Римликларга 8:1–39

  • Руҳ воситасида ҳаёт ва озодлик (1–11)

  • Руҳ орқали ўғилликка қабул қилиниш (12–17)

  • Яратилганлар Худо фарзандларининг эркинлигига эга бўлишни кутяпти (18–25)

  • Руҳ биз учун воситачилик қилади (26, 27)

  • Худо тан олган кишилар (28–30)

  • Худонинг севгиси асосида ғалаба қозониш (31–39)

8  Шу сабабли, Исо Масиҳ билан бирликда бўлганлар ҳукм қилинмайдилар. 2  Чунки Исо Масиҳ билан бирликда ҳаёт ато этувчи руҳ* қонуни сени гуноҳ ва ўлим қонунидан озод этди+. 3  Инсонлар номукаммал бўлгани учун+, Тавротга тўлиқ амал қила олишмаган+ ва қонун уларни тўлиқ қутқара олмаган. Худо гуноҳга чек қўйиш мақсадида, Ўз Ўғлини гуноҳкор инсон қиёфасида*+ ер юзига юбориб+, танадаги гуноҳни жазога маҳкум этяпти. 4  Токи биз Тавротнинг адолатли талабини+ тана истакларига биноан эмас, балки муқаддас руҳга муносиб равишда бажарайлик+. 5  Тана истакларига мувофиқ яшайдиганлар танага оид нарсалар+ тўғрисида, муқаддас руҳга мувофиқ яшайдиганлар эса маънавий нарсалар+ ҳақида фикр юритишади. 6  Танага оид нарсаларни ўйлаш — ўлим+, маънавий нарсалар тўғрисида мулоҳаза юритиш эса ҳаёт ва тинчлик келтиради+. 7  Боиси, танага оид нарсаларни ўйлаш Аллоҳ билан душман бўлишни англатади+. Чунки тана Худонинг қонунига бўйсунмайди, аслида бўйсуна олмайди ҳам. 8  Хуллас, тана истакларига мувофиқ умр кечираётганлар Аллоҳни мамнун қила олмайдилар. 9  Бироқ Худонинг руҳи чиндан ҳам ичингизда бор бўлса, демак сизлар тана истакларига биноан эмас, муқаддас руҳга кўра ҳаёт кечиряпсизлар+. Аммо кимки Масиҳ каби фикр юритмаса*, унга тегишли бўлмайди. 10  Агар Масиҳ сизлар билан бирликда бўлса+, унда танангиз гуноҳ дастидан ўликдир, муқаддас руҳ эса одиллик воситасида ҳаёт бахш этмоқда. 11  Борди-ю, Исони тирилтирган Худонинг руҳи ичингизда бор бўлса, Аллоҳ Исо Масиҳни тирилтиргани каби+, ўлик таналарингизни ҳам+ Ўз руҳи билан жонлантиради. 12  Шундай экан, биродарлар, биз танага ва унинг истакларига бўйсунишга мажбур эмасмиз+. 13  Сабаби, агар сизлар тана истакларингиз бўйича яшасангиз, албатта ўласизлар. Борди-ю, гуноҳли ишларни муқаддас руҳ билан ўлдирсангиз+, яшайсизлар+. 14  Худонинг руҳи билан бошқариладиган барча Тангрининг ўғилларидир+. 15  Аллоҳнинг руҳи бизни яна қуллик ва қўрқувга солмайди. Аксинча, ушбу руҳ орқали биз ўғилликка қабул қилиниб, шу руҳ бизни: «Абба*, Ота!»+ — дейишга ундамоқда. 16  Ушбу руҳ қалбимиз* билан биргаликда+, биз Аллоҳнинг фарзандлари+ эканимиз ҳақида шоҳидлик бермоқда. 17  Агар фарзандлар бўлсак, унда меросхўрлар, яъни Худонинг меросхўрлари, Масиҳнинг эса ворисдошларимиз+. Агар Масиҳ билан бирга азоб чексак+, у билан бирга улуғланамиз+. 18  Шунинг учун, ҳозир мен бошдан кечираётган азоблар, биз орқали очиб бериладиган шон-шараф олдида ҳеч нарса эмас+. 19  Барча яратилганлар* Худонинг ўғиллари улуғвор кўринишда ошкор бўлишини интизорлик билан кутишяпти+. 20  Ахир яратилганлар беҳуда нарсаларга+ ўз хоҳиши билан эмас, Тангрининг иродаси билан тобе қилинди. Шу билан биргаликда, У умид қилишга асос ҳам берган. 