Эзра 7:1–28
7 Бу воқеалардан кейин, Форс шоҳи Артаксеркс+ ҳукмронлиги даврида, Эзра*+ Бобилдан йўлга чиқди. У Сараёнинг ўғли эди. Сараё+ Озариёнинг, Озариё Хилқиёнинг+,
2 Хилқиё Шаллумнинг, Шаллум Зодўхнинг, Зодўх Охитобнинг ўғли эди.
3 Охитоб Эмориёнинг, Эмориё Озариёнинг+, Озариё Маройўтнинг ўғли эди.
4 Маройўт Зарахиёнинг, Зарахиё Уззининг, Уззи Буккининг ўғли эди.
5 Букки Абушуванинг, Абушува Финхазнинг+, Финхаз Элазарнинг+, Элазар бош руҳоний Ҳоруннинг+ ўғли эди.
6 Ўша Эзра Бобилдан келди. У, Исроилнинг Тангриси Яҳова берган Мусонинг Таврот китобини яхши биладиган* котиб* эди+. Худоси Яҳова унга ёрдам бергани учун, Эзра нимаики сўрамасин, шоҳ унга ҳадя қилди.
7 Шоҳ Артаксеркс ҳукмронлигининг еттинчи йилида исроилликлар, руҳонийлар, левилар+, қўшиқчилар+, дарвозабонлар+ ва маъбад хизматчиларининг*+ айримлари Қуддусга йўл олишди.
8 Шоҳ Артаксеркс ҳукмронлигининг еттинчи йили, бешинчи ойида, Эзра Қуддусга кириб келди.
9 Биринчи ойнинг биринчи кунида у Бобилдан сафарга чиққан эди ва Худосининг ёрдами билан+, бешинчи ойнинг биринчи кунида Қуддусга етиб келди.
10 Эзра Яҳова берган Тавротни ўрганишга, ёзилганларга риоя қилишга+ ҳамда Исроил ўғилларига қонун-қоидаларни ва адолатни ўргатишга+ қалбини тайёрлаган эди*.
11 Яҳованинг амрларини ва Исроилга берган қонун-қоидаларини тадқиқ қилувчи*, кўчириб ёзувчи котиб ва руҳоний Эзрага, шоҳ Артаксеркс берган хатнинг мазмуни қуйидагича эди:
12 *«Шоҳаншоҳ Артаксерксдан+, самовий Худо берган Тавротни кўчириб ёзувчи котиб ва руҳоний Эзрага тинчлик-омонлик бўлсин.
13 Шоҳлигимдаги Исроил халқидан бўлган ҳар бир киши, уларнинг руҳонийлари ва левилар сен билан Қуддусга бормоқчи бўлса, бораверсин деб буюраман+.
14 Шоҳ ва еттита маслаҳатчисининг амри шундан иборат: қўлингдаги, Тангринг берган Тавротга Яҳудо билан Қуддусда риоя қилиняптими ёки йўқми, билиб кел.
15 Шунингдек, шоҳ ва унинг маслаҳатчилари, маскани Қуддусда бўлган Исроилнинг Худосига эҳсон қилган кумуш ва олтинларни ҳам ўзинг билан олиб бор.
16 Бундан ташқари, бутун Бобил вилоятидан йиғиб берилган кумуш ва олтинни ҳамда Қуддусдаги Худонинг уйига атаб халқ ва руҳонийлар томонидан эҳсон қилинган ҳадяларни ҳам олиб бор+.
17 Шу пулга буқаларни+, қўзилару+ қўчқорларни+, шунингдек, буғдой+ ва ичимлик назрлари+ учун керак бўлган нарсаларни дарҳол сотиб ол. Бу нарсаларни Қуддусдаги Худонинг уйидаги қурбонгоҳга олиб бор.
18 Қолган кумуш ва олтинни эса, сенга ва биродарларингга қандай маъқул бўлса, Худойингизнинг иродасига мувофиқ ишлатинглар.
19 Худойинг уйида ишлатилиши учун берилган барча идишларни Қуддусдаги Тангрингга тақдим эт+.
20 Агар ўз Худойинг уйи учун яна бирор нарса керак бўлса, уни шоҳ хазинасидан олишинг мумкин+.
21 Мен, шоҳ Артаксеркс, Фурот дарёсининг ғарбидаги* барча хазинабонларга буюраман: самовий Худо берган Тавротни кўчириб ёзувчи руҳоний Эзра+ нимаики сўраса, кечиктирмасдан берилсин.
22 Унга 100 талантгача* кумуш, 100 кор* буғдой, 100 бат* шароб+, 100 бат мой+ ҳамда қанча керак бўлса шунча туз+ берилсин.
23 Шоҳнинг бошқаруви остида бўлган халққа ва шоҳ ўғилларига Худонинг қаҳри келмаслиги учун+, самовий Худо нимаики буюрса, Унинг уйи учун барчаси қунт билан бажарилсин+.
24 Сизларга яна шу маълум бўлсинки, ҳеч бир руҳоний, леви, қўшиқчи+, дарвозабон, маъбад хизматчиси+ ва Худонинг уйидаги ишчи солиқ, ўлпон+ ёки бож тўлашга мажбурланмасин.
25 Сен эса, Эзра, Худойинг сенга берган доноликни ишга солиб, Фурот дарёсининг ғарбида яшовчи барча халқларни ҳукм қилиш учун, Худойинг қонунларини биладиганларнинг барчасини қонун посбонлари ва қозилар этиб тайинла. Қонунларни билмаганларга эса таълим бер+.
26 Тангринг берган Тавротга ва шоҳнинг қонунига риоя қилмаган ҳар бир киши ҳукм қилиниб, дарҳол жазолансин. У ёки ўлимга топширилсин, ё қувғун қилинсин, ё унга жарима солинсин ёхуд қамалсин».
27 Шоҳнинг қалбига Қуддусдаги Яҳованинг уйини безаш истагини солган ота-боболаримизнинг Худоси Яҳова улуғлансин!+
28 Зеро, шоҳ ва унинг маслаҳатчилари+ ҳамда шоҳнинг барча қудратли беклари олдида У менга меҳр-садоқатини намоён этди+. Тангрим Яҳова мени қўллаб-қувватлагани учун* жасоратга тўлдим ва Исроил халқининг йўлбошчиларини мен билан боришлари учун йиғдим.
Изоҳлар
^ Маъноси «ёрдам».
^ Ёки «моҳир».
^ Ёки «уламо».
^ Ёки «нетинимлар». Сўзма-сўз «берилганлар».
^ Ёки «қалбида қарор қилган эди».
^ Ёки «сўзларни кўчирувчи».
^ Эзр 7:12–26 гача оятлар асл нусхада оромий тилида ёзилган.
^ Ёки «Фурот дарёсининг нарёғидаги».
^ Бир талант=34,2 кг. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Бир бат=22 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Бир кор=220 л. Илованинг Б14 мавзусига қ.
^ Сўзма-сўз «Яҳованинг қўли устимда бўлгани учун».