Ҳизқиё 11:1–25

  • Ёвуз беклар ҳукм қилинади (1–13)

    • Шаҳар қозонга ўхшатилади (3–12)

  • Қайта тиклаш ваъдаси (14–21)

    • «Янги руҳ» ато этилади (19)

  • Худонинг улуғворлиги Қуддусни тарк этади (22, 23)

  • Ҳизқиё ваҳийда халдейлар юртига қайтади (24, 25)

11  Руҳ мени кўтариб, шарқ томонга қараган Яҳова маъбадининг дарвозасига олиб келди+. Дарвоза ёнида 25 та кишини кўрдим. Уларнинг орасида халқ бекларидан Оззур ўғли Язаниё билан Бинаё ўғли Пилатиё ҳам бор эди+. 2  Сўнг Худо менга шундай деди: «Инсон ўғли, бу одамлар ёвузлик қилишни режалаштириб, шаҳардаги инсонларга ёмон маслаҳатлар бериб юришибди. 3  Улар: “Ҳозир уйлар қуриш пайти эмасми?!+ Шаҳар* — қозон+, биз эса гўштмиз”,— деб айтишяпти. 4  Шундай экан, уларга қарши башорат қил. Эй инсон ўғли, каромат қил»+. 5  Сўнг Яҳованинг руҳи мени қамраб олди+. Худо менга қуйидагиларни айтди: «Шундай дегин: “Яҳова айтмоқда: “Эй Исроил хонадони, гапларингиз рост. Мен нималар ҳақида ўйлаётганингизни биламан. 6  Бу шаҳарда кўпчиликнинг ўлимига сабабчисизлар. Кўчаларни жасадларга тўлдирдингизлар”»+. 7  «Шунинг учун Олий Ҳукмдор Яҳова бундай демоқда: “Сизлар шаҳарнинг ҳар ёғига сочиб юборган жасадлар — гўштдир. Шаҳар эса қозондир+. Аммо сизлар ундан чиқариб олинасизлар”». 8  «“Сизлар қиличдан қўрққан эдингизлар+, энди устингизга қилич юбораман”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. 9  “Мен сизларни ундан чиқариб олиб, чет элликларнинг қўлига топшираман. Шунда улар сизларга қарши ҳукмимни амалга оширишади+. 10  Сизлар қиличдан ҳалок бўласизлар+. Мен сизларни Исроил чегараси яқинида ҳукм қиламан+. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар+. 11  Шаҳар сизлар учун қозондай бўлмайди, сизлар ҳам қозон ичидаги гўштдай бўлмайсизлар. Мен сизларни Исроил чегараси яқинида ҳукм қиламан. 12  Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар. Чунки сизлар қонун-қоидаларим бўйича йўл тутиб, ҳукмларимга риоя қилишнинг ўрнига+, атрофдаги халқларнинг ҳукмлари бўйича иш тутдингизлар”»+. 13  Башорат қилишни тугатишим биланоқ, Бинаё ўғли Пилатиё жон берди. Шунда мен юзтубан мук тушиб, баланд овозда фарёд қилдим: «Эвоҳ, Олий Ҳукмдор Яҳова! Наҳотки Исроил халқининг омон қолганларини ҳам қириб ташласанг?!»+ 14  Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 15  «Эй инсон ўғли, мулкингни қайтариб сотиб олишга ҳаққи бўлган қариндошларингга ҳамда бутун Исроил хонадонига Қуддус аҳли шундай деган эди: “Яҳовага яқинлашманглар. Юрт бизники; у бизга мулк қилиб берилган”. 16  Аммо уларга қуйидагини айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Гарчи Мен уларни бошқа халқлар орасига сургун қилиб, юртлар бўйлаб тарқатиб юборган бўлсам-да+, борган юртларида қисқа вақтга улар учун Ўзим муқаддас маскан бўламан”+. 17  Шунинг учун уларга қуйидагини айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Мен сизларни халқлар орасидан, тарқатиб юборган юртлардан йиғиб оламан. Исроил юртини сизларга бераман+. 18  Шунда улар бу ерга қайтиб келиб, барча жирканч нарсаларни йўқ қилишади ва қабиҳ ишларга чек қўйишади+. 19  Уларни якдил қиламан*+. Уларга янги руҳ ато этаман+. Баданларидан тош юракни олиб ташлаб+, ўрнига мулойим юрак бераман*+, 20  токи улар фармону ҳукмларим бўйича йўл тутадиган бўлишсин. Шунда улар Менинг халқим, Мен эса уларнинг Худоси бўламан”. 21  “Юраги жирканч нарсаларига ва қабиҳ ишларига боғланиб қолганларга келсак, тутган йўлларининг оқибатларини бошларига соламан”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова”». 22  Карублар қанотларини ёзишди, ғилдираклар уларнинг олдида турарди+. Исроил Худосининг улуғворлиги ҳам уларнинг устида эди+. 23  Яҳованинг улуғворлиги+ шаҳардан кўтарилиб, шаҳарнинг шарқ томонидаги тоғ устида тўхтади+. 24  Худонинг қудрати билан кўрган ваҳийда руҳ мени кўтариб, халдейлар юртидаги сургун қилинганлар олдига олиб борди. Шундан сўнг мен кўрган ваҳий ғойиб бўлди. 25  Мен сургунда бўлган халққа Яҳова менга кўрсатган барча нарсаларни айтиб бердим.

Изоҳлар

Яъни Қуддус. Яҳудийлар шаҳар ичида ҳеч нарса уларга хавф туғдирмайди деб ўйлашган.
Сўзма-сўз «Уларга битта юрак бераман».
Яъни Худонинг йўл-йўриқларига бўйсунувчан юрак.