Саҳрода 14:1–45
14 Шунда бутун жамоа фарёд кўтариб, туни билан ҳўнграб йиғлади+.
2 Барча Исроил ўғиллари Мусо билан Ҳорунга қарши чиқиб, нолий бошлашди+. Бутун жамоа: «Қанийди, Миср юртида ёки мана шу саҳрода ўлиб кетсак эди!
3 Яҳова бизни бу юртга қиличдан ўтказгани олиб боряптими?+ Ахир хотинларимизу бола-чақаларимиз ўлжага айланади–ку!+ Ундан кўра, Мисрга қайтганимиз яхшироқ эмасми?»+ — дерди.
4 Улар ҳатто бир-бирига: «Келинглар, устимиздан бошлиқ тайинлаб, Мисрга қайтамиз!»+ — дея бошлашди.
5 Буни кўрган Мусо билан Ҳорун, бутун Исроил жамоаси олдида ерга юзтубан тиз чўкишди.
6 Ушбу юртни кўриб келганлар орасида бўлган Нун ўғли Ёшуа+ ва Яфунах ўғли Холиб+ кийимларини йиртиб,
7 Исроил ўғилларининг бутун жамоасига шундай дейишди: «Биз кўздан кечириб келган юрт жуда-жуда яхши юрт экан+.
8 Агар Яҳова биздан мамнун бўлса, бизни албатта бу юртга олиб бориб, сут билан асал оқиб ётган юртни бизга беради+.
9 Фақат Яҳовага қарши исён кўтарманглар ва ушбу юртнинг одамларидан қўрқманглар+, чунки биз уларни осонликча енга оламиз*. Улар ҳимоясиз қолган, Яҳова эса биз билан+. Улардан қўрқманглар».
10 Аммо жамоа уларни тошбўрон қиламиз, дея бошлади+. Шу пайт, бутун Исроил халқига учрашув чодири устида Яҳованинг улуғворлиги кўринди+.
11 Яҳова Мусога: «Қачонгача бу халқ Менга ҳурматсизлик кўрсатади?+ Уларнинг орасида шунча аломатлар кўрсатганимга қарамай, қачонгача Менга ишонмай юради?+
12 Уларга ўлат юбориб, қириб ташлайман-да, сендан эса уларга қараганда буюкроқ ва қудратлироқ халқ келтириб чиқараман»+,— деб айтди.
13 Лекин Мусо Яҳовага бундай деди: «Буни эшитган мисрликлар нима дейди? Сен бу халқни Ўз қудратинг билан уларнинг орасидан олиб чиққан эдинг-ку+.
14 Ахир улар бу ҳақда ушбу юртнинг аҳолисига айтиб беришади. Яҳова, улар ҳам Сен шу халқ орасида эканингни, улар билан юзма-юз кўришганингни+ эшитишган-ку+. Шунингдек, Сен Яҳова эканингни ва Сенинг булутинг шу халқ устида турганини, кундузи булут устуни орқали, кечаси эса олов устуни орқали уларнинг олдида бораётганингни эшитишган+.
15 Агар бу халқни битта қолдирмай ўлдириб юборсанг, Сенинг шуҳратинг тўғрисида эшитган халқлар:
16 “Яҳова бу халқни Ўзи ваъда берган юртга олиб бора олмай, саҳрода қириб ташлабди”+,— деб айтишмайдими?
17 Шундай экан, Яҳова, илтимос, қудратинг нақадар буюклигини кўрсат. Ахир Ўзинг ваъда бериб:
18 “Яҳова сабр-тоқатли*, меҳр-садоқатга* бой+, айб ва гуноҳни кечирувчи, шу билан бир вақтда айбдорни жазосиз қолдирмайдиган, оталари қилган гуноҳнинг оқибатларини ўғиллари, неваралари ва эваралари бошдан кечиришига йўл қўядиган Тангридир+”,— деган эдинг-ку.
19 Илтимос, меҳр-садоқатинг нақадар буюк эканини намоён этиб, бу халқни Миср юртида бўлганидан тортиб то ҳозиргача кечириб келганингдай, яна кечирақол»+.
20 Бунга жавобан Яҳова деди: «Илтимосингга кўра уларни кечираман+.
21 Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, бутун ер юзи Яҳованинг улуғворлигига тўлади+.
22 Аммо Менинг улуғворлигимни ва Мисрда ҳамда саҳрода яратган аломатларимни+ кўрган бўлса-да, Мени ўн марта синаб+, гапимга қулоқ солмаганларнинг+ ҳеч бири,
23 Мен оталарига ваъда берган юртни кўрмайди. Ҳа, Менга ҳурматсизлик кўрсатганларнинг ҳеч бири бу юртни кўрмайди+.
