Қонунлар 4:1–49
4 Энди, эй Исроил, мен сизларни риоя этишга ўргатаётган қонун-қоидаларни эшитинглар. Яшашингиз учун ва ота-боболарингиз Тангриси Яҳова сизларга тақдим этаётган юртга эгалик қилиш учун, уларга амал қилинглар+.
2 Мен сизларга буюрган сўзларга ҳеч нарса қўшманглар ҳам, ҳеч нарса олиб ҳам ташламанглар+. Шу тариқа, мен сизларга буюрган Аллоҳингиз Яҳованинг амрларини бажарасизлар.
3 Пиёрдаги Баал билан юз берган воқеада Яҳова нима қилганини, Худойингиз Яҳова Пиёрдаги Баалга эргашганларнинг барини орангиздан йўқ қилганини ўз кўзларингиз билан кўрган эдингиз+.
4 Лекин сизлар, яъни Тангрингиз Яҳовани маҳкам ушлаганлар, бугун ҳаммангиз тириксиз.
5 Мана, Аллоҳим Яҳова амр этганидай, эгалик қилиш учун бораётган юртда бажаришингиз учун, сизларга қонун-қоидаларни ўргатяпман+.
6 Уларга астойдил амал қилинглар+, шунда бу барча қонунларни эшитган халқлар сизларнинг доно+ ва идрокли+ эканингизни кўриб: “Бу буюк халқ чиндан ҳам донолик ва идрокка эга экан”+,— деб айтишади.
7 Тангри Яҳовани қачон чақирмайлик У бизга доим яқин бўлганидай, худолари уларга ҳам шунчалик яқин бўлган бошқа буюк халқ борми?+
8 Қайси буюк халқнинг бугун мен сизларга берган бу Қонунга ўхшаган адолатли қонун-қоидалари бор?+
9 Фақат эҳтиёткор ва ўзингизга диққатли бўлинглар. Ўз кўзларингиз билан кўрган нарсаларни унутманглар ва умрингизнинг охиригача уларни қалбингизда сақланглар. Уларни болаларингиз ва невараларингизга айтиб беринглар+.
10 Уларга Тангри Яҳованинг олдида, Хоревда турган кунда нима бўлганини айтиб беринглар. Ўша куни Яҳова менга: “Халқни ҳузуримга тўпла, улар Менинг сўзларимни эшитиб+ умр бўйи Мендан қўрқишга ўрганишсин+ ва ўғилларига ҳам ўргатишсин”+,— деб айтган эди.
11 Ўшанда сизлар яқинлашиб, тоғнинг этагида турдингиз. Тоғ ёниб, олов осмонгача кўтарилар, у ерни қоронғилик ва қуюқ қора булут қоплаб олган эди+.
12 Сўнг Яҳова олов ичидан сизларга гапира бошлади+. Айтилган сўзларни эшитдингизлар-у, аммо ҳеч қандай қиёфани кўрмадингизлар+, фақат овозни эшитдингизлар+.
13 У сизларга риоя этишни буюрган аҳдини+ — Ўнта амрни*+ эълон қилди ва уларни иккита тош лавҳага ёзиб берди+.
14 Ўшанда Яҳова сизларга қонун-қоидаларни ўргатишимни буюрди. Эгалик қилиш учун бораётган юртда уларга амал қилишингиз керак.
15 Ўзингизга диққатли бўлинглар, чунки Яҳова Хоревда олов ичидан сизларга гапирганида, ҳеч қандай қиёфани кўрмаган эдингизлар.
16 Шу сабабли, жирканч ишга қўл уриб ўзингиз учун бирон нарсанинг шаклига ўхшаш ўйма тасвирни, эркакнинг ёки аёлнинг тасвирини+,
17 ер юзидаги бирон ҳайвоннинг ёки осмонда учиб юрган бирон қушнинг тасвирини+,
18 ерда ўрмалаб юрувчи жонзот ёки сувларда мавжуд бўлган бирон балиқнинг тасвирини ясаманглар+.
19 Осмонга қараб қуёш, ой ва юлдузларни — барча самовий жисмларни кўрганингизда, мафтун бўлиб, уларга сажда қилманглар+ ва уларнинг қулига айланманглар. Тангрингиз Яҳова уларни, фалак остидаги барча одамзод учун берган.
20 Яҳова сизларни Ўз халқига айлантириш учун оловли ўчоқдан* — Мисрдан олиб чиқди. Мана, бугун сизлар Унинг шахсий мулкисизлар*+.
21 Яҳова сизларни деб мендан ғазабланиб+, Иорданнинг нариги томонига ўтмаслигим — Худойингиз Яҳова сизларга мерос қилиб берадиган яхши юртга кирмаслигим ҳақида қасам ичган+.
22 Шу боис, мен шу ерда ҳаётдан кўз юмаман. Мен Иорданнинг нариги бетига ўтмайман+, сизлар бўлса ўтасизлар ва яхши юртни эгаллайсизлар.
23 Эҳтиёт бўлинглар, тағин Аллоҳингиз Яҳованинг сизлар билан қилган аҳдини унутиб+, ўзларингиз учун Тангрингиз Яҳова тақиқлаган бирон нарсанинг шаклига ўхшаш ўйма тасвир ясаманглар+.
24 Зеро, Худойингиз Яҳова ютиб юборадиган олов+, мутлақ садоқатни талаб этувчи Аллоҳдир+.
