Рут 1:1–22
1 Ҳакамлар+ бошқарган вақтда, юртда очарчилик бошланди. Ўшанда бир одам хотини ва икки ўғли билан Мўаб+ юртида* мусофир бўлиб яшаш учун, Яҳудодаги Байтлаҳмдан+ чиқиб кетди.
2 Бу кишининг исми Элималек*, хотининики Наима*, икки ўғлининг исми Махлўн* ва Хилён* эди. Улар эфраталик, яъни Яҳудодаги Байтлаҳмдан эди. Шу йўсин, улар Мўаб юртига келиб жойлашишди.
3 Муайян вақтдан сўнг, Наиманинг эри Элималек вафот этди ва у иккала ўғли билан қолди.
4 Унинг ўғиллари мўаблик қизларга уйланишди. Улардан бирининг исми Ўрпа, иккинчисининг исми Рут+ эди. Улар биргаликда ўша ерда қарийб ўн йил яшаганидан сўнг,
5 Махлўн билан Хилён ҳаётдан кўз юмишди. Шундай қилиб, Наима эридан ҳам, иккала фарзандидан ҳам айрилиб қолди.
6 Наима ҳали Мўаб юртида бўлганида, Яҳова Ўз халқига назар солиб, уларга ризқини бергани ҳақида эшитди. Шунда у келинлари билан бирга Мўаб юртидан йўлга чиқди.
7 Наима иккала келини билан бирга турар жойини тарк этди. Яҳудо юртига кетаётиб,
8 Наима иккала келинига: «Қизларим, икковингиз ҳам оналарингизнинг уйига қайтинглар. Марҳум эрларингизга ва менга меҳр-садоқат кўрсатганингиздай, Яҳова ҳам сизларга меҳр-садоқатини намоён этсин+.
9 Яҳова ҳар бирингизни баракали қилиб, эрларингизнинг уйида ҳузур-ҳаловат ато этсин»+,— деди-да, уларни ўпди. Шунда улар уввос солиб йиғлай бошлашди.
10 Келинлари унга: «Йўқ, биз ҳам сиз билан бирга халқингизнинг олдига борамиз»,— деб айтишди.
11 Аммо Наима шундай деди: «Жон қизларим, қайтинглар. Мен билан бориб нима ҳам қилардингиз? Яна ўғиллар туға олармидимки, улар сизларга умр йўлдош бўла олса?*+
12 Қайта қолинглар, қизларим. Энди мен турмуш қуришга жуда кексайиб қолганман. Борди-ю, шу кечанинг ўзида эрга тегиб, ўғиллар туғишга умидим бўлган тақдирда ҳам,
13 улар ўсиб улғайгунча кутган бўлармидингиз? Уларни деб турмуш қурмай юрармидингиз? Йўқ, қизларим, сизлар учун жуда қайғуряпман, ахир Яҳованинг қўли менга қарши кўтарилган»+.
14 Улар яна уввос солиб йиғлашди. Кейин Ўрпа қайнонасини ўпиб, у билан хайрлашди-да, кетди. Рут эса унинг ёнида қолди.
15 Шунда Наима: «Мана, бева қолган овсинингиз ўз халқи ва худоларининг ёнига қайтди. Сиз ҳам овсинингиз ортидан кета қолинг»,— деди.
16 Лекин Рут шундай жавоб берди: «Сизни қолдириб, қайтиб кетишимни сўраманг. Сиз қаерга борсангиз, ўша ерга бораман. Сиз қаерда тунасангиз, ўша ерда тунайман. Сизнинг халқингиз менинг халқим, сизнинг Худойингиз менинг Худойим бўлади+.
17 Сиз қаерда вафот этсангиз, мен ҳам ўша ерда жон бериб, ўша ерга дафн этиламан. Агар ўлимдан бошқа нарса мени сиздан айирса, Яҳова мени не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин».
18 Наима Рутнинг у билан бирга кетишга қарори қатъий эканини кўриб, уни фикридан қайтаришга бошқа уринмади.
19 Икковлари йўлларини давом эттириб, Байтлаҳмга келишди+. Улар Байтлаҳмга киришлари биланоқ, бутун шаҳарда шов-шув кўтарилди. Аёллар: «Ие, бу ўша Наимами?» — деб айтишарди.
20 Шунда Наима: «Мени Наима эмас, Мара* деб чақиринглар. Чунки Қодир Тангри ҳаётимни аччиқ қилди+.
21 Бу ердан кетаётганимда ҳар жиҳатдан тўкис эдим, аммо Яҳова мени бўш қўл билан қайтарди. Яҳова менга қарши чиқиб, Қодир Тангри бошимга мусибат ёғдирган экан, нега энди мени Наима деб чақиряпсизлар?»+ — деди.
22 Шу тариқа, Наима мўаблик келини Рут билан Мўаб юртидан+ Байтлаҳмга келди. Улар Байтлаҳмга қайтишганида, арпа ўрим-йиғими бошланган эди+.
Изоҳлар
^ Ёки «далаларида».
^ Маъноси «Худойим Шоҳдир».
^ Маъноси «ёқимли».
^ Эҳтимол, «заифлашмоқ; касал бўлмоқ», деган ибронийча сўздан олинган.
^ Маъноси «нимжон; куни битаётган».
^ Маъноси «аччиқ».