Рут 4:1–22

  • Боз қариндошлик бурчини ўтайди (1–12)

  • Рут Бозга Обидни туғиб беради (13–17)

  • Довуднинг насл-насаби (18–22)

4  Боз шаҳар дарвозаси олдига+ бориб ўтирди. Шу пайт, қариндошлик бурчини ўтай оладиган ўша киши+ ўтиб кетаётганини кўриб, Боз уни: «Фалончи, келинг, бу ёққа ўтиринг»,— деб чақирди. У келиб, ўтирди. 2  Кейин Боз шаҳар оқсоқолларидан+ ўн кишини чақириб: «Марҳамат, бу ерга ўтиринглар»,— деди. Улар ҳам ўтиришди. 3  Шунда Боз қариндошлик бурчини ўтай оладиган кишига+: «Мўаб юртидан қайтиб келган Наима+, биродаримиз Элималекнинг+ даласини сотмоқчи. 4  Буни сизга маълум қилишни лозим деб топдим. Шаҳар аҳолиси ва халқ оқсоқоллари олдида уни сотиб олинг+. Агар оладиган бўлсангиз, олинг. Олмасангиз, менга билдиринг. Чунки сотиб олишга ҳаққи бор киши сиз бўласиз, сиздан кейингиси эса менман»,— деб айтди. Бунга у киши: «Сотиб оламан»+,— деди. 5  Боз унга: «Наиманинг даласини сотиб олган куни, бу далани марҳумнинг беваси мўаблик Рутдан ҳам сотиб олишингиз керак бўлади. Шунда марҳумнинг мероси ўзига тегишли бўлиб қолаверади»+,— деб айтди. 6  Ўша киши бўлса: «Мен уни сотиб ололмайман, чунки ўз меросимни хавф остига қўйган бўламан. Мен сотиб ололмаслигим боис, бундай ҳуқуқни сизга бераман, сиз олаверинг»,— деди. 7  Исроилда сотиб олиш ва айирбошлашга оид ҳар қандай битимни тасдиқловчи қадимдан қолган одат бор эди. Киши сандалининг бир пойини ечиб+, бошқасига берарди ва шу йўсин Исроилда расмий келишув тасдиқланарди. 8  Шу сабабли, қариндошлик бурчини ўтайдиган киши Бозга: «Уни сиз сотиб олинг»,— деди-да, сандалининг бир пойини ечди. 9  Шунда Боз оқсоқолларга ва ўша ердаги бутун халққа қуйидагиларни айтди: «Бугун Наимадан Элималекнинг бор мулкини ва Хилён билан Махлўннинг мол-мулкини сотиб олаётганимга сизлар шоҳидсиз+. 10  Бундан ташқари, марҳумнинг мероси ўзига тегишли бўлиб қолиши ва номи биродарлари ҳамда шаҳардаги одамлар орасидан* ўчиб кетмаслиги учун, мен Махлўннинг хотини мўаблик Рутни хотинликка оляпман+. Бугун сизлар бунга шоҳидсиз»+. 11  Шаҳар дарвозаси олдида ўтирган бутун халқ ва оқсоқоллар шундай дейишди: «Биз шоҳидмиз! Яҳова уйингизга келадиган хотинни, Исроил халқини бунёд этган Роҳила ва Леах сингари баракали қилсин+. Эфратада+ гуллаб-яшнанг, Байтлаҳм+ бўйлаб исмингиз машҳур бўлсин. 12  Яҳова шу аёлдан сизга берадиган насл+ орқали хонадонингизни Тамара Яҳудога туғиб берган Паразнинг+ хонадонидай қилсин». 13  Шундай қилиб, Боз Рутни хотинликка олиб, у билан бирга бўлди. Яҳованинг марҳамати билан Рут ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрди. 14  Буни эшитган аёллар Наимага шундай дейишди: «Яҳовага шон-шараф ёғилсин ва исми Исроил юртида улуғлансин! Бугун У сизни қариндошлик бурчини ўтайдиган кишисиз қолдирмади. 15  Бу бола жонингизга жон киритди, қарилик чоғингизда у сизга суянчиқ бўлади. Чунки бу ўғилни, сизни жудаям яхши кўрадиган+ ва етти ўғилдан ҳам аълороқ бўлган келинингиз дунёга келтирди». 16  Наима чақалоқни олиб, бағрига босди ва унга ўзи энагалик қилди. 17  Қўшни аёллар: «Наима учун ўғил туғилди»,— деб, боланинг исмини Обид+ қўйишди. У Довуднинг отаси бўлмиш Эссайнинг+ отасидир. 18  Паразнинг+ насл-насаби қуйидагича: Параздан Хазрон туғилди+, 19  Хазрондан Рам туғилди, Рамдан Оминадов туғилди+, 20  Оминадовдан+ Нахшўн туғилди, Нахшўндан Салмўн туғилди, 21  Салмўндан Боз туғилди, Боздан Обид туғилди, 22  Обиддан Эссай+ туғилди, Эссайдан Довуд туғилди+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ўз ерининг дарвозасидан».