Ҳизқиё 10:1–22
10 Мен қараб турганимда, карубларнинг бошлари тепасидаги саҳн устида кўриниши сапфир тоши каби, тахтга ўхшаш бир нарсани кўрдим+.
2 Сўнг Тангри зиғир матодан кийим кийган кишига+ шундай деди: «Карублар остидаги айланиб турган ғилдираклар орасига кир+, карублар орасидан иккала қўлингга ҳам ёнаётган кўмирдан+ тўлдириб ол-да, шаҳар устидан сочиб юбор»+. Мен кузатиб турганимда у айланаётган ғилдираклар орасига кирди.
3 Ўша киши ғилдираклар орасига кирганда, карублар маъбаднинг ўнг томонида туришганди, ички ҳовлини эса булут қоплаган эди.
4 Яҳованинг улуғворлиги+ карублар устидан кўтарилиб, маъбад остонасига кўчди. Маъбадни аста-секин булут қоплади+, ҳовли эса Яҳованинг улуғворлигидан ёришиб кетди.
5 Карублар қанотининг товуши ташқи ҳовлида ҳам эшитилар эди. Бу товуш Қодир Аллоҳнинг овозига ўхшарди+.
6 Кейин Худо зиғир матодан кийим кийган кишига: «Айланаётган ғилдираклар орасидан, карублар орасидан олов олгин»,— деб буюрди. Ўша киши кириб, ғилдирак олдида турди.
7 Карублардан бири қўлини карублар орасидаги олов томон узатди+. У оловдан олиб, зиғир матодан кийим кийган кишининг икки қўлига тутқазди+. Ўша киши эса оловни олиб чиқиб кетди.
8 Карубларнинг қанотлари остида одамларникидай қўллари бор эди+.
9 Мен қараб турганимда, карублар олдида тўртта ғилдиракни кўрдим. Ҳар бир каруб олдида биттадан ғилдирак бор эди. Ғилдираклар ярқираётган хризолитдай кўринишга эга эди+.
10 Ғилдиракларнинг кўринишига келсак, тўрталаси ҳам бир-бирига ўхшарди. Уларнинг кўриниши биттаси иккинчисининг ичида жойлашган ғилдиракдай эди.
11 Юрганда улар бурилмасдан тўрт томонга қараб ҳаракат қила оларди, чунки карубнинг боши қайси томонга қараган бўлса, улар ўша томонга бурилмасдан ҳаракат қиларди.
12 Карубларнинг бутун бадани, орқалари, қўллари, қанотлари кўзлар билан қопланган эди. Тўрталасининг олдида ғилдираклари бор бўлиб, улар ҳам гир айланасига кўзлар билан қопланган эди+.
13 Ғилдиракларни кимдир: «Айланадиган ғилдираклар!» — деб чақирганини эшитдим.
14 Ҳар бир карубнинг тўртта юзи бор эди. Биринчи юз карубники, иккинчи юз инсонники, учинчи юз шерники, тўртинчи юз бургутники+.
15 Карублар кўтариларди (мен Кавор дарёси бўйида кўрган тирик мавжудотлар шулар эди)+.
16 Карублар ҳаракатланганда ғилдираклар ҳам уларнинг ёнида ҳаракатланарди. Ердан кўтарилиш учун карублар қанотларини ёзганда, ғилдираклар бурилмасди ҳам, уларнинг ёнидан узоқлашмасди ҳам+.
17 Карублар тўхтаганда, ғилдираклар ҳам тўхтарди, улар ердан кўтарилганда, ғилдираклар ҳам улар билан бирга кўтариларди. Чунки тирик мавжудотларда амал қилаётган руҳ ғилдиракларда ҳам амал қилар эди.
18 Сўнг Яҳованинг улуғворлиги+ маъбад остонасидан кўчиб, карублар устига бориб турди+.
19 Карублар кўз олдимда қанотларини ёзиб ердан кўтарилишди. Улар ҳаракатланганида ғилдираклар уларнинг ёнида эди. Улар Яҳова маъбадининг шарқий дарвозаси ёнида тўхташди. Исроил Тангрисининг улуғворлиги уларнинг тепасида эди+.
20 Булар мен Кавор дарёси+ бўйида, Исроил Худосининг тахти остида кўрган тирик мавжудотлар эди. Шунда мен улар карублар эканини тушуниб етдим.
21 Тўрталасининг ҳам тўртта юзи, тўртта қаноти ва қанотлари остида одамларникидай қўллари бор эди+.
22 Уларнинг юз тузилиши мен Кавор дарёси бўйида кўрган юзларга ўхшарди+. Уларнинг ҳар бири тўғри олдинга юрарди+.