Чиқиш 16:1–36
16 Кейин улар Илимдан йўлга отланишди. Миср юртидан чиққандан сўнг, иккинчи ойнинг 15- куни Исроил ўғилларининг бутун жамоаси Илим билан Синай ўртасидаги Син саҳросига етиб келди+.
2 Саҳрода Исроил ўғилларининг бутун жамоаси Мусо билан Ҳорундан нолий бошлади+.
3 Улар шундай дейишарди: «Миср юртида гўшт солинган қозон бошида ўтирардик+, тўйгунимизча нон ердик. Ўшанда Яҳованинг қўлидан ўлиб кетсак яхшироқ бўларди. Аммо сизлар бутун жамоа очликдан ўлиб кетиши учун бизни саҳрога олиб келдингизлар»+.
4 Шунда Яҳова Мусога деди: «Мен осмондан сизларга нон ёғдираман+; ҳар куни ҳар бир киши ташқарига чиқиб, ўзига етадиган миқдорда йиғиб олсин+. Шу йўсин, улар Менинг қонунимга амал қилишадими ёки йўқми синаб кўраман+.
5 Лекин олтинчи куни+ улар йиғиб олганларидан егулик тайёрлаб қўйишсин, ўша куни бошқа кунларга қараганда, икки ҳисса кўпроқ йиғиштириб олишлари керак»+.
6 Мусо билан Ҳорун Исроил халқига шуларни айтишди: «Кечқурун сизларни Миср юртидан олиб чиққан Яҳова эканини билиб оласизлар+.
7 Эрталаб Яҳованинг улуғворлигини кўрасизлар, чунки Яҳова сизларнинг Ундан нолиганингизни эшитди. Биз ким бўлибмизки, биздан нолияпсизлар?»
8 Мусо давом этиб, уларга: «Яҳова кечқурун сизларга ейиш учун гўшт ҳамда эрталаб тўйиб ейишингиз учун нон беради. Ўшанда, Яҳова сизларнинг минғирлаб, Ундан нолиганингизни эшитганини билиб оласизлар. Биз ким бўлибмизки, биздан нолияпсизлар? Сизлар биздан эмас, балки Яҳовадан нолияпсизлар»+,— деб айтди.
9 Сўнг Мусо Ҳорунга: «Исроил ўғилларининг бутун жамоасига: “Яҳованинг олдига келиб туринглар, чунки У минғирлашингизни эшитди”+,— деб айтинг»,— деди.
10 Ҳорун бутун Исроил ўғилларининг жамоасига бу хабарни айтиши биланоқ, улар ўгирилиб саҳро томонга қарашди ва булутлар орасидан Яҳованинг улуғворлигини кўришди+.
11 Яҳова Мусога деди:
12 «Мен Исроил халқининг нолишини эшитдим+. Уларга: “Оқшом* пайти гўшт ейсизлар, эрталаб бўлса нонга тўясизлар+. Шу йўсин, Мен Яҳова, сизларнинг Тангрингиз эканимни билиб оласизлар”+,— деб айт».
13 Ўша куни кечқурун беданалар учиб келиб, қароргоҳни босиб кетди+, эрталаб эса қароргоҳ атрофига шудринг тушди.
14 Шудринг буғланиб кетганидан сўнг, саҳро юзасида қор учқунига ўхшаган+, ерга тушган қировга ўхшаш майда нарса қолди.
15 Исроил халқи буни кўриб, бир-биридан: «Бу нима?» — дея сўрашарди. Чунки бу нима эканини улар билишмас эди. Мусо уларга: «Бу — Яҳова сизларга ейиш учун берган нон»+,— деди.
16 Яҳова шундай буйруқ берди: «Ҳар бирингиз қанча ея олишингизга қараб йиғиб олинглар. Чодирингизда неча киши борлигига қараб, ҳар бир одамга бир омирдан*+ олинглар».
17 Улар айтилганидек қилишди; баъзилар кўп, баъзилар эса оз йиғиштириб олишди.
