Чиқиш 25:1–40

  • Муқаддас чодир учун хайр-эҳсонлар (1–9)

  • Шоҳидлик сандиғи (10–22)

  • Стол (23–30)

  • Чироқпоя (31–40)

25  Кейин Яҳова Мусога шуларни айтди: 2  «Исроил халқига айт, Менга атаб хайр-эҳсон олиб келсин. Ҳар бир инсон Менга чин дилдан тортиқ этган хайр-эҳсонни қабул қилинглар+. 3  Сизлар қабул қилишингиз керак бўлган хайр-эҳсонлар қуйидагилардир: олтин+, кумуш+, мис+, 4  мовий ип, тўқ қизилга бўялган жун, қирмизи ип, аъло сифатли зиғир газлама, эчки жуни, 5  қизил рангга бўялган қўчқор териси, тюлень териси, акация дарахти ёғочи+, 6  чироқ мойи+, муқаддас мой* билан хушбўй тутатқи+ учун бальзам+. 7  Оникс тошлари, эфод*+ ва кўкракпечга ўрнатиладиган бошқа тошлар+. 8  Менга атаб муқаддас маскан бунёд этинглар ва Мен сизлар ичра яшайман+. 9  Сизлар муқаддас чодирни* ва ундаги барча жиҳозлару анжомларни Мен сенга кўрсатган намуна бўйича ясанглар+. 10  Акация дарахти ёғочидан узунлиги икки ярим, эни бир ярим, бўйи бир ярим тирсак* келадиган сандиқ ясалсин+. 11  Уни ичин-ташин соф олтин билан қоплаб+, тепа қисмининг атрофига эса олтиндан безак бериб чиқ+. 12  Сандиқ учун тўртта олтин ҳалқа қуйиб, уларни тўртта оёғининг юқори қисмига — иккита ҳалқани унинг бир томонига, қолган иккитасини эса бошқа томонига ўрнат. 13  Акация дарахти ёғочидан ходалар ясаб, уларни олтин билан қопла+. 14  Сандиқни ходалар ёрдамида кўтариб юриш учун, уларни сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқаларга киргизиб қўй. 15  Ходалар сандиққа ўрнатилган ҳалқаларга киргизилган ҳолда турсин, улар чиқариб олинмасин+. 16  Шоҳидлик сандиғига Мен сенга берадиган тош лавҳаларни солиб қўй+. 17  Сандиқ учун соф олтиндан узунлиги икки ярим, эни бир ярим тирсак келадиган қопқоқ яса+. 18  Олтиндан иккита каруб* яса. Уларга болға билан шакл бериб, қопқоқнинг икки четига ўрнат+. 19  Карубларни ясаб, уларни икки чеккага, қопқоқнинг ҳар бир чеккасига ўрнат. 20  Карубларнинг қанотлари юқорига кўтарилган бўлиб, қопқоққа соя солиб турсин+. Улар бир-бирига юзма-юз ўрнатилиб, юзлари қопқоққа қаратилган бўлсин. 21  Қопқоқни сандиқнинг устига қўй+, шоҳидлик сандиғига эса Мен сенга берадиган тош лавҳаларни солиб қўй. 22  Мен сенга ўша жойда зоҳир бўлиб, қопқоқнинг устидан сенга гапираман+. Шоҳидлик сандиғидаги иккита карубнинг орасидан гапириб, Исроил халқига берадиган амрларимдан сени хабардор этаман. 23  Акация дарахти ёғочидан узунлиги икки, эни бир, бўйи эса бир ярим тирсак келадиган стол яса+. 24  Уни соф олтин билан қоплаб, тепа қисмининг атрофига эса олтиндан безак бериб чиқ. 25  Унинг атрофи бўйлаб тўрт бармоқ энидай* келадиган ҳошия ясаб, ҳошия атрофига олтиндан безак бериб чиқ. 26  Стол учун олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, ҳалқаларни оёқлар бириктирилган тўртта бурчакка ўрнат. 27  Ҳалқалар ҳошияга яқин қилиб бириктирилсин. Столни кўтариш учун уларга ходалар киргизилади. 28  Ходаларни акация дарахти ёғочидан ясаб, уларни олтин билан қопла. Стол шу ходалар ёрдамида кўтариб юрилсин. 29  Столга қўйиладиган лаганлар, пиёлалар, ичимлик назрлари қуйиладиган кўзалар ва косалар яса. Уларни соф олтиндан тайёрла+. 30  Менинг олдимда доим туриши учун, стол устига тортиқ этилган нонларни қўйиб тур+. 31  Соф олтиндан чироқпоя ясаб+, унга болға билан шакл бер. Унинг танасидан новдалар, гулкосалар, ғунчалар ва гуллар чиқиб турсин+. 32  Чироқпоянинг танасидан олтита новда — учтаси бир томонидан, учтаси эса бошқа томонидан чиқиб турсин. 33  Бир томонидаги новдаларнинг ҳар бирида бодом гулига ўхшаш учта гулкоса, ҳар бир гулкоса орасида эса ғунча ва гул бўлсин. Иккинчи томондаги новдаларнинг ҳар бирида ҳам бодом гулига ўхшаш гулкоса, ҳар бир гулкосанинг орасида ғунча ва гул бўлсин. Чироқпоянинг танасидан чиққан олтита новданинг ҳар бири худди шундай ясалсин. 34  Чироқпоянинг танасида бодом гулига ўхшаш тўртта гулкоса, ҳар бир гулкоса орасида эса ғунча ва гул бўлсин. 35  Чироқпоя танасидан чиққан биринчи, иккинчи ва учинчи иккита новда тагида ҳам — жами олтита новда тагида ғунча жойлашган бўлсин. 36  Ғунчалар билан новдалар ҳамда бутун чироқпоя бир бўлак соф олтиндан болға билан шакл бериб ясалсин+. 37  Унга еттита мойчироқ яса. Улар ёндирилганда, чироқпоянинг атрофини ёритиб туриши керак+. 38  Қисқичлар* ва оловкураклар* соф олтиндан бўлсин+. 39  Чироқпоя ва унинг барча анжомлари бир талант* соф олтиндан ясалсин. 40  Буларнинг ҳаммасини сенга тоғда кўрсатилган намуна бўйича яса+.

Изоҳлар

Луғатдаги «мойламоқ» сўзига қ.
Бир тирсак=44,5 см. Илованинг Б14 мавзусига қ.
Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.