Рут 3:1–18

  • Наиманинг Рутга маслаҳати (1–4)

  • Рут билан Боз хирмонда (5–15)

  • Рут Наиманинг олдига қайтади (16–18)

3  Бир куни Наима Рутга шундай деди: «Қизим, тинч-хотиржам ҳаёт кечиришингиз учун, сизни уйли-жойли қилиш менинг зиммамда эмасми?!+  Сиз хизматкор қизлари билан бирга ишлаган Боз бизга қариндош бўлади+. У шу кеча хирмонда арпа шопиради.  Сиз ювининг-да, хушбўй мойдан суртинг. Кейин чиройли кийиниб, хирмонга боринг. У киши еб-ичиб бўлмагунича, борлигингизни сездирманг.  Боз ухлагани кетганда, у қаерга бориб ётишини билиб олинг. Сўнг бориб, оёқ томонини очинг-да, ўша ерга ётинг. Унинг ўзи нима қилишингиз кераклигини айтади».  Рут қайнанасига: «Хўп бўлади, сиз айтгандек қиламан»,— деди.  У хирмонга бориб, ҳаммасини қайнанаси ўргатгандай қилди.  Бу пайтда Боз еб-ичиб ўтирганди ва кўтаринки кайфиятда эди. Кейин у дон уйиб қўйилган жойга бориб ётди. Шунда Рут секингина келиб, унинг оёқ томонини очди-да, ўша ерга ётди.  Ярим кечада Боз сесканиб уйғониб кетди. Бошини кўтариб қараса, оёқ томонида бир аёл ётган экан.  У: «Сиз кимсиз?» — деб сўради. Рут: «Мен чўрингиз Рутман, мени ўз паноҳингизга олинг*, чунки сиз қариндошлик бурчини ўтай оладиган одам экансиз»+,— дея жавоб берди. 10  Боз унга шундай деди: «Яҳовадан барака топинг, қизим. Ҳозирги кўрсатган меҳр-садоқатингиз, олдингисидан ҳам аълороқ бўлди+. Сабаби, сиз ўзингизга камбағал ёки бойлар орасидан ёшроқ куёв қидирмадингиз. 11  Энди қўрқманг, қизим. Айтганларингизнинг ҳаммасини бажараман+, чунки шаҳардаги ҳамма* сиз яхши аёл эканингизни билади. 12  Тўғри, мен қариндошлик бурчини ўтай оладиган одамман+. Лекин қариндошлик бурчини ўтай оладиган мендан ҳам яқинроқ киши бор+. 13  Бу кеча шу ерда қолинг. Агар эртага у қариндошлик бурчини ўташга рози бўлса, шундай бўла қолсин+. Борди-ю, у ўташни истамаса, барҳаёт Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки, ўзим ўтайман. Сиз эса тонг отгунча шу ерда ётиб қолинг». 14  Шундай қилиб, Рут унинг оёқ томонида тонг саҳаргача ётди-да, сўнг биров кўриб қолмасин деб, ғира-шира пайтда ўрнидан турди. Боз унга: «Хирмонга аёл киши келганини ҳеч ким билмасин»,— деди. 15  Кейин эса: «Ёпинчиғингизни ёйиб, ушлаб туринг»,— деб айтди. Рут ёпинчиғини ёйди. Боз ичига олти ўлчов* арпа солиб, унга кўтартириб қўйди, ўзи бўлса шаҳарга кетди. 16  Рут келганида, қайнанаси: «Нима бўлди*, қизим?» — деб сўради. У қайнанасига Боз у учун нима қилганини айтиб берди. 17  Сўнгра Рут: «У киши менга олти ўлчов арпа бериб: “Қайнанангизнинг олдига бўш қўл билан қайтманг”,— деди»,— деб қўшиб қўйди. 18  Шунда қайнанаси: «Энди, масала ҳал бўлгунча кутиб туринг, қизим. Ана кўрасиз, бу одам ишни бугуноқ охирига етказмагунча тинчимайди»,— деди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «чўрингизни этагингиз билан ёпинг».
Сўзма-сўз «халқимнинг барча дарвозалари».
Эҳтимол, олти сеха ёки тахминан 44 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Сўзма-сўз «Сиз кимсиз?»