Эстер 1:1–22

  • Шоҳ Ахашвераш Сузада зиёфат беради (1–9)

  • Малика Вашти бўйсунмайди (10–12)

  • Шоҳ донишмандларга маслаҳат солади (13–20)

  • Шоҳ фармон чиқаради (21, 22)

1  Бу воқеа, Ҳиндистондан Ҳабашистонгача* бўлган 127 та вилоят устидан бошқарган+ Ахашвераш* даврида содир бўлган эди.  Ўша даврда шоҳ Ахашвераш Суза*+ қалъасидан* туриб ҳукмронлик қиларди.  Ҳукмронлигининг учинчи йили у барча беклари ва амалдорлари учун зиёфат уюштирди. Зиёфатга Форс+ ва Мидия+ лашкарбошилари, асилзодалар ҳамда вилоят ҳокимлари келишди.  Ахашвераш анча вақт — 180 кун давомида уларга улуғвор шоҳлигининг бойлигинию ҳашаматини, ўзининг шон-шуҳратини намоён этди.  Бу кунлар ўз ниҳоясига етгач, шоҳ Суза қалъасидаги барча одамларга — каттаю кичикка етти кун зиёфат берди. Зиёфат шоҳ саройининг боғидаги ҳовлида бўлиб ўтди.  Ҳовли зиғир ва аъло навли пахтадан тўқилган матодан ҳамда мовий рангли матодан қилинган пардалар билан безатилган эди. Пардалар қимматбаҳо матодан қилинган арқонлар ва тўқ қизилга бўялган жундан йигирилган боғичлар билан боғланган бўлиб, боғичлар мармар устунлардаги кумуш ҳалқалардан ўтказилган эди. Порфир*, оқ мармар, садаф* ва қора мармар ётқизилган йўлакларга олтин ва кумуш ўриндиқлар ўрнатилган эди.  Шароб олтин қадаҳларда тортилди. Ҳар бир қадаҳ бир-биридан фарқ қилар ва шоҳона шароб шоҳнинг бойлигига яраша мўл-кўл эди.  Бироқ ичкилик ичириш одати бўлганига қарамай, ҳеч ким ҳеч кимни шароб ичишга мажбурламади. Чунки шоҳ сарой амалдорларига ҳар ким хоҳлаганича ичсин деган буйруқ берган эди.  Малика Вашти+ ҳам шоҳ Ахашвераш саройида аёллар учун зиёфат уюштирди. 10  Еттинчи кун шоҳнинг шаробдан димоғи чоғ бўлди. Шоҳ Ахашвераш ҳузурида хизмат қилиб юрадиган Махумон, Бизта, Харбон+, Бихта, Авағта, Затар ва Каркас исмли еттита сарой мулозимига 11  малика Ваштини шоҳона бош кийимда* олдига олиб келишни буюрди. Малика ниҳоятда гўзал бўлгани учун, халқларга ва бекларга унинг чиройини кўрсатмоқчи эди. 12  Шоҳ бир неча марта малика Ваштининг олдига мулозимларини юборди, аммо у рад жавобини бераверди. Бундан шоҳ ниҳоятда ғазабланди, қаҳри аланга олди. 13  Шунда шоҳ қадимий одатлардан* хабардор бўлган донишмандларга маслаҳат солди (шоҳ бу каби вазиятларда қонун-қоида ва ҳуқуқий масалаларни яхши биладиган кишилар билан маслаҳатлашарди. 14  Форс ва Мидиянинг еттита беги+ — Каршана, Шатор, Адмата, Таршиш, Мирос, Марсано ва Мамухон унинг яқин маслаҳатчилари бўлиб, улар шоҳнинг ҳузурига кира олишарди ва шоҳликда юқори лавозимларни эгаллашган эди). 15  Шоҳ улардан: «Мен, шоҳ Ахашвераш сарой мулозимлари орқали айтиб юборган буйруққа бўйсунмагани учун, қонун бўйича малика Ваштига қандай жазо берилиши керак?» — деб сўради. 16  Бунга жавобан Мамухон шоҳ ҳузурида ва беклар олдида шундай деди: «Малика Вашти нафақат шоҳ ҳазратларига+, балки ҳамма беклару шоҳ Ахашвераш бошқаруви остидаги барча вилоятлар аҳолисига қарши гуноҳ қилди. 17  Маликанинг бу иши ҳамма хотинларнинг қулоғига етиб бориб, улар: “Шоҳ Ахашвераш малика Ваштини олиб келишни буюрганида, малика келишдан бош тортибди”,— дейишади ва эрларини менсимай қўйишади. 18  Форс ва Мидия бекларининг хотинлари ҳам маликанинг қилмишидан хабар топгач, шоҳнинг ҳамма бекларига шундай гапирадиган бўлишади. Натижада ҳурматсизлигу нафрат авж олади. 19  Шоҳ ҳазратлари маъқул деб билсалар, буйруқ чиқарсинлар ва бу буйруқ бекор қилинмайдиган Форс ва Мидия қонунлари қаторига киритилсин+. Бу буйруққа кўра малика Вашти ҳеч қачон шоҳ Ахашвераш ҳузурига киритилмасин. Шоҳимиз унинг маликалик мақомини ундан кўра яхшироқ аёлга ҳадя қилсинлар. 20  Шоҳнинг буйруғи бутун шоҳлик бўйлаб эълон қилинганда, каттаю кичикнинг хотини — барча аёллар эрларининг ҳурматини жойига қўядиган бўлишади». 21  Бу таклиф шоҳ билан бекларга маъқул келди ва шоҳ Мамухон айтганидай қилди. 22  Шундай қилиб, шоҳ қўл остидаги ҳамма вилоятларга+ — ҳар бир вилоятга ўз ёзувида ва ҳар бир халққа ўз она тилида мактублар юборди. Токи ҳар бир эр ўз уйида хўжайин бўлсин ва халқининг она тилида гапирсин.

Изоҳлар

Ёки «Куш».
Буюк Доронинг (Гистаспнинг ўғли Доро) ўғли Ксеркс І бўлиши мумкин.
Ёки «Шушан».
Ёки «саройидан».
Одатда тўқ қизил рангда бўладиган, оқ доғли, жуда қаттиқ қимматбаҳо тош.
Айрим моллюскалар чиғаноғидан олинадиган дур.
Ёки «саллада».
Ёки «прецедентлардан».