Ҳизқиё 14:1–23

  • Бутпарастлар қораланади (1–11)

  • Қуддус ҳукмдан қочиб қутула олмайди (12–23)

    • Одил Нуҳ, Дониёр ва Аюб (14, 20)

14  Исроилнинг баъзи оқсоқоллари келиб, олдимга ўтиришди+. 2  Шунда Яҳова менга сўзини аён қилди: 3  «Эй инсон ўғли, бу кишилар жирканч бутлари* ортидан эргашишга қарор қилишган. Улар халқнинг олдига қоқинтирадиган тош қўйиб, гуноҳга етаклашди. Нега энди Менга мурожаат қилганда уларга жавоб беришим керак?!+ 4  Уларга қарата шундай дегин: “Олий Ҳукмдор Яҳова айтмоқда: “Исроиллик одам жирканч бутлари ортидан эргашишга қарор қилиб, халқнинг олдига қоқинтирадиган тош қўйиб, гуноҳга етакласа ва шу билан бирга пайғамбарга мурожаат қилса, Мен — Яҳова жирканч бутлари кўплигига қараб унга жавоб бераман. 5  Бутун Исроил хонадони Мендан узоқлашиб, жирканч бутлари орқасидан эргашгани учун, Мен уларнинг юрагига қўрқув соламан”»+. 6  Шундай экан, Исроил хонадонига айт: «Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Қайтинглар, жирканч бутларингиздан воз кечиб, барча қабиҳ ишларингизни ташланглар+. 7  Агар бирор исроиллик ёки Исроилда яшовчи чет эллик Мендан узоқлашиб, жирканч бутлари ортидан эргашишга қарор қилса, халқнинг олдига қоқинтирадиган тош қўйиб, гуноҳга етакласа ва шу билан бирга пайғамбаримга мурожаат қилса+, Мен — Яҳова унга Ўзим жавоб бераман. 8  Мен ўша одамга қарши юзланиб, уни бошқаларга огоҳлантирувчи мисол қиламан. У тилларда масал бўлади. Уни халқим орасидан йўқ қилиб юбораман+. Шунда Мен, Яҳова эканимни билиб оласизлар”. 9  “Аммо пайғамбар алданиб унга жавоб берса, пайғамбарни алдаган Мен — Яҳова бўламан+. Қўлимни унга қарши узатиб, халқим Исроил орасидан уни қириб ташлайман. 10  Уларнинг айби ўзининг бўйнида бўлади. Мурожаат қилган киши ҳам, пайғамбар ҳам бирдай айбдор ҳисобланади, 11  токи Исроил хонадони бошқа Мендан узоқлашмайдиган, қилмишлари билан ўзини булғамайдиган бўлсин. Шунда улар Менинг халқим, Мен эса уларнинг Худоси бўламан”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова». 12  Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 13  «Эй инсон ўғли, борди-ю юрт аҳли бевафоларча йўл тутиб, Менга қарши гуноҳ қилса, Мен уларга қарши қўлимни узатиб, овқат захираларини йўқ қиламан+. Юртга очарчилик юбориб+, одам ва ҳайвонларни қириб ташлайман+. 14  “Ҳатто бу уч киши, яъни Нуҳ+, Дониёр+ ва Аюб+ шу юртда бўлса ҳам, улар одиллиги туфайли фақатгина ўз жонини сақлаб қолган бўларди”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. 15  “Айтайлик, Мен юртга йиртқич ҳайвонларни юбордим. Улар бу ернинг аҳолисини қириб, кимсасиз қолдирди. Йиртқич ҳайвонлар дастидан у ердан ҳеч ким ўта олмайдиган бўлди+. 16  Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, ҳатто бу уч киши шу юртда бўлса ҳам, улар на ўғилларини, на қизларини қутқара оларди. Улар фақатгина ўз жонини сақлаб қолган бўларди, бу юрт эса бўшаб қоларди”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. 17  Дейлик, Мен юртга қилич юбориб+: “Бутун юртни қилич тор-мор этсин”,— дедим ва у ердаги одамлару ҳайвонларни қириб ташладим+. 18  “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, ҳатто бу уч киши шу юртда бўлса ҳам, улар на ўғилларини, на қизларини қутқара оларди. Улар фақатгина ўз жонини сақлаб қолган бўларди”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. 19  Айтайлик, Мен бу юртга ўлат юбордим+ ва одамлару ҳайвонларни қириб ташлаш учун қон тўкиб бу ерга ғазабимни сочдим. 20  “Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, ҳатто Нуҳ+, Дониёр+ ва Аюб+ шу юртда бўлишса ҳам, улар на ўғилларини, на қизларини қутқара олишарди. Улар одиллиги туфайли фақатгина ўз жонини сақлаб қолган бўлишарди”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. 21  Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Одамлару ҳайвонларни қириб ташлаш учун+ Мен Қуддусга қарши тўртта жазо+ — қилич, очарчилик, йиртқич ҳайвонлар ва ўлат+ юборганимда буларнинг бари содир бўлади. 22  Аммо Қуддусда баъзилар — ўғилу қизлар омон қолиб, у ердан олиб чиқилади+. Улар олдингизга келишади. Сизлар уларнинг тутган йўллари ва қилган ишларини кўриб, нега Қуддусга бу кулфатларни келтирганимни тушунасизлар”. 23  “Уларнинг тутган йўллари ва қилган ишларини кўриб тасалли топасизлар. Шунда бу ишларни бесабаб қилмаганимни билиб оласизлар”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».

Изоҳлар

Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.