Ҳизқиё 24:1–27
24 Тўққизинчи йили, ўнинчи ойнинг ўнинчи кунида Яҳова сўзини яна менга аён қилди:
2 «Инсон ўғли, бугунги куннинг санасини ёзиб қўй. Бугун Бобил шоҳи Қуддусга ҳужумини бошлади+.
3 Исёнкор хонадонга тааллуқли масал айтиб бер. Уларга шундай дегин:
“Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда:
“Қозонни ўрнат, тагига олов ёқ ва ичига сув қуй+.
4 Қозон ичига гўшт бўлакларини сол+, ҳаммаси яхши бўлаклар,Сон ва елка гўшти бўлсин. Қозонни сараланган суяклар билан тўлдир.
5 Сурувдан яхши қўйни танла+, қозон тагига ҳар томондан ўтин қала.
Гўштни қайнат, суякларни пишир”.
6 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда:
“Занглаган қозон, занги тозаланмаган қозон — қон тўккан шаҳар ҳолига вой!+
Гўштлари бирма-бир чиқарилсин+, қўлга илингани олинсин*.
7 Чунки бу шаҳар тўккан қон ҳали ўзининг ичида+. У қонни қоя устига оқизди.
Уни ерга тўкмади, тупроқ билан кўмиб қўймади+.
8 Қаҳримни қўзғатиб қасд олишим учун,Қоя устига оқизилган қонни қолдирдим.
Шу сабабли қон кўмилмайди”+.
9 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда:
“Қон тўкадиган шаҳар ҳолига вой!+
Мен ўтинни баланд қилиб уяман.
10 Ўтинлар уйилсин, олов ёқилсин,Гўшт яхшилаб қайнатилиб, шўрваси тўкиб ташлансин. Суяклари ёниб кўмирга айлансин.
11 Мис қозон қизаргунча қизиши учун,Бўш қозон ёнаётган кўмир устига қўйилсин.
Шунда ичидаги нопокликлар эриб кетади+, занги оловда йўқ бўлади.
12 Шунча меҳнат, шунча ҳаракат қилинди,Лекин занг йўқ бўлмади+.
У занги билан бирга оловга ташлансин!
13 Бузуқлигинг дастидан нопок бўлиб қолдинг+. Сени тозалашга уриниб кўрдим, лекин сен тоза бўлмадинг. Жаҳлимдан тушмагунимча тоза бўлмайсан+.
14 Буни Мен — Яҳова айтдим. Айтилганлар амалга ошади. Мен Ўзимни тўхтатмасдан, қайғурмасдан, афсусланмасдан ҳаракат қиламан+. Улар сени тутган йўлларинг ва ишларингга яраша ҳукм қилишади”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».
15 Яҳова сўзини яна менга аён қилди:
16 «Инсон ўғли, бир зарба билан сени азиз кишингдан жудо қиламан+. Сен мотам тутма, фарёд қилма ва кўз ёш тўкма.
17 Овоз чиқармай ингра, марҳум учун таъзия маросимини ўтказма+. Саллангни ўраб+, оёғингга сандалингни кий+. Оғзингни* бекитма+ ва бошқалар сенга олиб келган таомни ема»+.
18 Эрталаб халққа хабарни етказдим, кечқурун эса хотиним қазо қилди. Келаси кун эрталаб ҳаммасини менга буюрилганидай қилдим.
19 Одамлар мендан: «Бизга айт-чи, буларнинг бизга қандай дахли бор?» — деб сўрашди.
20 Мен уларга шундай жавоб бердим: «Яҳованинг сўзи менга аён бўлди:
21 “Исроил хонадонига айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мен муқаддас масканимни — сизларнинг фахрингиз, сизларга азиз бўлган ва кўнгил боғлаган жойингизни булғамоқчиман+. Сизлар қолдириб кетган ўғил-қизларингиз қиличдан ҳалок бўлади+.
22 Шунда Ҳизқиё қилган нарсаларни сизлар ҳам қиласизлар. Оғзингизни бекитмайсизлар, бошқалар олиб келган таомни емайсизлар+.
23 Саллангиз бошингизда, сандалингиз оёғингизда бўлади. На аза тутасизлар, на йиғлайсизлар. Аксинча, хатоларингиз дастидан чириб кетасизлар+. Бир-бирингизга қараб инграйсизлар.
24 Ҳизқиё сизлар учун аломат бўлади+. У нима қилган бўлса, сизлар ҳам шуни қиласизлар. Бу нарса рўй берганда, Мен Олий Ҳукмдор Яҳова эканимни билиб оласизлар”».
25 «Эй инсон ўғли, сенга келадиган бўлсак, ўғил-қизлари билан биргаликда уларнинг қалъасини, яъни қувончига сабаб бўлган, улар учун азиз ҳисобланган ва улар кўнгил боғлаган жойни улардан тортиб олган кунимда+,
26 омон қолган киши сенга бу ҳақда хабар олиб келади+.
27 Ўша куни тилга кирасан ва омон қолган кишига гапирасан. Бундан кейин бошқа сукут сақламайсан+. Сен улар учун аломат бўласан ва улар Мен Яҳова эканимни билиб олишади».