Саҳрода 15:1–41

  • Назрлар ҳақида қонунлар (1–21)

    • Исроил халқи ва мусофир учун қонун бир (15, 16)

  • Билмасдан қилинган гуноҳлар учун назрлар (22–29)

  • Била туриб қилинган гуноҳлар учун жазо (30, 31)

  • Шаббатни бузган киши ўлдирилади (32–36)

  • Кийимлар этагидаги попуклар (37–41)

15  Кейин Яҳова Мусога деди:  «Исроил халқига бундай деб айт: “Яшашингиз учун Мен сизларга бераётган юртга етиб борганингизда,  Яҳова хуш* ҳидини ҳис этсин дея, қорамол ёки қўй-эчкилардан Яҳовага атаб оловда куйдириладиган назрлар+: хоҳ куйдириладиган қурбонлик+, хоҳ қасам назри ёки ихтиёрий назр+, хоҳ мавсумий байрамлар пайтида+ олиб келинадиган назрлар келтирадиган бўлсангиз,  назр олиб келадиган киши, Яҳова учун дон назри сифатида эфанинг* ўндан бир қисмига тенг олий навли унга, чорак хин* мой аралаштириб олиб келсин+.  Шунингдек, куйдириладиган қурбонликка+ ёки қурбон қилинадиган ҳар бир эркак қўзига қўшиб, ичимлик назри сифатида чорак хин шароб олиб келсин.  Қўчқор билан бирга эса, дон назри сифатида эфанинг ўндан икки қисмига тенг олий навли унга, хиннинг учдан бир қисмига тенг мой қўшиб, олиб келсин.  Ичимлик назри сифатида эса, Яҳова хуш ҳидини ҳис этсин дея, хиннинг учдан бир қисмига тенг шароб келтирсин.  Аммо борди-ю, Яҳовага атаб куйдириладиган қурбонлик+ ёки ўзгача қасам билан боғлиқ қурбонлик+ ёки тинчлик қурбонлиги+ сифатида буқа олиб келадиган бўлсангиз,  буқа билан бирга дон назри+ сифатида эфанинг ўндан уч қисмига тенг олий навли унга, ярим хин мой аралаштириб олиб келинглар. 10  Бундан ташқари, Яҳова хуш ҳидини ҳис этсин дея, ичимлик назри+ — оловда куйдириладиган назр сифатида ярим хин шароб келтиринглар. 11  Ҳар бир буқа, қўчқор, эркак қўзи ёки такани олиб келганда, айнан шундай йўл тутинглар. 12  Қурбонликка қанча мол олиб келманг, ҳар бирини шу тарзда келтиринглар. 13  Ҳар бир маҳаллий исроиллик Яҳова учун оловда куйдириладиган хуш ҳидли назр олиб келганда, шундай қилиши даркор. 14  Агар сизлар билан яшаётган мусофир ёки авлодларингиз оша орангизда истиқомат қилиб келаётган киши Яҳова учун оловда куйдириладиган хуш ҳидли назр олиб келса, худди сизлар каби йўл тутиши лозим+. 15  Жамоатни ташкил этган сизлар учун ҳам, сизлар билан яшаётган мусофир учун ҳам қоида бирдир. Бу, авлодларингиз учун асрлар оша амал қилинадиган қоида бўлсин. Мусофир ҳам, сизлар ҳам Яҳованинг назарида тенгсизлар+. 16  Сизлар учун ҳам, сизлар билан яшаётган мусофир учун ҳам қонун ва фармон бирдир”». 17  Яҳова Мусога гапиришда давом этиб, деди: 18  «Исроил халқига мурожаат қилиб, шундай деб айт: “Мен сизларга бераётган юртга бориб, 19  шу юртнинг ҳосилини* ейсизлар+. Шунда Яҳовага хайр-эҳсон қилишингиз даркор. 20  Сизлар йирик тортилган биринчи ундан ҳалқа шаклидаги нонлар ясаб, эҳсон қилинглар+. Уни хирмондан келтирилган тортиқ сингари эҳсон қилинглар. 21  Йирик тортилган биринчи унингизнинг бир қисмини, авлодларингиз оша Яҳовага эҳсон сифатида тортиқ этинглар. 