Ҳизқиё 22:1–31
22 Яҳова сўзини яна менга аён қилди:
2 «Эй инсон ўғли, сен қон тўкадиган шаҳарга+ ҳукмни эълон қилишга ва ҳамма қабиҳликларини юзига солишга тайёрмисан?+
3 Сен бундай дегин: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Эй, аҳолисининг қонини тўкувчи+, жазоланадиган вақти келган+, жирканч бутлар* билан ўзини булғаган шаҳар!+
4 Қон тўкканинг учун айбдорсан+, жирканч бутларинг сени ҳаром қилган+. Сен кунларинг битишини тезлаштирдинг, жазоланадиган йилларинг келди. Шу сабабли халқлар сени масхара қилишига, жамики юртлар устингдан кулишига йўл қўяман+.
5 Эй, исми ҳаром ва тинчлигини йўқотган шаҳар, олис-яқиндаги юртлар сени масхара қилишади+.
6 Сенда яшайдиган Исроил йўлбошчиларининг ҳар бири ҳокимиятидан қон тўкиш мақсадида фойдаланади+.
7 Сенда яшовчилар ота-оналарини хор қилишади+. Улар мусофирни алдаб, етим ва беваларга ёмон муомалада бўлишади”+.
8 Муқаддас жойларимдан ҳазар қиласан ва Шаббатларимни булғайсан+.
9 Сенинг ичингда қонхўр туҳматчилар яшайди+. Улар тоғларингда бутларга келтирилган қурбонликларни ейишади ва сенда бузуқликлар қилишади+.
10 Улар отасининг ётоғини булғашади+, аёл ҳайз кўрганида у билан ётишади+.
11 Бири ўз қўшнисининг хотини билан жирканч ишлар қилади+, бошқаси ўз келини билан бузуқлик қилиб, уни булғайди+, яна бошқаси опа-синглисини — отасининг қизини зўрлайди+.
12 Сендаги одамлар қон тўкиш учун пора беришади+. Сен фоизга қарз бериб+, судхўрлик қиласан. Яқинингдан зўравонлик қилиб пул ундириб оласан+. Сен бутунлай Мени эсингдан чиқарибсан”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова.
13 “Ҳаром йўл билан топган фойдангни ва сендаги хунрезликни кўриб, ҳазар қиляпман.
14 Сенга қарши чора кўрган кунларимда, жасоратли қола оласанми? Билагингда куч бўладими?+ Буни Мен — Яҳова айтдим ва албатта амалга ошираман.
15 Мен сени халқлар орасига, юртлар бўйлаб тарқатиб юбораман+. Шунда нопокликларингга чек қўяман+.
16 Халқлар олдида обрўйингни тўкаман. Шунда Мен Яҳова эканимни билиб оласан”»+.
17 Яҳова сўзини яна менга аён қилди:
18 «Эй инсон ўғли, Исроил хонадони Мен учун ҳеч нарсага ярамайдиган тошқол кабидир. Уларнинг ҳаммаси ўчоқдаги мис, қалай, темир ва қўрғошин сингари. Улар кумушнинг тошқолига айланади+.
19 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Барчангиз ҳеч нарсага ярамайдиган тошқолга ўхшаб қолганингиз учун+, Мен сизларни Қуддусда йиғаман.
20 Кумуш, мис, темир, қўрғошин ва қалайни ўчоққа йиғиб, эритиш учун тагига олов ёқилгани сингари, Мен ҳам қаҳр-ғазабим ичида сизларни йиғаман. Устингизга олов уфуриб сизларни эритаман+.
21 Мен сизларни йиғиб, қаҳрим оловини устингизга уфураман+ ва сизлар шаҳарда эриб кетасизлар+.
22 Кумуш ўчоқда эригани сингари, сизлар ҳам шаҳарда эриб кетасизлар. Шунда устингизга қаҳримни сочган Мен — Яҳова эканимни билиб оласизлар”».
23 Яҳова сўзини яна менга аён қилди:
24 «Эй инсон ўғли, унга айт: “Сен шундай юртсанки, ғазаб кунида на тозаланасан, на устингга ёмғир ёғади.
25 Пайғамбарларинг фитна уюштиради+. Улар ўкириб ўлжасини тилка-пора қилаётган шерга ўхшайди+. Улар инсонларни еб қўйишади. Бойлик ва қимматбаҳо нарсаларини тортиб олишади. Беваларнинг сонини кўпайтиришади.
26 Руҳонийларинг қонунларимни бузиб+, муқаддас жойларимни булғашади+. Улар муқаддас ва оддий нарсани фарқлай олишмайди+, одамларга нима пок ва нима ҳаром эканини тушунтира олишмайди+, Шаббатларимга амал қилишдан бош тортишади. Шу йўсин Мен ораларида хўрландим.
27 Бекларинг ўлжасини тилка-пора қилаётган бўриларга ўхшайди. Улар ҳаром йўл билан пул топиш учун қон тўкиб, одам ўлдиришади+.
28 Пайғамбарларинг деворни оҳак билан сувагандай ёвуз ишларини яширишади. Ёлғон ваҳийлар кўриб, сохта башоратлар айтишади+. Яҳова ҳеч нарса айтмаган бўлса-да, улар: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда”,— дейишади.
29 Юртдаги одамлар бир-бирини алдаб, ўғрилик қилишади+, ночор ва камбағалга ёмон муомалада бўлишади, мусофирни алдаб, ҳақ-ҳуқуқини поймол қилишади”.
30 “Мен тошдеворни қайта қурадиган ёки шаҳар вайрон бўлмаслиги учун уни ҳимоя қилиб, Менинг ҳузуримда девор ёриғида турадиган одамни изладим+. Аммо ҳеч кимни топа олмадим.
31 Шунинг учун Мен уларга ғазабимни тўкиб, қаҳрим оташи билан йўқ қиламан. Тутган йўлларининг оқибатларини бошларига соламан”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».
Изоҳлар
^ Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.