражада хизмат қилишни истасангиз, бориб барча мол-мулкингизни сотинг-да, камбағалларга тарқатинг. Шунда осмонда хазинангиз бўлади+. Сўнг келиб, менинг издошим бўлинг»+.
22 Бу сўзларни эшитиб, йигит қайғу ичида у ердан кетди, чунки унинг мол-мулки жуда кўп эди+.
23 Исо шогирдларига қуйидагиларни айтди: «Ишонаверинг, бой кишининг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади+.
24 Яна шуни ҳам айтиб қўяйки: бой кишининг Худонинг Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқ»+.
25 Буни эшитгач, шогирдлари ғоят ҳайрон бўлиб: «Унда ким нажот топа олади?» — дея сўрашди+.
26 Исо уларга тикилиб қаради-да, шундай деди: «Бу, одамлар учун имконсиздир, аммо Тангри учун имконсиз нарса йўқ»+.
27 Шунда Бутрус сўради: «Мана, биз бор-йўғимизни қолдириб, орқангиздан эргашиб келдик. Бунинг эвазига биз нимага эга бўламиз?»+
28 Исо уларга жавоб берди: «Ишонаверинг, Аллоҳ барча нарсани янгидан яратганда, Инсон Ўғли ўзининг улуғвор тахтига ўтиради. Ўшанда, менинг орқамдан эргашган сизлар ҳам 12 тахтга ўтириб, Исроилнинг 12 қабиласини ҳукм қиласизлар+.
29 Мени деб уй-жой, ака-ука, опа-сингил, ота-она, бола-чақа ёки ер-мулкини қолдирган ҳар ким 100 баробар кўпроғига эга бўлиб, абадий ҳаётга эришади+.
30 Аммо биринчилардан кўпи охирги, охиргилар эса биринчи бўлади+.
Изоҳлар
^ Бу ерда қўлланилган юнонча сўз «елим билан ёпиштирилгандай маҳкам бирикиб қолиш», деган маънога эга.
^ Сўзма-сўз «битта бўйинтуруққа қўшганини».
^ Яъни нима яхши эканини белгиловчи.