Чиқиш 18:1–27
18 Мидиён юртининг руҳонийси, Мусонинг қайнатаси Ятро+, Тангри Яҳованинг Мусо ва Ўз халқи Исроил учун нималар қилганини ҳамда уларни қандай қилиб Мисрдан олиб чиққанини эшитди+.
2 Ятро Мусонинг хотини Зиппурани (Мусо олдинроқ уни уйига жўнатиб юборган эди)
3 ва унинг икки ўғлини+ ўзи билан олиб, йўлга чиқди. Мусо: «Мен бегона юртда келгинди бўлдим»,— деб ўғилларидан бирининг исмини Гершом*+ қўйган эди.
4 Бошқа ўғлининг исмини эса: «Отамнинг Тангриси менинг ёрдамчимдир, чунки У мени фиръавн қиличидан қутқарди»+,— дея Элиазар* қўйган эди.
5 Ятро Мусонинг хотини ва икки ўғли билан биргаликда Мусо қароргоҳ қурган саҳрога, ҳақ Худонинг тоғига келди+.
6 Сўнг у Мусога: «Мен — қайнатангиз Ятро+ хотинингиз ва икки ўғлингиз билан олдингизга боряпман»,— деб хабар юборди.
7 Шунда Мусо қайнатасига пешвоз чиқди ва унга таъзим қилиб, уни ўпди. Улар бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб, кейин чодирга киришди.
8 Мусо қайнатасига Яҳова Исроил халқи учун Миср билан фиръавнга нималар қилгани+, йўлда қандай қийинчиликларга дуч келишгани+ ҳамда Яҳова уларни қай йўсин халос этгани тўғрисида айтиб берди.
9 Яҳова Исроил халқини Мисрдан қутқариб, уларга қандай яхшиликлар қилганини эшитган Ятро қувонганидан
10 шундай деди: «Сизларни Мисрдан ва фиръавндан озод этган, халқини Миср бошқарувидан халос этган Яҳовага олқишлар бўлсин!
11 У халқини назар-писанд қилмаганларга нисбатан қандай йўл тутганидан, Яҳова бошқа худолардан буюкроқ эканини билиб олдим»+.
12 Сўнгра, Мусонинг қайнатаси Ятро Худога атаб куйдириладиган қурбонлик ва бошқа қурбонликлар келтирди; Ҳорун ва Исроилнинг барча оқсоқоллари келиб, ҳақ Тангри ҳузурида Мусонинг қайнатаси билан таом тановул қилишди.
13 Эртаси куни, Мусо одатдагидай халққа ҳакамлик қилиш учун ўтирди. Одамлар эрталабдан кечгача Мусонинг олдида туришди.
14 Мусонинг қайнатаси буни кўриб, ундан: «Нега бундай қиляпсиз? Нега халқни эрталабдан кечгача олдингизда турғизиб қўйиб, бу ишни бир ўзингиз бажаряпсиз?» — деб сўради.
15 Мусо қайнатасига деди: «Одамлар менинг олдимга Худодан йўл-йўриқ сўраш мақсадида келишади.
16 Бирорта масала кўтарилса, бир одам билан бошқа одам ўртасида ҳакамлик қилишим учун менга мурожаат қилишади. Мен эса, ҳақ Тангрининг қарорларини ва Унинг қонунларини уларга айтаман»+.
17 Мусонинг қайнатаси унга шуларни айтди: «Бундай қилишингиз яхши эмас.
18 Сиз ўзингизни ҳам, олдингиздаги одамларни ҳам қийнаб қўйяпсиз, чунки бу иш бир ўзингизга оғирлик қилади, якка ўзингиз уддасидан чиқа олмайсиз.
19 Энди мени эшитинг. Мен сизга маслаҳат бераман ва Худо сиз билан бўлади+. Сиз ҳақ Тангри олдида халқнинг вакили бўлиб+, ҳақ Худога уларнинг масалаларини етказиб туришингиз керак+.
20 Сиз уларга қандай меъёр ва қонунлар борлигини ўргатишингиз+, юришлари керак бўлган йўлни кўрсатишингиз ҳамда нима иш қилиш кераклигини айтиб туришингиз даркор.
21 Аммо халқ ичидан қобилиятли+, Худодан қўрқадиган, ҳаром йўл билан фойда кўришдан нафратланадиган ишончли кишиларни танлаб олинг+. Уларни мингбоши, юзбоши, элликбоши ҳамда ўнбоши этиб тайинланг+.
22 Бирорта масала кўтарилганда, улар халққа ҳакамлик қилишсин. Ҳар қандай мураккаб масалани сизга топширишсин+, енгилроқ масалаларни эса ўзлари ҳал этишсин. Оғирингизни енгиллатинг, улар сиз билан бирга бу юкни кўтаришсин+.
23 Агар сиз шундай қилсангиз ва бу иш Худонинг амрига мувофиқ бўлса, уни уддалай оласиз ва ҳар ким мамнун бўлиб уйига қайтади».
24 Мусо ўша заҳотиёқ қайнатасига қулоқ солиб, ҳаммасини у айтгандек қилди.
25 Мусо Исроил ўғиллари орасидан қобилиятли кишиларни танлаб олди ва уларни халқ устидан мингбоши, юзбоши, элликбоши ҳамда ўнбоши этиб тайинлади.
26 Шундай қилиб, бирорта масала кўтарилганда, улар халққа ҳакамлик қилишарди. Мураккаб масалани Мусога топширишар+, енгилроқ масалаларни эса ўзлари ҳал этишарди.
27 Бундан кейин Мусо қайнатасини+ кузатиб қўйди ва у ўз юртига қайтиб кетди.