Ҳизқиё 26:1–21
26 Ўн биринчи йили, ойнинг биринчи кунида Яҳова сўзини яна менга аён қилди:
2 «Эй инсон ўғли, Тир Қуддусга қарши+: “Ажаб бўпти! Халқларнинг дарвозаси синди!+ Энди ҳаммаси меники бўлади. У хонавайрон бўлгани туфайли мен бойиб кетаман”,— дегани учун,
3 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Ҳой Тир, Мен сенинг душманингман. Денгиз тўлқинлари кўтарилганидай, Мен ҳам халқларни сенга қарши кўтараман.
4 Улар Тирнинг деворларини бузиб, минораларини вайрон қилишади+. Тупроғингни сидириб олиб, сени яланғоч қояга айлантираман.
5 Сен денгиз ўртасидаги тўрлар қуритиладиган жойга айланасан”+.
“Чунки буни Мен айтдим, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. — Халқлар сени талон-торож қилишади.
6 Шаҳар ташқарисидаги қишлоқларинг аҳолиси қиличдан ўтказилади. Шунда ҳамма Мен Яҳова эканимни билиб олади”.
7 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Мана, Мен Бобил шоҳи Навуходоносорни* Тирга қарши кўтараман+. У отлиқлари+, жанг аравалари+, суворилари ва улкан лашкари бор шоҳаншоҳдир+.
8 У шаҳар ташқарисидаги қишлоқларинг аҳолисини қиличдан ўтказади. Сенга қарши қамал деворини қуриб, қиялатиб тупроқ уяди ва сенга қарши улкан қалқон кўтаради.
9 У девортешар қуроллар билан деворларингга зарба беради, болталар билан минораларингни бузади.
10 Унинг отлари шунчалик кўп бўладики, устингни чанг қоплайди. Деворлари бузилган шаҳарга бостириб киргандай, у дарвозаларингдан кирганида суворилар, ғилдираклар ва аравалар товушидан деворларинг силкиниб кетади.
11 Отларининг туёқлари барча кўчаларингни топтайди+, у одамларингни қиличдан ўтказади ва улкан устунларинг ер билан яксон бўлади.
12 Улар бойликларингни тортиб олиб, мол-мулкингни талашади+, деворларингни бузиб, ҳашаматли уйларингни вайрон қилишади. Сўнг тошларингни, ёғочларингни ва тупроғингни сувга улоқтириб ташлашади”.
13 “Шундай қиламанки, сенда қўшиқлар садоси янграмайди, арфалар таронаси бошқа эшитилмайди+.
14 Сени яланғоч қояга айлантираман. Сен тўрлар қуритиладиган жой бўласан+. Сен ҳеч қачон қайта қурилмайсан, чунки буни Мен — Яҳова айтдим”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова.
15 Олий Ҳукмдор Яҳова Тирга шундай демоқда: “Қулашингнинг шовқинидан, ўлаётган кишиларнинг инграшидан, хунрезлик содир бўлганидан ороллар ларзага келади!+
16 Жамики денгиз беклари тахтларидан тушиб, либосларию нақшли кийимларини ечишади. Уларни қўрқув босади. Тупроққа ўтириб олиб дағ-дағ титрашади, ажабланиб сенга қараб қолишади+.
17 Шунда улар сенга атаб мотам қўшиғини куйлашади+ ва шундай дейишади:
“Эй, денгизлардан келганларга макон бўлган машҳур шаҳар, сен йўқ бўлиб кетдинг-ку!+Сен ва сенда яшовчилар денгизда қудратли эдингиз+.Ер юзининг барча одамларини ваҳимага солардинг!
18 Сен қулаган кунда ороллар ларзага келади,Бутунлай вайрон бўлганингда, денгиздаги ороллар саросимага тушади”+.
19 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Сени кимсасиз шаҳарлардек вайрон қилганимда, сени жўшқин сувларга чўктирганимда, кучли сувлар сени босганида+,
20 одамларни қабрга* туширганимдек, сени ҳам аллақачон ўлиб кетган одамларнинг олдига тушираман. Шундай қиламанки, қадимда вайрон бўлиб кетган жойлар сингари, сен ҳам қабрга тушганлар билан бирга энг паст жойни макон қиласан+, токи сенда ҳеч қачон одамлар яшамасин. Одамлар яшайдиган юртни эса кўркам қиламан.
21 Мен қўққисдан бошингга кулфат келтираман ва сен бутунлай йўқ бўласан+. Улар сени излашади, лекин ҳеч қачон топа олишмайди”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».
Изоҳлар
^ Ёки «Навухадназар». Сўзма-сўз «Навухадразар», ёзилишнинг яна бир варианти.
^ Ёки «чуқурга».