Эстер 5:1–14
5 Учинчи куни+ Эстер шоҳона либосларини кийди ва шоҳ саройининг ички ҳовлисига, шоҳ уйининг қаршисига бориб турди. Бу пайтда шоҳ ўз саройида — кираверишнинг рўпарасидаги тахтда ўтирган эди.
2 У малика Эстер ҳовлида турганини кўриши биланоқ, малика унинг назарида марҳамат топди. Шоҳ қўлидаги олтин салтанат ҳассасини Эстер томонга узатди+. У яқинлашиб, салтанат ҳассасининг учига қўл теккизди.
3 Шоҳ унга: «Маликам Эстер, қандай масала билан келдинг? Тилагинг нима? Ҳатто шоҳликнинг ярмини сўрасанг ҳам бераман!» — деди.
4 Эстер: «Агар шоҳ ҳазратлари маъқул деб билсалар, мен шоҳим учун тайёрлаб қўйган зиёфатга бугун Хомон+ билан бирга келсинлар»,— деб айтди.
5 Шоҳ одамларига: «Эстернинг тилагига кўра, Хомонни тезда чақириб келинглар»,— деб буюрди. Шундай қилиб, шоҳ Хомон билан Эстер тайёрлаб қўйган зиёфатга борди.
6 Улар шароб ичиб ўтиришганда, шоҳ Эстерга: «Қандай илтимосинг бор? Уни бажо келтираман. Тилагинг нима? Ҳатто шоҳлигимнинг ярмини сўрасанг ҳам бераман!»+ — деб айтди.
7 Эстер унга жавоб бериб деди: «Илтимосим, тилагим шуки,
8 агар назарингизда илтифот топган бўлсам, шоҳ ҳазратлари илтимосим ва тилагимни бажаришни маъқул деб билсалар, эртага Хомон билан бирга мен улар учун тайёрлайдиган зиёфатга келсинлар. Тилагимни эртага айтаман».
9 Ўша куни Хомон зиёфатдан хурсанд ва димоғи чоғ бўлиб чиқди. Аммо шоҳ саройининг дарвозаси олдида ўтирган Мордахайга кўзи тушди ва у ўрнидан турмаганини, ҳатто қўзғалиб ҳам қўймаганини кўриб ғазабга тўлди+.
10 Лекин Хомон ўзини босди ва уйига кетди. Сўнг дўстлари билан хотини Зарешни+ чақиртирди.
11 Хомон уларга мислсиз бойлиги, ўғилларининг кўплиги+ ва шоҳ унинг мартабасини кўтариб, бекларию хизматкорларидан юксалтиргани ҳақида айтиб мақтанди+.
12 Хомон яна шуларни қўшиб қўйди: «Бундан ташқари, малика Эстер ўзи тайёрлаган зиёфатга шоҳ билан мендан бошқа ҳеч кимни таклиф қилмади+. Эртанги зиёфатга ҳам шоҳ билан бирга таклиф этилганман+.
13 Аммо яҳудий Мордахай шоҳ саройининг дарвозаси олдида ўтирганини кўрар эканман, буларнинг ҳеч бири кўнглимга сиғмайди».
14 Шунда хотини Зареш билан барча дўстлари унга: «Баландлиги 50 тирсак* келадиган устун ўрнатинг-да, эрталаб шоҳнинг олдига боринг ва Мордахайни шу устунга осишларини сўранг+. Сўнг шоҳ билан бирга зиёфатга бориб кайф-сафо қилаверасиз»,— дейишди. Бу маслаҳат Хомонга маъқул келди ва у устун ўрнаттирди.
Изоҳлар
^ Тахм. 22,3 м. Илованинг Б14 мавзусига қ.