Саҳрода 3:1–51

  • Ҳорун ўғиллари (1–4)

  • Левилар хизмат учун танланади (5–39)

  • Тўнғичлар учун тўлов (40–51)

3  Яҳова Мусо билан Синай тоғида+ гаплашган вақтда, Ҳорун билан Мусонинг насли шулардан иборат эди:  Ҳоруннинг ўғиллари: тўнғичи Надов, кейин Абиҳу+, Элазар+ ва Итамар+.  Булар — Ҳоруннинг руҳонийлик вазифасига тайинланган ўғиллари, мойланган руҳонийлар+.  Аммо Надов билан Абиҳу, Синай саҳросида Яҳованинг ҳузурига қонунга зид бўлган оловни олиб киришгани учун, Яҳованинг олдида ҳалок бўлишганди+. Уларнинг ўғиллари йўқ эди. Элазар+ ва Итамар+ эса отаси Ҳорун билан бирга руҳоний бўлиб хизмат қилиб келишарди.  Кейин Яҳова Мусога қуйидагиларни айтди:  «Леви қабиласини+ руҳоний Ҳоруннинг олдига олиб келиб, унинг қаршисига турғаз. Улар унга хизмат қилишсин+.  Улар учрашув чодирида хизматларини адо этиб, шу чодир қошида Ҳорун ва бутун жамоа олдидаги вазифаларини бажаришсин.  Улар учрашув чодиридаги барча анжомлар учун жавобгар бўлишсин+ ва муқаддас чодирдаги хизматларини бажариб, Исроил халқи олдидаги вазифаларини адо этишсин+.  Левиларни Ҳорун билан унинг ўғилларига топшир. Улар, Исроил ўғиллари орасидан Ҳорунга ажратиб берилган кишилардир*+. 10  Ҳорун билан унинг ўғилларини руҳонийлик вазифасини бажаришга тайинла+. Муқаддас чодирга ваколати бўлмаган киши* яқинлашса, ўлдирилсин»+. 11  Яҳова Мусога гапиришда давом этиб, деди: 12  «Мана, Мен Исроил ўғилларининг тўнғичлари ўрнига левиларни олдим+, левилар Менга тегишли бўлади. 13  Чунки тўнғичларнинг барчаси Меникидир+. Миср юртидаги тўнғичларни нобуд қилганимда+, Исроил ўғилларининг тўнғичларини ва молларнинг биринчи боласини муқаддас қилиб, Ўзим учун ажратган эдим+. Улар Менга тегишли бўлади. Мен Яҳоваман». 14  Яҳова Синай саҳросида+ Мусога: 15  «Леви ўғилларини оилалари ва хонадонлари бўйича рўйхатдан ўтказ. Бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги барча эркак зотини рўйхатдан ўтказ»+,— деб айтди. 16  Мусо Яҳованинг айтгани бўйича, унга буюрилганидай, уларни рўйхатдан ўтказди. 17  Леви ўғилларининг исмлари: Гершон, Қоҳот ва Марори+. 18  Гершоннинг ўғиллари: Лубнах ва Шимей+. Оилалари уларнинг исмлари билан аталган. 19  Қоҳотнинг ўғиллари: Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл+. Оилалари уларнинг исмлари билан аталган. 20  Марорининг ўғиллари: Махли+ ва Муши+. Оилалари уларнинг исмлари билан аталган. Левиларнинг хонадонлари бўйича оилалари шулардан иборат. 21  Гершондан Лубнах+ ўғиллари билан Шимей ўғилларининг оилалари келиб чиққан. Булар — Гершон ўғилларининг оилалари. 22  Бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги барча эркак зоти рўйхатдан ўтказилди ва уларнинг сони 7 500 кишини ташкил этди+. 23  Гершон ўғилларининг оилалари ғарб томонга, муқаддас чодирнинг орқа тарафига жойлашишди+. 24  Гершон ўғиллари хонадонининг* боши Лоёл ўғли Элиасаф эди. 25  Учрашув чодиридаги қуйидаги нарсалар Гершон ўғиллари+ зиммасига топширилди: муқаддас чодир, унинг ички+ ва ташқи қопламалари+, учрашув чодирининг кираверишидаги парда+, 26  ҳовлининг пардалари+, чодир ва қурбонгоҳ атрофидаги ҳовлининг кираверишидаги парда+, чодир арқонлари ҳамда шу нарсалар билан боғлиқ бўлган барча хизмат турлари. 27  Қоҳотдан Имром ўғиллари оиласи, Изхор ўғиллари оиласи, Хеврон ўғиллари оиласи ва Узиёл ўғиллари оиласи келиб чиқди. Булар — Қоҳот ўғилларининг+ оилалари. 28  Бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги барча эркак зоти 8 600 кишини ташкил этди. Уларга муқаддас жойга ғамхўрлик қилиш вазифаси топширилди+. 