24 Бироқ хизматкорим Холиб+ ўзгача руҳни намоён этиб, бутун қалби билан Менга эргашгани учун, ўзи кўриб келган юртга уни олиб кираман ва унинг авлоди унга эгалик қилади+.
25 Водийда омолеклар билан канъонликлар яшайди+. Шу боис, эртага орқага бурилиб, Қизил денгизга олиб борадиган йўлдан саҳрога боринглар»+.
26 Яҳова кейин Мусо билан Ҳорунга деди:
27 «Қачонгача бу ёвуз жамоа Мендан нолийверади?+ Исроил халқи Мендан нолиётганини эшитдим+.
28 Уларга бундай деб айт: “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки,— деяпти Яҳова,— Менга нима деб айтган бўлсангизлар, шуни бошингизга соламан!+
29 Жасадларингиз шу саҳрода қолади+. Ҳа, рўйхатдан ўтган, 20 ва ундан юқори ёшдагиларнинг, Мендан нолиганларнинг жасадлари шу саҳрода қолади+.
30 Яфунах ўғли Холиб билан Нун ўғли Ёшуадан бўлак ҳеч бирингиз, унда яшайсизлар дея сизларга онт ичган* юртга+ кирмайсизлар+.
31 Ўлжага айланади, деган бола-чақангизни у ерга олиб бораман+ ва улар сизлар рад этган юртдан+ баҳраманд бўлишади.
32 Сизларнинг жасадларингиз эса шу саҳрода қолади.
33 Барчангиз ўлиб битмагунингизча, ўғилларингиз шу саҳрода 40 йил+ чўпонлик қилиб, бевафолик* қилганингиз учун жавоб беришади+.
34 Юртни кўздан кечириб чиқишга кетган 40 кунга+ мувофиқ — бир кун эвазига бир йилдан — қилган гуноҳларингиз учун 40 йил+ давомида жазо тортасизлар. Шунда, Менга қарши чиқиш қанақа бўлишини билиб оласизлар.
35 Буларни Мен — Яҳова айтяпман. Ушбу ёвуз жамоа билан — биргалашиб Менга қарши чиққанлар билан шундай йўл тутаман: шу саҳрода уларнинг куни битиб, шу ернинг ўзида ҳаммаси ўлиб кетади+.
36 Шунингдек, Мусо юртни кўриб келиш учун юборган кишилар қайтгач, ўша юрт ҳақида ёмон хабар келтириб+, бутун жамоа Ундан нолишига сабабчи бўлган кишилар,
37 ҳа, ўша юрт тўғрисида ёмон хабар олиб келган кишилар ҳам жазоланиб, Яҳованинг олдида ўлишади+.
38 Юртни кўриб келиш учун юборилганлар орасидан фақат Нун ўғли Ёшуа билан Яфунах ўғли Холиб тирик қолишади”+».
39 Мусо бу сўзларни бутун Исроил халқига айтганида, халқ қаттиқ қайғурди.
40 Бунинг устига, улар саҳар туриб: «Биз гуноҳ қилдик. Лекин энди, Яҳова айтган жойга боришга тайёрмиз»,— дея, тоғнинг тепасига чиқмоқчи бўлишди+.
41 Бироқ Мусо уларга деди: «Нега сизлар Яҳованинг буйруғини бузяпсизлар? Бу билан ҳеч нарсага эриша олмайсизлар.
42 Тоққа чиқа кўрманглар, чунки Яҳова сизлар билан эмас. Душманларингиз сизларни мағлуб қилади+.
43 У ерда омолеклар билан канъонликлар сизларга қарши чиқиб+, қиличдан ўтказади. Яҳовага эргашишдан бош тортганингиз учун, Яҳова сизлар билан бўлмайди»+.
44 Аммо улар ўзбилармонлик қилиб тоғнинг тепасига чиқишди+. Мусо бўлса, Яҳованинг аҳд сандиғи билан бирга қароргоҳнинг ўртасида қолди+.
45 Шунда ўша тоғда яшайдиган омолеклар билан канъонликлар пастга тушиб, уларга ҳужум қилди ва Хўрмахгача+ уларни қувиб борди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «улар биз учун нон бўлади».
^ Ёки «ғазабланишга шошмайдиган».
^ Ёки «меҳр-иноятга».
^ Сўзма-сўз «қўлимни кўтарган».
^ Сўзма-сўз «фоҳишалик».