Ҳизқиё 23:1–49
23 Яҳова сўзини яна менга аён қилди:
2 «Инсон ўғли, бир онадан туғилган икки қиз бор эди+.
3 Улар Мисрда фоҳиша бўлиб кетишди+. Ёшлигидан улар фоҳишалик қилишди. Ўша ерда уларнинг кўкракларини сиқиб, бокира эмчакларини силашди.
4 Каттасининг исми Охола*, кичигининг исми Охолибо* эди. Улар Меники бўлишди ва ўғил-қизлар туғишди. Охола Самарияни+, Охолибо Қуддусни билдиради.
5 Охола Менга тегишли бўла туриб, фоҳишалик қила бошлади+. У эҳтиросли ўйнашларига+, қўшнилари бўлмиш оссурияликларга ҳирс қўйди+.
6 Улар мовий кийим кийган бошқарувчилару бош назоратчилар. Ҳаммаси от минган кўркам йигитлар.
7 У Оссуриянинг ҳамма сара ўғиллари билан ётиб фоҳишалик қилаверди. Кимларга ҳирс қўйган бўлса+, ўшаларнинг жирканч бутлари* билан ўзини булғади.
8 Охола Мисрда қилган фоҳишалигини ташламади, чунки ёшлик чоғида мисрликлар у билан ётиб, бокира эмчакларини силашганди, шаҳвоний ҳирсга берилиб, у билан жинсий алоқа қилишганди+.
9 Шунда Мен уни эҳтиросли ўйнашлари қўлига, у ҳирс қўйган Оссурия ўғилларига топширдим+.
10 Улар Охолани яланғоч қилиб+, ўғил-қизларини тортиб олишди+, ўзини эса қилич дамидан ўтказишди. Аёллар орасида у ёмон обрўга эга бўлди. Улар Охолага чиқарилган ҳукмни ижро этишди.
11 Синглиси Охолибо буни кўрганида шаҳвати янада кучайиб кетди ва опасидан ҳам баттарроқ фоҳишалик қилди+.
12 У ўз қўшнилари бўлмиш Оссурия ўғилларига+, башанг кийинган, от минган бошқарувчилару бош назоратчиларга ҳирс қўйди. Уларнинг ҳаммаси кўркам йигитлар.
13 Охолибо ўзини булғаганида, иккаласи ҳам битта йўлдан кетганини кўрдим+.
14 Лекин у кўпроқ фоҳишалик қилди. У деворда ўйилган эркаклар суратларини, қизил рангга бўялган халдейларнинг ўйма тасвирларини кўрди.
15 Белларида камар боғланган, бошларига бир учи осилиб турган салла ўраган, кўриниши жангчиларга ўхшайдиган, ҳаммаси халдейлар юртида туғилган бобилликларнинг тасвири эди.
16 Уларни кўриши биланоқ Охолибо уларга ҳирс қўйди ва халдейлар юртига чопарлар жўнатди+.
17 Бобил ўғиллари келиб унинг ишқ ётоғига киришди ва ўзларининг шаҳвати билан уни булғашди. Булғангач, у жирканиб улардан юз ўгирди.
18 Охолибо очиқдан-очиқ фоҳишалик қилиб, яланғоч баданини кўрсатишни бошлаганида+, опасидан жирканиб юз ўгирганимдай, ундан ҳам ҳазар қилиб юз ўгирдим+.
19 У ёшлик чоғини, Мисрда фоҳишалик қилганини эслаб+, фаҳшга баттар берилди+.
20 Жинсий аъзоси эшак ва отникидай бўлган ўйнашларига ҳирс қўйган аёллардай бўлди.
21 Ёшлигингда Мисрда қилган бузуқликларингни қўмсаб қолдинг+. Ўшанда мисрликлар кўкракларингни, бокира эмчакларингни силашган эди+.
22 Шунинг учун, эй Охолибо, Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Сен ўйнашларингдан жирканиб юз ўгирган эдинг, Мен уларни сенга қарши қўзғатаман+, уларни ҳар ёқдан сенга қарши йиғиб келаман+.
23 Бобил ўғилларини+ ва халдейларнинг+ барчасини, Пахўд+, Шўва ва Қўва одамлари билан бирга Оссурия ўғилларини йиғиб келаман. Уларнинг ҳаммаси кўркам йигитлар, бошқарувчию бош назоратчилар, жангчилару сара маслаҳатчилар, ҳаммаси от минган кишилар.
24 Улар жанг аравалари ҳамда ғилдиракларининг шовқини, каттаю кичик* қалқонлар ва дубулға билан қуролланган улкан қўшин тортиб сенга ҳужум қилишади, сени қуршовга олишади. Мен уларга сени ҳукм қилиш ҳуқуқини бераман. Улар сени ўз қонунлари бўйича ҳукм қилишади+.
25 Устингга қаҳримни тўкаман ва улар сенга раҳм қилишмайди. Бурнинг ва қулоқларингни кесиб ташлашади, омон қолган одамларинг қиличдан ўтказилади. Улар ўғил-қизларингни тортиб олишади, тирик қолган одамларингни эса олов нобуд қилади+.
