Эфесликларга 1:1–23
1 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси* бўлган Павлусдан, Эфес+ шаҳридаги Исо Масиҳ билан бирликда бўлган содиқ ва муқаддас кишиларга:
2 Отамиз Аллоҳдан ва Ҳазратимиз Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин.
3 Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг Худоси ва Отасига ҳамдлар бўлсин. Чунки У, Масиҳ билан бирликда бўлган бизларга самовий маконда+ муқаддас руҳи орқали турли баракалар ёғдирди.
4 Токи Унинг олдида муқаддас ва бенуқсон бўлиб+, севгини намоён этишимиз учун, бизни Масиҳ билан бирликда дунёга асос солинишидан аввал танлади.
5 У Ўз иродасига мувофиқ, хоҳлаганича+ бизни Исо Масиҳ орқали Ўзига ўғил қилиб олишни+ олдиндан белгилади+.
6 Шу тариқа, севимли Ўғли орқали+ бизга меҳр ила кўрсатган улуғ инояти учун+ Унга мақтовлар ёғилади.
7 Унинг Ўғли ўз қони орқали тўлов бериб, бизларни озод этди+. Айнан Аллоҳнинг чексиз инояти туфайли айбларимиз кечирилишига+ йўл очилди.
8 У бизга иноятини тўла донолик ва ақл-заковат билан бирга мўл-кўл қилиб берди.
9 Ҳамда Ўз иродасининг муқаддас сирини очди+. Бу сир Унинг иродасига ва ниятига мувофиқдир.
10 Ушбу муқаддас сир, белгиланган вақтнинг охирида, ишларни бошқариш орқали осмондаги ва ердаги барча нарсани Масиҳда бирлаштиришни англатади+. Ҳа, барча нарса унинг бошчилиги остида бирлашади.
11 Биз Масиҳ билан бирликдамиз ва меросхўр қилиб тайинландик+. Зеро ҳамма нарсани Ўз иродасига мувофиқ қиладиган Худонинг нияти бўйича олдиндан белгиланган эдик.
12 Токи Масиҳга биринчи бўлиб умид боғлаган бизлар орқали Худога ҳамдлар ва шараф бўлсин.
13 Сизлар ҳам ҳақиқат каломини — нажотингиз тўғрисидаги хушхабарни эшитиб, Масиҳга умид боғладингизлар. Унга ишонганингиздан сўнг сизлар ҳам у орқали ваъда қилинган муқаддас руҳнинг муҳри билан белгиландингизлар+.
14 Бу руҳ меросимизнинг гаровидир+. Токи Худонинг халқи тўлов орқали+ озод этилиб+, бу Унга тасаннолар келтирсин.
15 Шу боис мен ҳам Ҳазратимиз Исога бўлган ишончингизни ва барча муқаддас кишиларга нисбатан севгингизни қандай намоён этаётганингизни эшитиб,
16 сизлар учун тинмай миннатдорчилик билдиряпман. Ибодатларимда доим сизларни ёдга оляпман.
17 Токи Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг Худоси, улуғвор Отамиз доно бўлишингиз ва Ўзи ҳақида очиб берган нарсаларни тушунишингиз учун сизларга куч берсин. Шунда У ҳақда аниқ билимга эга бўласиз+.
18 Қалбларингизнинг кўзларини ёритиб, сизларни қандай умидга даъват этганини, муқаддас кишиларга мерос сифатида қанақа улуғвор бойлик сақлаб қўйганини+
19 ва биз имонлиларга таъсир қилаётган чексиз қудратининг улуғворлигини билинглар+. Аллоҳ бу улуғвор қудратини
20 Масиҳни тирилтирганида ва самовий маконда уни Ўзининг ўнг томонига ўтқазганда+ қўллади.
21 Уни нафақат бу замонда*, балки келажакда ҳам ҳар қандай ҳукумат ва ҳокимиятдан, қудрату ҳукмронликдан ва ҳар қандай номдан юқори қўйди+.
22 Аллоҳ барча нарсани унинг оёқлари остига тобе қилиб+, жамоатнинг манфаати учун борлиқ устидан уни бош қилиб тайинлади+.
23 Жамоат эса Масиҳнинг баданидир+, у билан тўладир ва Масиҳ ҳамма нарсани тўла-тўкис тўлдиргандир.