Саҳрода 12:1–16

  • Марям ва Ҳорун Мусога қарши чиқишади (1–3)

    • Мусо энг камтар инсон (3)

  • Яҳова Мусони ҳимоя қилади (4–8)

  • Марям моховга чалинади (9–16)

12  Мусо Куш юртидан бўлган аёлга уйлангани учун+, Марям билан Ҳорун Мусога қарши гапира бошлашди. 2  Улар: «Нима, Яҳова фақат Мусо орқали гапирадими? У биз орқали ҳам гапирмайдими?»+ — дейишарди. Яҳова эса уларни эшитиб турарди+. 3  Мусо ер юзидаги барча одамлар ичида энг камтар* инсон+ эди. 4  Яҳова кутилмаганда Мусо, Ҳорун ва Марямга: «Учалангиз ҳам учрашув чодирига келинглар»,— деди ва улар келишди. 5  Яҳова булут устунида пастга тушди-да+, чодирнинг кираверишида турди ва Ҳорун билан Марямни чақирди. Иккови олдинга қадам ташлади. 6  У шуларни айтди: «Менинг гапларимни эшитинглар. Агар орангизда Яҳованинг пайғамбари бор бўлса, Мен ваҳий орқали+ унга Ўзимни танитаман, У билан туш орқали гаплашаман+. 7  Бироқ хизматчим Мусо билан бундай йўл тутмайман! Унга бутун халқимни* ишониб топширганман+. 8  Мен у билан жумбоқларсиз, юзма-юз ва очиқ гаплашаман+. Унинг кўз олдида Яҳова зоҳир бўлади. Шундай экан, хизматчим Мусога қарши гапиришдан қўрқмадиларингми?» 9  Яҳованинг уларга ғазаби қайнаб, уларнинг ёнидан кетди. 10  Булут чодирнинг устидан кўтарилиши биланоқ, Марям мохов касаллигига чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди+. Ҳорун Марямга ўгирилиб, у мохов касаллигига йўлиққанини кўрди+. 11  Ҳорун шу заҳоти Мусога деди: «Тақсирим, ўтинаман, бизни гуноҳ қилганликда айбламанг! Нодонлигимиз туфайли бу ишга қўл урдик. 12  Опамиз Марям ўлик туғилиб танаси чирий бошлаган чақалоққа ўхшаб қолишига йўл қўйманг, илтимос!» 13  Мусо Яҳовага: «Эй Худо, илтимос унга шифо бер! Илтимос!»+ — дея ёлворди. 14  Яҳова Мусога жавобан шундай деди: «Борди-ю, Марямнинг отаси унинг юзига тупурса, у етти кун давомида шарманда бўлиб юрмасмиди? Уни етти кун мобайнида қароргоҳдан ташқарида сақланглар+. Кейин ортига қайтса бўлади». 15  Шундай қилиб, Марям етти кун қароргоҳнинг ташқарисида яшади+. У қайтиб келмагунча, халқ йўлга чиқмади. 16  Сўнг халқ Хазерўтдан+ йўлга чиқиб, Порон чўлига+ келди ва у ерда қароргоҳ қурди.

Изоҳлар

Ёки «бошқаларга қараганда ўзини паст тутадиган (мулойим)».
Сўзма-сўз «уйимни».