22  Агар хатога йўл қўйиб, Яҳова Мусога айтган ушбу амрларни тўлиқ бажармасангизлар, 23  Яҳова Мусо орқали сизларга ва авлодларингизга берган амрларга — Яҳова буюрган кундан эътиборан бажаришингиз керак бўлган амрларга риоя қилмасангизлар, 24  аммо бу хатога билмасдан қўл урилган бўлиб, у ҳақда жамоанинг хабари бўлмаса, бутун жамоа Яҳова учун оловда куйдириладиган хуш ҳидли қурбонлик сифатида битта буқани олиб келсин. Буқа билан бирга, қоидага биноан+ дон назри, ичимлик назри ҳамда гуноҳ қурбонлиги+ учун битта ёш такани олиб келсин. 25  Руҳоний Исроил ўғиллари жамоасининг гуноҳини ювсин ва уларнинг гуноҳи кечирилади+, чунки бу бир хато бўлиб, улар Яҳовага оловда куйдириладиган назр ҳамда хатоси учун Яҳовага гуноҳ қурбонлигини келтиришди. 26  Бутун Исроил ўғиллари жамоасининг ва ораларида яшаётган мусофирнинг гуноҳи кечирилади, чунки халқ билмасдан бу гуноҳни қилган. 27  Агар бирор киши билмасдан гуноҳга қўл урса, гуноҳ қурбонлиги сифатида бир яшар урғочи эчкини олиб келсин+. 28  Руҳоний Яҳованинг олдида билмасдан гуноҳ қилиб қўйган кишининг гуноҳини ювсин. Гуноҳи ювилгандан сўнг, унинг гуноҳи кечирилади+. 29  Исроил ўғиллари бўладими, ораларида яшаётган мусофир бўладими, билмасдан гуноҳ қилиб қўйганларнинг ҳаммаси учун қонун бирдир+. 30  Бироқ била туриб гуноҳга қўл урган киши+, у маҳаллий исроиллик ёки мусофир бўлишидан қатъи назар, Яҳовани ҳақорат қилган бўлиб, халқи орасидан йўқ қилинсин. 31  Яҳованинг сўзини менсимай, Унинг амрини бузгани сабабли, у албатта йўқ қилинсин+. У ўз гуноҳи учун жавоб берсин”+». 32  Исроил ўғиллари саҳрода юришганида, Шаббат куни ўтин териб юрган одамни кўриб қолишди+. 33  Ўтин териб юрган кишини кўрганлар, уни Мусо билан Ҳоруннинг ва бутун жамоанинг олдига олиб боришди. 34  Бу одам билан қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида қонунда аниқ кўрсатма бўлмагани боис, уни қамаб қўйишди+. 35  Шунда Яҳова Мусога деди: «Бу одам албатта ўлдирилсин+. Бутун жамоа уни қароргоҳнинг ташқарисида тошбўрон қилсин»+. 36  Яҳова Мусога буюрганидай, бутун жамоа бу одамни қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқди ва тошбўрон қилиб ўлдирди. 37  Яҳова Мусога шундай деди: 38  «Исроил ўғилларига айт, улар этакларига попук тикиб, устидан мовий ип ўтказиб чиқишсин+ ва буни авлодлари оша бажаришсин. 39  Уларга бундай дегин: “Мовий ипли попуклар сизларга Яҳованинг барча амрларини ва уларга амал қилиш кераклигини эслатиб туради+. Токи сизлар хиёнатга* етакловчи қалбингиз ва кўзингиз эҳтиросига берилманглар+. 40  Ушбу буйруқни, Менинг барча амрларимни эслаб бажаришингиз ва Тангрингиз олдида муқаддас бўлишингиз учун бердим+. 41  Худойингиз эканимни кўрсатиш учун, сизларни Миср юртидан олиб чиққан Аллоҳингиз Яҳоваман+. Мен Тангрингиз Яҳоваман”»+.

Изоҳлар

Ёки «тинчлантирадиган, оромбахш». Сўзма-сўз «таскин берадиган».
Сўзма-сўз «нонини».
Ёки «маънавий фоҳишаликка».