Чиқиш 21:1–36
21 Сен уларга етказишинг керак бўлган қонун-қоидалар+ мана булардир:
2 Борди-ю, иброний қулни сотиб олсангиз+, у сизга олти йил қуллик қилсин, еттинчи йили эса сизга ҳеч нарса тўламай озодликка чиқсин+.
3 Агар у ёлғиз келса, озодликка ёлғиз чиқсин. Хотини билан келган бўлса, хотини билан чиқсин.
4 Мабодо хўжайини уни уйлантирса ва хотини унга ўғил-қизлар туғиб берса, хотини билан болалари хўжайинига тегишли бўлади. У эса озодликка ёлғиз чиқади+.
5 Аммо қул: “Мен хўжайинимни, хотиним ва фарзандларимни яхши кўраман, озодликка чиқишни хоҳламайман”+,— деб туриб олса,
6 хўжайини уни эшикка ёки эшик ёндорига тақаб, қулоғини бигиз билан тешсин, ҳақ Тангри эса бунга гувоҳ бўлсин*. Шу йўсин, у бир умрга унинг қули бўлиб қолади.
7 Агар бирор киши қизини чўриликка сотса, қиз қул эркаклар озодликка чиқадиган усул билан озодликка чиқа олмайди.
8 Борди-ю, хўжайини уни ёқтирмаса ва уни хотин қилиб олгиси келмай, бошқа кишига сотадиган бўлса, уни мусофирга сотишга ҳақли эмас. Акс ҳолда, у чўрисига хоинлик қилган бўлади.
9 Агар бу қизни ўғли учун танлаган бўлса, унга қизидай муомала қилиши лозим.
10 Мабодо у бошқа хотин олса, биринчи хотинини озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаши ҳамда эрлик вазифасини+ адо этиши* даркор.
11 Борди-ю, мана шу учта нарса билан таъминламаса, чўриси ҳеч нарса тўламай озодликка чиқиши керак.
12 Кимдир бошқа бировни урганида у ўлиб қолса, урган киши ўлимга маҳкум этилсин+.
13 Аммо у буни қасддан қилмаган ва ҳақ Худо шундай бўлишига йўл қўйган бўлса, Мен ўша киши қочиб борадиган жойни тайинлайман+.
14 Агар киши яқинидан қаттиқ ғазабланиб, уни қасддан ўлдирса+, у ҳатто ҳимоя излаб қурбонгоҳимга келган тақдирда ҳам, ўлимга маҳкум этилсин+.
15 Отаси ёки онасини урган инсон ўлдирилсин+.
16 Одам ўғирлаган ва уни сотган+ ёки уни ушлаб турган инсон ўлимга маҳкум этилсин+.
17 Отаси ёки онасини лаънатлаган одам ўлдирилсин+.
18 Жанжаллашаётиб, бир киши бошқасини тош билан урганида ёки мушт туширганида*, у ўлмай тўшакка ётиб қолса,
19 аммо ўрнидан туриб, ҳассасига таяниб ташқарида юра бошласа, уни урган одам жазодан озод этилсин. Фақат жабр кўрган киши охиригача соғайиб, ишлай оладиган вақтга қадар, урган одам унга товон тўлаб турсин.
20 Агар одам қул ёки чўрисини таёқ билан урса ва у хўжайинининг қўлидан ўлса, ундан ўч олинсин+.
21 Борди-ю, у бир ёки икки кундан кейин ўлса, хўжайинидан ўч олинмасин, чунки хўжайини уни пулга сотиб олган.
22 Эркаклар муштлашаётиб ҳомиладор аёлни уриб юборишса ва у муддатидан олдин туғиб қўйса-ю+, лекин бола ҳам, она ҳам омон қолса, айбдор киши шу аёлнинг эри талаб қилган товонни тўлаши ва буни ҳакамлар орқали бериши лозим+.
23 Аммо улардан бири ўлса, жон эвазига жон+,
24 кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш, қўл эвазига қўл, оёқ эвазига оёқ+,
25 куюк эвазига куюк, жароҳат эвазига жароҳат, зарба эвазига зарба берилсин.
26 Мабодо одам қули ёки чўрисининг кўзига уриб, зиён етказса, кўзи эвазига уни озод этсин+.
27 Борди-ю, қули ёки чўрисини уриб тишини синдирса, тиши эвазига уни озод қилсин.
28 Эркак ёки аёл кишини буқа сузиб ўлдириб қўйса, буқа тошбўрон қилиб ўлдирилсин+, гўшти эса ейилмасин. Лекин буқанинг эгаси жазоланмасин.
29 Аммо буқа сузонғич бўлса ва эгаси бундан огоҳ этилган бўла туриб, буқасига кўз-қулоқ бўлмаган бўлса ва буқа бирор эркак ёки аёлни сузиб ўлдирса, буқа тошбўрон қилинсин, эгаси ҳам ўлимга маҳкум этилсин.
30 Агар буқанинг эгасидан тўлов талаб қилинса, у ўз жони учун талаб этилган ҳақни тўласин.
31 Буқа ўғил ёки қиз болани сузганда ҳам, буқанинг эгасига нисбатан шу қонун татбиқ этилсин.
32 Борди-ю, буқа қул ёки чўрини сузса, буқанинг эгаси унинг хўжайинига 30 шекел* ҳақ тўласин, буқа эса тошбўрон қилиб ўлдирилсин.
33 Агар киши чуқурлик устини очиб қўйса ёки чуқур қазиб, устини ёпиб қўймаса ва унинг ичига буқа ёки эшак тушиб кетса,
34 чуқурликнинг эгаси етказган зарарни қопласин+. У молнинг эгасига унинг баҳосини тўласин, ўлик мол эса ўзига қолсин.
35 Мабодо бирор одамнинг буқаси бошқасининг буқасини сузиб ўлдирса, улар тирик буқани сотиб, пулини ҳам, ўлган буқани ҳам бўлишиб олишсин.
36 Аммо буқа сузонғич экани маълум бўлишига қарамай, эгаси буқасига кўз-қулоқ бўлмаган бўлса, у буқа эвазига буқа бериб, ўлган буқани эса ўзига қолдирсин.
Изоҳлар
^ Ёки «уни ҳақ Тангрининг олдига олиб келсин».
^ Жинсий алоқа маъносида.
^ Бошқа вариант «бирон асбоб билан урганида».
^ Бир шекел=11,4 г. Илованинг Б14 мавзусига қ.