26 Кийимларингни ечиб олиб+, зеб-зийнатларингни тортиб олишади+.
27 Мисрда бошлаган+ бузуқлигинг ва фоҳишалигингга чек қўяман+. Уларга қарамайдиган бўласан ва Мисрни бошқа ёдга олмайсан”.
28 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Кимдан нафратланган бўлсанг, кимдан жирканиб юз ўгирган бўлсанг, сени ўшалар қўлига топширмоқчиман+.
29 Улар нафрат билан сенга муомала қилишади, заҳмат чекиб топган ҳамма нарсангни тортиб олишади+, сени яланғоч ҳолда қолдиришади. Яланғочлигингни, бузуқлигингни ва фоҳишалигингни ҳамма кўради+.
30 Фоҳишадай халқлар ортидан юрганинг+ ва жирканч бутлар билан ўзингни булғаганинг учун+, бу кўргиликлар бошингга тушади.
31 Сен опангнинг йўлидан кетдинг+. Унинг косасини қўлингга тутқазаман”+.
32 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда:
“Сен опангнинг чуқур ва катта косасидан ичасан+.Косага кўп нарса сиққани учун, сен кулгига айланиб, мазах қилинасан+.
33 Опанг Самариянинг косасидан тўйгунча ичасан.Маст бўлиб, қайғуга ботасан,Даҳшатли аҳволга тушиб, вайрон бўласан.
34 Косадагини охиригача ичасан+ ва сопол косанинг парчаларини кемирасан.Кейин эса қайғудан кўкракларингни юласан.
“Буни Мен айтдим”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова”.
35 Шунинг учун Олий Ҳукмдор Яҳова айтмоқда: “Мени унутиб, умуман назарга илмаганинг учун+, бузуқлигинг ва фоҳишалигинг азобини тортасан”».
36 Кейин Яҳова менга деди: «Инсон ўғли, Охола билан Охолибога+ чиқарилган ҳукмни эълон қилиб, жирканч ишларини фош этасанми?
37 Улар зино қилишди+, қўллари эса қонга беланди. Жирканч бутлари билан зино қилибгина қолмай, Менга туғиб берган ўғилларини бутларига емиш қилиб оловда куйдиришди+.
38 Бунинг устига, Менга қарши қуйидагиларни қилишди: ўша куниёқ муқаддас масканимни ҳаром қилишди, Шаббатларимни булғашди.
39 Сўнг жирканч бутларига қурбонликлар келтириш учун ўғилларини бўғизлашди+, ўша куни муқаддас масканимни булғагани келишди+. Менинг уйимда мана шу ишларни қилишди.
40 Олисдаги эркаклар келиши учун улар ҳатто чопарлар жўнатишди+. Эркаклар келганда сен ювиниб, кўзларингни бўяб, тақинчоқлар билан ўзингни безадинг+.
41 Олдида дастурхон тузалган+ серҳашам ўриндиққа ўтирдинг+. Дастурхон устига Менинг тутатқим+ ва мойимни қўйдинг+.
42 У ердан майхўрлик қилаётган кўпгина эркаклар овози эшитилиб турарди. Улар орасида саҳродан келган пиёнисталар бор эди. Улар аёллар қўлига билагузуклар тақиб, бошларига чиройли тожлар кийдирдилар.
43 Шунда зино қилишдан чарчаган аёл ҳақида: “У барибир фоҳишалик қилишни давом эттиради”,— дедим.
44 Улар фоҳишаникига қатнагандай унинг олдига келиб туришди. Бузуқ аёллар Охола билан Охолибо олдига мана шундай келиб туришарди.
45 Зинокор+ ва қон тўккан одам+ қандай жазога лойиқ бўлса, одил инсонлар унга шундай жазо беришади. Чунки опа-сингиллар зинокор ва қўллари қонга беланган+.
46 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Уларни даҳшатли аҳволга солиб, талон-торож қилиш мақсадида, устларига қўшин тортилади+.
47 Қўшин уларни тошбўрон қилиб+, қилич дамидан ўтказади. Уларнинг ўғил-қизларини ўлдириб+, уйларига ўт қўяди+.
48 Шу тариқа Мен юртдаги бузуқликка чек қўяман. Барча аёллар бундан сабоқ олиб, бузуқлигингизга тақлид қилишмайди+.
49 Бузуқлигингиз ва жирканч бутларингиз билан қилган гуноҳларингиз оқибатини улар бошингизга солишади. Шунда Мен Олий Ҳукмдор Яҳова эканимни билиб оласизлар”»+.
Изоҳлар
^ Маъноси «чодирим унинг ичида».
^ Маъноси «унинг чодири».
^ Ибронийча бу атама эҳтимол, «гўнг» сўзига яқин бўлиб, ҳазар қилишни ифодалаш мақсадида қўлланилади.
^ Кичик қалқонни одатда камончилар кўтариб юрган.