25 Бола-чақали, неварали бўлиб, шу юртда анча вақт яшагач жирканч ишга қўл уриб, ҳар турли ўйма тасвирларни ясасангизлар+, Тангрингиз Яҳованинг назарида ёвузлик қилиб Уни ранжитсангизлар+,
26 осмондаги ва ердагиларнинг гувоҳлигида айтиб қўяй: сизлар Иорданнинг нариги тарафида эгаллайдиган юртдан тезда қирилиб кетасизлар. У ерда кўп яшамайсизлар, чунки батамом йўқ бўлиб кетасизлар+.
27 Яҳова сизларни халқларнинг орасига тарқатиб юборади+. Яҳова сизларни қувиб юборган халқларнинг орасида фақат айримларингиз омон қоласизлар+.
28 Ўша ерда сизлар инсон қўли билан ёғочдан ва тошдан ясалган, на кўра оладиган, на эшита оладиган, на таъм, на ҳид биладиган худоларга хизмат қиласизлар+.
29 Аммо у ерда Аллоҳингиз Яҳовани изласангизлар, Уни бутун қалбингиз ва бутун жонингиз* билан қидирсангизлар+, Уни албатта топасизлар+.
30 Ўша кунларнинг охирида бу нарсаларнинг ҳаммаси бошингизга тушиб аянчли аҳволда қолганингизда, Тангрингиз Яҳовага қайтасизлар ва Унинг овозини эшитасизлар+.
31 Чунки Аллоҳингиз Яҳова раҳм-шафқатли Худо+. У сизларни ташлаб кетмайди, йўқ қилиб юбормайди ва қасам ичиб ота-боболарингиз билан қилган аҳдини унутмайди+.
32 Аллоҳ ер юзида одамзодни яратган кундан сизларнинг давргача бўлган кунлар тўғрисида осмоннинг бу четидан нариги четига қадар сўраб кўринглар. Бу воқеалардан ҳам буюкроқ нарсалар илгари ҳам содир бўлганми? Бирон киши бу каби нарсаларни ҳеч эшитганми?+
33 Сизлар каби олов ичидан Худонинг овозини эшитиб, тирик қолган халқ борми?+
34 Тангрингиз Яҳова кўз ўнгингизда даҳшатга солувчи ишларни+ кўрсатиб, сизларни Мисрдан олиб чиқмаганмиди? У яна қайси халқни ҳукмлар*, аломатлар, мўъжизалар+, урушлар+ ва кучли билагию қудратли қўли+ билан олиб чиққан?
35 Яҳова ҳақ Худо эканини+, Ундан бошқа Худо йўқлигини+ билишингиз учун, бу нарсалар сизларга кўрсатилди.
36 Сизларни тўғри йўлга солиш учун У сизларга осмондан овозини эшиттириб, ер юзида буюк оловини кўрсатди. Сизлар олов ичидан Унинг сўзларини эшитдингиз+.
37 У ота-боболарингизни севиб, уларнинг авлодларини* Ўзининг халқига айлантириш учун танлаб олди+. Унинг Ўзи сизларни Мисрдан буюк қудрати билан олиб чиқди.
38 Бугун кўриб турганингиздай, У сизлардан анча катта ва кучлироқ халқларнинг юртини сизларга мерос қилиб бериш учун, уларни олдингиздан қувиб чиқарди+.
39 Бугун сизлар, Яҳова еру осмондаги ҳақ Тангри эканини+ яхши биласизлар ва буни қалбингизда сақланглар. Ундан бошқа Худо йўқ+.
40 Ўзларингизга ҳам, ўғилларингизга ҳам яхши бўлиши учун, Тангрингиз Яҳова бераётган юртда узоқ вақт яшаб қолишингиз учун, бугун мен сизларга буюрган Унинг кўрсатмалари ва амрларига риоя қилинглар»+.
41 Шундан кейин Мусо Иорданнинг шарқ тарафидан учта шаҳарни ажратди+.
42 Бирон киши бошқани ёмон кўргани учун эмас, балки бехосдан ўлдириб қўйса+, бу шаҳарлардан бирига қочиб бориб, ўша ерда яшаши керак эди+.
43 Рубеннинг ўғиллари учун ясси тепаликдаги саҳрода жойлашган Базерни+, Гаднинг ўғиллари учун Гиладдаги Рамўтни+, Манашенинг ўғиллари+ учун Башандаги Гўлонни+ ажратиб берди.
44 Мусо Исроил халқига берган Қонун+ шундан иборат.
45 Мусо бу эслатмалар, кўрсатмалар ва қонун-қоидаларни Исроил ўғиллари Мисрдан чиққандан сўнг+,
46 Иордан яқинидаги, яъни Байт-Пиёр қаршисидаги водийда+ берган эди. Ўшанда Мусо билан Исроил ўғиллари Мисрдан чиқибоқ мағлуб қилган аморийлар шоҳи+ — Хашбонда яшаган Сихўннинг юртида эдилар+.
47 Унинг юртини эгаллагач, Башан шоҳи Ўгнинг+, Иордан шарқидаги ҳудудда яшайдиган аморийларнинг иккита шоҳининг ерларини эгаллаб олдилар.
48 Улар Арнон водийси чеккасидаги Ароердан+ тортиб Сион тоғи, яъни Хермонгача+ бўлган ерларни
49 ва Иордан ҳудудининг шарқ томонидаги бутун Арабани, Фисгах этакларидаги Араба денгизигача* бўлган ерларни эгаллаб олишди+.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «Ўнта сўз». Шунингдек, декалог дея танилган.
^ Ёки «темир эритадиган печдан».
^ Ёки «меросисизлар».
^ Ёки «синовлар».
^ Сўзма-сўз «уруғини».
^ Яъни Туз денгизи ёки Ўлик денгиз.