Римликларга 5:1–21

  • Масиҳ орқали Худо билан ярашиш (1–11)

  • Одамато орқали ўлим, Масиҳ орқали ҳаёт (12–21)

    • Гуноҳ ва ўлим ҳаммага ўтди (12)

    • Оқланишга олиб келадиган битта хатти-ҳаракат (18)

5  Имонимиз туфайли одил деб эълон қилинган эканмиз+, Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали Аллоҳ билан тинч муносабатларни сақлайлик*+. 2  Масиҳ орқали имонимиз ёрдамида ҳозир биз эга бўлган иноятга йўл очилди+. Шундай экан, Худонинг улуғворлигига эришиш умидидан қувонайлик*. 3  Нафақат бундан, балки қайғу-аламларда ҳам шод бўлайлик*+. Боиси, қайғу-аламлар сабр-бардошни+, 4  сабр-бардош Аллоҳнинг розилигини+, Унинг розилиги умидворликни ҳосил қилишини биламиз+. 5  Умид бўлса кўнгил қолишига олиб келмайди+, чунки бизга ато этилган муқаддас руҳ орқали Худонинг севгиси қалбимизни тўлдирди+. 6  Биз ҳали гуноҳкор* бўлганимизда+, Масиҳ белгиланган вақтда гуноҳкор инсонлар учун ўлди. 7  Одил киши учун бирор кимсанинг ўлиши амримаҳол, яхши одам учун эса балки ўлишга кимнингдир юраги дов берар. 8  Лекин Аллоҳ бизга Ўз севгисини биз ҳали гуноҳкор бўлганимизда, Масиҳ биз учун вафот этгани билан кўрсатди+. 9  Демак, Масиҳнинг қони орқали одил деб эълон этилган эканмиз+, у орқали Худонинг ғазабидан қутулишимиз ҳам шубҳасиздир+. 10  Агар душман бўла туриб, Ўғлининг ўлими орқали Тангри билан ярашган бўлсак+, унда ҳозир, яъни ярашгандан сўнг Ўғлининг ҳаёти воситасида нажот топишимиз аниқ. 11  Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, чунки бизни Аллоҳ билан яраштирган Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали Худо билан бўлган муносабатларимиз учун ҳам қувоняпмиз+. 12  Негаки, битта одам дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим+. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди, демак уларнинг барчаси гуноҳ қилган+... 13  Ахир гуноҳ дунёда Тавротдан аввал бор эди, лекин қонун бўлмаса, гуноҳ ҳисобга ўтмайди+. 14  Бунга қарамай, ўлим Одаматодан Мусогача, ҳатто Одамато сингари гуноҳ қилмаганлар устидан ҳам ҳукмронлик қилиб келган. Аслида Одамато келажакда келадиган зотга ўхшаш эди+. 15  Бироқ инъомнинг натижаси айбнинг натижаси каби эмас. Агар бир кишининг айби дастидан кўплар ўлган бўлса, битта инсон — Исо Масиҳ орқали кўпчилик Тангрининг иноятидан баҳраманд бўлди+. Бу иноятга қўшиб берилган Унинг инъоми эса, кўплаб одамларга тенги йўқ фойда келтирди+. 16  Устига-устак, инъомнинг ва бир киши қилган гуноҳнинг+ натижалари турлича. Чунки битта айбнинг оқибати ҳукм этилиш билан тугаса+, инъомнинг натижаси эса кўп айбларга қарамай одил деб эълон этилишга олиб келади+. 17  Агар битта одамнинг айби туфайли ўлим бошқариб келган бўлса+, унда Худонинг иноятини ва одиллик инъомини+ мўл-кўл олаётганлар бир инсон, яъни Исо Масиҳ орқали ҳаётга эга бўлиб+, шоҳлик қилишади+. 18  Хуллас, битта айб дастидан ҳар турли инсонлар ҳукм этилган бўлишса+, худди шундай оқланишга олиб келган битта хатти-ҳаракат туфайли ҳар турли инсонлар+ ҳаёт учун одил деб эълон қилинадилар+. 19  Битта одамнинг итоатсизлиги кўпчиликни гуноҳкор қилиб қўйгани сингари+, битта инсоннинг итоаткорлиги кўпларни одил қилади+. 20  Таврот бўлса айбларнинг кўплиги равшан бўлиши учун кейинчалик пайдо бўлди+. Лекин гуноҳ кўп бўлган жойда, иноят ундан ҳам кўпроқ бўлган. 21  Нима мақсадда? Гуноҳ билан ўлим ҳукмронлик қилганидек+, Ҳазратимиз Исо Масиҳ ёрдамида абадий ҳаётга етаклайдиган одиллик орқали иноят ҳам ҳукм сурсин+.

Изоҳлар

Бошқа вариант «Аллоҳ билан тинчликда яшаяпмиз».
Бошқа вариант «қувоняпмиз».
Бошқа вариант «шодмиз».
Ёки «заиф».