Саҳрода 23:1–30

  • Баломнинг 1- дуоси (1–12)

  • Баломнинг 2- дуоси (13–30)

23  Сўнг Балом Болоққа: «Шу ерда мен учун еттита қурбонгоҳ қуриб+, еттита буқа ва еттита қўчқор тайёрлаб қўйинг»,— деди. 2  Болоқ дарҳол Балом айтгандай қилди. Кейин Болоқ билан Балом ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқани ва биттадан қўчқорни қурбонликка келтиришди+. 3  Ундан кейин Балом Болоққа: «Куйдирилган қурбонлигингиз олдида туринг, мен эса борай-чи, балки Яҳова мен билан гаплашар. У менга нимани маълум қилса, сизга айтиб бераман»,— деди. Сўнг Балом тепаликка чиқди. 4  Худо Балом билан гаплашди+. Балом Унга: «Мен еттита қурбонгоҳни бир қаторга ўрнатиб, ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбон қилдим»,— деди. 5  Яҳова мана бу сўзларни Баломнинг оғзига солиб+, унга: «Болоқнинг ёнига қайтиб бор-да, қуйидагиларни етказ»,— деди. 6  Балом орқага қайтди. Қараса, Болоқ ҳамда Мўабнинг ҳамма беклари куйдирилган қурбонлик олдида туришган экан. 7  Сўнг у шундай деб гап бошлади+: «Мўаб шоҳи Болоқ, мени Оромдан+,Шарқ тоғларидан: “Келиб Ёқубни лаънатла. Ҳа, Исроилни ҳукм қилгани кел”+,— дея бошлаб келди.  8  Тангри лаънатламаганларни мен қандай лаънатлайин? Яҳова ҳукм қилмаганларни қандай ҳукм қилайин?+  9  Қоялар устидан мен уларни кўрдим,Тепаликлар устидан уларни кўрдим. Улар бир халқ бўлиб алоҳида яшар+.Улар қўшмас ўзини бошқа халқлар қаторига+. 10  Ёқубнинг қумдай кўп оломонин ким санай олар?!+Исроилнинг чорак қисмини ким ҳисоблай олар?! Қанийди, ўлсам мен тўғрилар каби,Охиратим бўлсайди уларникидай». 11  Шунда Болоқ Баломга: «Бу нима қилганинг? Мен сени душманларимни лаънатла, деб бошлаб келсам-у, сен бўлса нуқул уларни дуо қилиб ётибсан»+,— деди. 12  У эса: «Яҳова оғзимга солган сўзларни гапиришим керак эмасми?»+ — деб жавоб берди. 13  Болоқ эса унга: «Илтимос, мен билан юр. Уларни кўра олишинг учун сени бошқа жойга олиб бораман. Сен у ердан уларнинг ҳаммасини эмас, фақат бир қисмини кўрасан. Ўша ердан туриб уларни мен учун лаънатла»+,— деди. 14  Болоқ уни Фисгах чўққисидаги+ Зўфим деган жойга олиб борди ва еттита қурбонгоҳ қуриб, ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқани ва биттадан қўчқорни қурбон қилди+. 15  Шунда Балом Болоққа: «Мен нарёқда У билан гаплашиб келгунимча, куйдирилган қурбонлигингиз олдида туринг»,— деди. 16  Сўнг Яҳова Балом билан гаплашиб, айтадиган сўзларини унинг оғзига солди-да+: «Болоқнинг ёнига қайтиб бор-да, қуйидагиларни етказ»,— деди. 17  Балом Болоқнинг олдига келганида, у куйдирилган қурбонлиги олдида турганини, Мўаб беклари ҳам у билан бирга эканини кўрди. Болоқ ундан: «Яҳова сенга нима деди?» — деб сўради. 18  У шундай деб гап бошлади+: «Эй Болоқ, ўрнингдан тур ва тингла. Эй Зиппур ўғли, менга қулоқ сол. 19  Аллоҳ инсон эмаски ёлғон гапирса+,Инсон ўғли эмаски фикридан қайтса*+. Наҳотки У айтганини бажармай қўйса?! Наҳотки сўзларини рўёбга чиқармаса?!+ 20  Мана, мен дуо қилиш учун олиб келинганман.У баракасини берди+ ва мен буни ўзгартира олмайман+. 21  У Ёқубга қарши сеҳрли куч ишлатилишига,Исроилнинг бошига кулфат тушишига йўл қўймайди. Тангриси Яҳова у биландир+,У уларнинг орасида шоҳ деб эълон қилинган. 22  Худо уларни Мисрдан олиб чиқди+. У улар учун ёввойи буқанинг шохлари кабидир+. 23  Ёқубга қарши ҳеч қандай дуойи бад йўқдир+,Исроилга қарши ҳеч қандай фол йўқдир+. Энди Ёқуб билан Исроил ҳақида: “Аллоҳнинг буюк ишига бир қаранг!” — деб айтишар. 24  Мана, шерга ўхшаб ўрнидан турадиган халқ,У арслондек ўрнидан кўтарилади+. Ўлжасини еб битирмагунча,Ўлдирилганларнинг қонини ичиб қонмагунча ётмайди». 25  Шунда Болоқ Баломга: «Агар лаънат айтолмасанг, ҳеч бўлмаганда дуо ҳам қилмагин!» — деди. 26  Балом унга: «Мен сизга: Яҳова менга нима деса шуни қиламан, демаганмидим?»+ — деб жавоб берди. 27  Болоқ эса Баломга: «Илтимос, мен билан юр, сени бошқа жойга олиб бораман. Балки ҳақ Тангри бу халқни мен учун ўша жойда лаънатлашингни маъқул кўрар»+,— деб айтди. 28  Болоқ Баломни олиб, Йишмон* манзараси+ кўринадиган Пиёр тепалигига чиқди. 29  Сўнг Балом Болоққа: «Шу ерда мен учун еттита қурбонгоҳ қуриб, еттита буқа ва еттита қўчқор тайёрлаб қўйинг»+,— деди. 30  Болоқ Балом айтгандай қилди ва ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбон қилди.

Изоҳлар

Ёки «афсусланса».
Бошқа вариант «чўл; саҳро».