18 Йиғиштириб олганларини омирда ўлчаганларида, кўп йиғиштириб олганларники ортиб қолмади, оз йиғиштириб олганларники эса етмай қолмади+. Уларнинг ҳар бири қанча ея олишига қараб йиғиштириб олди.
19 Кейин Мусо уларга: «Ҳеч ким йиғиштириб олганини кейинги кун эрталабгача қолдирмасин»+,— деб айтди.
20 Бироқ айримлар Мусога қулоқ солмай, эрталабгача қолдиришган эди, у қуртлаб сасий бошлади. Шунда Мусонинг уларга аччиғи келди.
21 Улар ҳар куни эрталаб, ким қанча ея олишига қараб йиғиштириб олишар эди. Қуёш қиздира бошлаганида эса у эриб кетарди.
22 Олтинчи куни улар икки ҳисса кўпроқ+, ҳар бир кишига икки омирдан нон йиғиштириб олишди. Жамоанинг барча йўлбошчилари Мусонинг олдига келиб, бу ҳақда унга айтишди.
23 Мусо уларга: «Яҳова мана шундай деди: “Эртага бутунлай дам оласизлар, чунки Яҳовага аталган муқаддас Шаббат* бўлади+. Пиширадиган нарсангизни пишириб олинг, қайнатадиганингизни қайнатиб олинг+; ортиб қолганини кейинги кун эрталабгача олиб қўйинглар”,— деб айтди».
24 Улар Мусо айтганидек ортганини эрталабгача олиб қўйишган эди, у сасиб ҳам қолмади, қуртлаб ҳам кетмади.
25 Мусо уларга қуйидагича деди: «Бугун шуни енглар, чунки бугун Яҳовага аталган Шаббат бўлади. Бугун ердан уни топа олмайсизлар.
26 Сизлар уни олти кун йиғасизлар, еттинчи куни эса Шаббат бўлади+, бу куни уни топа олмайсизлар».
27 Бироқ еттинчи куни айримлар уни йиғиштириб олиш учун ташқарига чиқишди, аммо ҳеч нима топа олишмади.
28 Яҳова Мусога деди: «Қачонгача Менинг амрларимга ва қонунларимга амал қилмай юрасизлар?+
29 Сизларга Шаббат кунини Яҳова берганини ёдда сақланглар+. Шу боис, У олтинчи куни сизларга икки кунлик нон беряпти. Еттинчи куни ҳар ким ўз жойида қолсин; ҳеч ким ҳеч қаерга чиқмасин».
30 Шундай қилиб, халқ еттинчи куни Шаббатга риоя қила бошлади+.
31 Исроил ўғиллари уни «манна»*, деб аташди. У кашнич уруғига ўхшаб оқиш, мазаси эса асал қўшилган юпқа нон каби эди+.
32 Сўнг Мусо уларга деди: «Яҳова шундай амр берди: “Омирни манна билан тўлдириб, уни авлодлар оша сақлаб қўйинглар+. Зеро, Мен сизларни Миср юртидан олиб чиққанимда ейишингиз учун саҳрода нон берганимни авлодларингиз ҳам кўрсин”».
33 Мусо Ҳорунга: «Битта идишни олиб, унга бир омир маннани солинг ва авлодлар оша сақланиши учун уни Яҳованинг олдига қўйинг»+,— деб айтди.
34 Яҳова Мусога амр берганидек, Ҳорун уни сақлаб қўйиш учун сандиқнинг* олдига қўйди+.
35 Исроил халқи ваъда қилинган юртга келгунга қадар+, 40 йил давомида манна ейишди+. Улар Канъон юртининг чегарасига етгунча манна еб юришди+.
36 Омир — эфанинг* ўндан бир қисмидир.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «икки кечки пайт оралиғи». Қуёш ботишидан, то қоронғи тушишигача бўлган вақт оралиғи.
^ Тахм. 2,2 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Эҳтимол, «Бу нима?» деганини билдиради (ибр. ман ху?) 15- оятга қ.
^ Сўзма-сўз «гувоҳлик». Муҳим ҳужжатлар сақланиши учун фойдаланилган қути бўлиши мумкин.
^ Бир эфа=22 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.