Ҳаворийларнинг фаолияти 3:1–26

  • Бутрус чўлоқни соғайтиради (1–10)

  • Бутруснинг Сулаймон равоқидаги нутқи (11–26)

    • «Барча айтганларини ўз ўрнига қўядиган вақт» (21)

    • Мусо каби бир пайғамбар (22)

3  Бир куни Бутрус билан Юҳанно ибодат маҳали — кундузи соат учларда* маъбадга боришаётганда, 2  одамлар туғма чўлоқ кишини кўтариб кетишаётган эди. Бу одамни маъбадга кираётганлардан садақа сўрасин дея, ҳар куни маъбаднинг Гўзал деган дарвозаси ёнида қолдириб кетишарди. 3  У Бутрус билан Юҳаннонинг маъбадга кирмоқчи бўлиб турганини кўриб, улардан садақа сўрай бошлади. 4  Лекин Бутрус ва Юҳанно унга кўз тикиб: «Бизларга қаранг»,— дейишди. 5  У киши бирор нарса олиш ниятида уларга тикилиб қаради. 6  Шунда Бутрус: «Менда кумуш ҳам, олтин ҳам йўқ. Аммо ўзимда борини сизга бераман: носиралик Исо Масиҳ номидан сизга айтаман, ўрнингиздан туриб юринг!»+ — деди-да, 7  унинг ўнг қўлидан ушлаб турғизди+. Шу заҳотиёқ у кишининг тиззаларию тўпиқлари мустаҳкамланиб қолди+. 8  У дик этиб турди-да+, юра бошлади ва Худони мадҳ этиб, ирғиб-сакраб юрганча, улар билан бирга маъбадга кирди. 9  Бутун халойиқ унинг Аллоҳга ҳамду сано айтиб юрганини кўрди. 10  Улар бу одам маъбаднинг Гўзал дарвозаси ёнида садақа сўраб ўтирган ўша киши эканини таниб+, у билан юз берган воқеадан ғоят ажабланишди. 11  Бу киши Бутрус билан Юҳаннодан айрилмай юргани учун, бутун халқ ҳайрон қолиб уларнинг ёнига югуриб келди. У ер Сулаймон равоқи+ деб номланарди. 12  Буни кўриб, Бутрус халойиққа шундай деди: «Исроилликлар, нега ҳайрон бўляпсизлар? Гўё биз бу кишини ўз кучимиз билан ёки художўйлигимиз* туфайли оёққа турғизганимиздек, нимага бизга тикилиб турибсизлар? 13  Ота-боболаримизнинг Худоси, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Тангриси+ Ўз Хизматкори Исони юксалтирди+. Сизлар бўлса уни ўлимга топшириб+, Пилат уни озод қилмоқчи бўлганида, унинг олдида Исодан воз кечдингизлар. 14  Ҳа, сизлар муқаддас ва одил инсондан юз ўгириб, қотилга раҳм кўрсатишни сўрадингизлар+. 15  Ҳаётга етакловчи Раҳбарни+ эса ўлдирдингизлар. Аммо Аллоҳ уни тирилтирди ва биз бунга гувоҳмиз+. 16  Натижада сизлар кўриб ва таниб турган бу киши унинг исми орқали, яъни унинг исмига бўлган ишончимиз туфайли кучга кирди. Исо орқали эга бўлган имонимиз бу одамни барчангизнинг кўз ўнгингизда соппа-соғ қилиб қўйди. 17  Лекин биродарлар, бошлиқларингиз сингари+ сизлар ҳам билмасдан+ шундай йўл тутганингиздан хабардорман. 18  Бироқ шу тариқа, Тангри Масиҳнинг азоб чекиши ҳақида барча пайғамбарлари орқали аввалдан айтганларини амалга оширди+. 19  Шундай экан, гуноҳларингиз ювилиши учун+ тавба қилиб+, Худога қайтинглар+. Токи Яҳованинг* Ўзи тетиклик бахш этадиган вақтни келтирсин. 20  Шунингдек, У сизлар учун тайинланган Исо Масиҳни юборсин. 21  Масиҳ эса Аллоҳ қадимги муқаддас пайғамбарлари орқали барча айтганларини ўз ўрнига қўядиган вақтгача осмонда бўлади. 22  Мусо пайғамбар шундай деган: “Худойингиз Яҳова* ўз биродарларингиз орасидан менга ўхшаган пайғамбарни келтириб чиқаради+. Унинг барча айтганларига қулоқ солинглар+. 23  Бу пайғамбарга қулоқ солмаган ҳар бир кишини эса Худо йўқ қилади”+. 24  Хуллас, Шомуилдан бошлаб, ундан кейинги барча пайғамбарлар ўша кунлар тўғрисида очиқчасига гапиришган+. 25  Сизлар пайғамбарларнинг ўғиллари, Аллоҳ ота-боболарингиз билан қилган аҳднинг меросхўрларисиз+. Тангри Иброҳим пайғамбар билан аҳд қилиб: “Сенинг зурриётинг* орқали ер юзидаги барча халқлар барака топади”+,— деган эди. 26  Худо фойдангизни кўзлаб, ҳар бирингизни ёвуз ишларингиздан қайтариш учун Ўз Хизматкорини тайинлаб, уни аввало сизларга юборди»+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «куннинг тўққизинчи соатида».
Сўзма-сўз «уруғинг».