29  Қоҳот ўғилларининг оилалари муқаддас чодирнинг жануб томонига жойлашишди+. 30  Қоҳот ўғиллари оилаларининг хонадон боши Узиёл+ ўғли Элизофон эди. 31  Уларга Аҳд сандиғи+, стол+, чироқпоя+, қурбонгоҳлар+, муқаддас жойдаги хизматда қўлланиладиган анжомлар+, парда+ ва шу нарсалар билан боғлиқ хизмат топширилди+. 32  Руҳоний Ҳоруннинг ўғли Элазар+ левилар йўлбошчиларининг боши бўлди. Унга муқаддас жойга тегишли вазифаларни бажарувчилар устидан назорат қилиш топширилди. 33  Мароридан Махли ўғиллари оиласи ва Муши ўғиллари оиласи келиб чиқди. Булар — Марори ўғилларининг оилалари+. 34  Бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги рўйхатдан ўтган барча эркак зоти 6 200 кишини ташкил этди+. 35  Марори ўғиллари оилаларининг хонадон боши Абуҳайил ўғли Зуриёл эди. Улар муқаддас чодирнинг шимол томонига жойлашишди+. 36  Марори ўғиллари зиммасига қуйидаги нарсалар топширилди: муқаддас чодирнинг ромлари+, ходалари+, устунлари+, ўйиғи бор тагликлари, унинг ҳамма анжомлари+ ва шу нарсалар билан боғлиқ бўлган барча хизмат турлари+, 37  шунингдек, ҳовли атрофидаги устунлар, уларнинг ўйиғи бор тагликлари+, қозиқлари ва арқонлари. 38  Муқаддас чодирнинг шарқига, яъни учрашув чодирининг олд томони бўлмиш кунчиқар тарафга Мусо, Ҳорун ва унинг ўғиллари чодирларини тикишди. Улар муқаддас масканга ғамхўрлик қилишга масъул бўлиб, Исроил халқи олдидаги вазифаларини адо этишарди. Муқаддас масканга ваколати бўлмаган киши* яқинлашса, ўлдирилиши керак эди+. 39  Мусо билан Ҳорун Яҳова буюрганидай, левиларни оилалари бўйича рўйхатдан ўтказишди. Бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги барча эркак зотининг сони 22 000 кишини ташкил этди. 40  Сўнг Яҳова Мусога деди: «Исроил ўғилларининг бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги барча эркак зотини рўйхатдан ўтказиб+, санаб чиқ ва исмларини қайд эт. 41  Менга Исроил ўғилларининг тўнғичлари ўрнига левиларни+, шунингдек Исроил ўғилларига тегишли молларнинг биринчи боласи ўрнига левилар молларининг биринчи боласини бер+. Мен Яҳоваман». 42  Мусо Яҳова буюрганидай, Исроил ўғилларининг барча тўнғичларини рўйхатдан ўтказди. 43  Бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги рўйхатдан ўтказилган барча эркак зотининг сони 22 273 кишини ташкил этди. 44  Яҳова Мусога яна шундай деди: 45  «Исроил ўғилларининг тўнғичлари ўрнига левиларни, шунингдек Исроил ўғилларига тегишли молларнинг биринчи боласи ўрнига левилар молларининг биринчи боласини бер. Левилар Менга тегишли бўлади. Мен Яҳоваман. 46  Исроил ўғилларининг левилар сонидан ошган 273 нафар тўнғичи+ учун тўлов ҳақи сифатида+, 47  одам бошига беш шекелдан+, муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел* билан ҳисоблаб ол. Бир шекел 20 герага* тенг+. 48  Бу пулларни левилар сонидан ошганларнинг тўлов ҳақи сифатида Ҳорун билан унинг ўғилларига бер». 49  Шундай қилиб, Мусо левилар сонидан ошганлар учун тўлов ҳақи сифатида берилган пулларни олди. 50  У, Исроил ўғилларининг тўнғичларидан пулларни, муқаддас жойда асос қилиб олинган шекел бўйича, 1 365 шекел олди. 51  Сўнг Мусо Яҳова буюрганидай, тўлов ҳақи сифатида берилган пулларни Яҳованинг сўзига мувофиқ, Ҳорун билан унинг ўғилларига берди.

Изоҳлар

Ибр. нетуним, «нетинимлар» сўзига алоқадор.
Сўзма-сўз «бегона», яъни Ҳоруннинг хонадонига тегишли бўлмаган киши.
Сўзма-сўз «ота хонадонининг», яъни ота томондаги оила назарда тутилган.
Сўзма-сўз «бегона», яъни леви эмас.
Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.