21  Яъни яратилганларнинг ўзи ҳам чириш қуллигидан озод этилиб+, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлади. 22  Боиси, барча яратилганлар шу кунгача оҳ-воҳ қилиб, азоб чекаётгани бизга аён. 23  Устига-устак, биринчи ҳосилга, яъни муқаддас руҳга эга бўлган ўзимиз ҳам қалбимизда фиғон чекиб+, Аллоҳ бизни ўғиллари сифатида қабул қилиб+, тўлов орқали танамиздан озод этилишни интизор бўлиб кутяпмиз. 24  Биз шу умид билан қутқарилдик. Бироқ одам кўриб турган нарсага умид қилса, буни умид деб бўлмайди. Ахир киши бирор нарсани кўриб турса, унга умид боғлайдими? 25  Лекин кўрмаётган нарсага+ умид боғласак+, сабр+ билан интизор бўлиб кутамиз. 26  Худди шундай, муқаддас руҳ заифликларимизда бизга ёрдам беради+. Негаки, зарур бўлганда нима ҳақда ибодат қилишни билмай қолганимизда, ушбу руҳ ифодалаб бўлмайдиган оҳ-нолалар билан биз учун воситачилик қилади. 27  Бироқ қалбларни текширадиган Худо+, муқаддас руҳ нимани назарда тутаётганини билади, чунки руҳ Тангрининг иродасига мувофиқ тарзда муқаддас кишилар учун воситачилик қилади. 28  Бизга маълумки, Аллоҳ барча ишларини Уни севадиганларга, яъни ниятига кўра даъват этилганларга фойда келтирадиган қилиб бажаради+. 29  Унинг Ўғли кўп биродарлар орасида+ тўнғич бўлиши учун+, Худо аввал тан олган кишилар Ўғлининг суратига ўхшаш+ бўлишларини олдиндан белгилаб қўйди. 30  Бундан ташқари, У кимларни олдиндан белгилаган бўлса+, шу одамларни даъват этди+. Кимларни даъват этган бўлса, ўша кишиларни одил деб эълон қилди+. Ниҳоят, кимларни одил деб эълон қилган бўлса, ўшаларни улуғлади+. 31  Хўш, бунга нима деймиз? Агар Тангри биз тарафда бўлса, унда ким бизга қарши чиқади?+ 32  Ўз Ўғлини аямай, уни ҳаммамиз учун берган Худо+, наҳот қолган нарсаларни ҳам бизга қўшиб бермаса? 33  Аллоҳ танлаган кишиларни ким айблай олади?+ Ахир Худонинг Ўзи уларни одил деб эълон қилмоқда+. 34  Ким уларни ҳукм қилади? Ўлган, аниқроғи тирилган ҳамда Аллоҳнинг ўнг тарафида ўтирган Исо Масиҳ+ биз учун воситачилик қилмоқда+. 35  Масиҳнинг севгисидан бизни ким маҳрум эта олади?+ Қайғу-аламми, азобми, таъқибми, очлик ва яланғочликми, хавф ёки қиличми?+ 36  Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: «Сен учун кун сайин бизни ўлдирмоқчи бўлишади, бизни сўйиладиган қўйлардай кўришади»+. 37  Бунга қарамай, бизни севганнинг ёрдами билан, биз барча нарса устидан бутунлай ғалаба қозоняпмиз+. 38  Мен аминманки, на ўлим, на ҳаёт, на фаришталар, на ҳукуматлар, на ҳозирги, на келажакдаги нарсалар, на кучлар+, 39  на баландлик, на чуқурлик, на бошқа бирон-бир махлуқот бизни Худонинг севгисидан жудо қилишга қодир эмас. У севгисини Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали кўрсатган.

Изоҳлар

Эҳтимол муқаддас руҳ назарда тутилган.
Сўзма-сўз «гуноҳкор танада».
Сўзма-сўз «Масиҳнинг руҳига эга бўлмаса».
Ибронийча ёки оромийча сўз «Эй Ота!» деган маънога эга.
Сўзма-сўз «руҳимиз».
Асосан инсонларга тегишли.