Ҳизқиё 13:1–23

  • Сохта пайғамбарларга қарши башорат (1–16)

    • Оқланган девор қулайди (10–12)

  • Сохта пайғамбар аёлларга қарши башорат (17–23)

13  Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 2  «Эй инсон ўғли, Исроилдаги пайғамбарларга+ ва башоратларни тўқиб чиқарувчиларга+ қарши башорат қилиб айт: “Яҳованинг сўзини тингланг. 3  Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Аҳмоқ пайғамбарларнинг ҳолига вой! Улар ҳеч қандай ваҳий кўрмасдан туриб, ўз истаклари бўйича йўл тутишади+. 4  Эй Исроил, пайғамбарларинг харобалар орасида юрган тулкиларга ўхшайди. 5  Яҳованинг кунида+ Исроил жангда туриб бера олиши учун, сизлар Исроил хонадони учун тош деворларнинг қулаган жойларини қайта тикламайсизлар”+. 6  “Улар сохта ваҳийлар кўриб, ёлғонни башорат қилишади. Яҳова уларни юбормаган бўлса-да: “Яҳова мана шундай демоқда”,— дея айтганлари амалга ошишини кутишади+. 7  Мен ҳеч нарса айтмаган бўлсам ҳам, сизлар: “Яҳова мана шундай демоқда”,— дейсиз. Кўрган ваҳийларингиз сохта, айтган башоратларингиз ёлғон эмасми?” 8  “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Ёлғон гапирганингиз ва сохта ваҳийларингиз учун сизларга қарши чиқаман”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова+. 9  Сохта ваҳийлар кўриб, ёлғонни башорат қиладиганларга қарши қўл кўтараман+. Улар на Менга яқин бўлган халқ орасида, на Исроил хонадони рўйхатида бўлишади. Улар Исроил юртига ҳам қайтмайди. Шунда Мен Олий Ҳукмдор Яҳова эканимни билиб оласизлар+. 10  Тинчлик бўлмаган пайтда улар: “Тинчлик”,— дея халқимни йўлдан ургани сабабли буларнинг бари содир бўляпти+. Номигагина қурилган деворни улар оҳак билан суваяпти*+”. 11  Деворни оҳак билан суваётганларга унинг қулашини айт. Жала қуяди, дўл ёғади, кучли бўрон кўтарилади ва девор қулайди+. 12  Девор қулаганда сизлардан: “Деворнинг сувоғи қани?” — деб сўрашади+. 13  Шунинг учун Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мен жаҳл ичида кучли бўрон юбораман, ғазабга миниб жала қуйдираман, қаҳр билан дўл ёғдираман. 14  Оҳак билан сувалган деворингизни бузиб ер билан битта қиламан ва унинг пойдевори кўриниб қолади. Шаҳар вайрон бўлганида, сизлар ҳам унинг ичида йўқ бўлиб кетасизлар. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”. 15  “Ғазабимни деворга ҳамда уни оҳак билан суваганларга сочганимда, сизларга шундай дейман: “Девор ҳам, уни суваганлар ҳам энди йўқ+. 16  Қуддус тўғрисида башорат қилиб, тинчлик бўлмаса ҳам шаҳарда тинчлик ўрнатилганини ваҳийда кўрган Исроил пайғамбарлари йўқ бўлиб кетди”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. 17  Сен эса, эй инсон ўғли, башоратларни тўқиб чиқарувчи халқинг қизларига юзланиб, уларга қарши башорат қил. 18  Уларга шундай дегин: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Халқимнинг жонини овлаш учун қўлга тақиладиган тасмаларни* тикадиган, бўйи паст ва баланд кишиларнинг бошларига ёпинчиқ тайёрлайдиган аёлларнинг ҳолига вой!” Сизлар халқимнинг жонини овлаб туриб, ўз жонингизни сақлаб қолмоқчимисиз? 19  Бир ҳовуч арпа ва бир бурда нон учун халқим орасида Мени шарманда қиляпсизлар+. Ёлғонингизга қулоқ тутаётган халқимни алдаб, ўлимга маҳкум этилмаганларни ўлдиряпсизлар. Яшаши керак бўлмаганларни эса тирик қолдиряпсизлар”+. 20  Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Эй аёллар, худди қушларни овлагандай халқимни овлаш учун ишлатаётган тасмаларингиздан нафратланаман. Мен тасмаларингизни қўлларингиздан юлиб олиб, қушлардай овланган кишиларни озод қиламан. 21  Мен ёпинчиқларингизни йиртиб ташлаб, халқимни чангалингиздан озод қиламан. Бундан буён улар сизларга ўлжа бўлмайди. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар+. 22  Одил кишилар азоб чекишини истамасам ҳам, сизлар ёлғонингиз билан уларнинг қалбига озор беряпсиз+. Ёвузлар ёмон йўлидан қайтиб, тирик қолмаслиги учун+ сизлар уларнинг қўлига қувват беряпсиз+. 23  Шу сабабли, эй аёллар, энди сохта ваҳийлар кўриб, фол очмайсизлар+. Мен халқимни қўлингиздан қутқараман. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласизлар”».

Изоҳлар

Яъни улар номигагина ички девор қуриб, уни мустаҳкам кўрсатиш учун оҳак билан оқлашган.
Бу тасмалар сеҳр-жодуда қўлланилиб, тирсак ёки билакка тақилган.